Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Микрофон қаршисида хар доимгидек мен Зафарбек. Азизлар, сиз қачон охирги маротаба Худога мурожаат қилгансиз? Худо билан бирга вақт ўтказиш учун қачон вақт ажратгансиз? Биз кўпинча вақтимизни бефойда ишларга ишлатамиз шундай эмасми? Дўстлар, дугоналар, компютерни олдида ёки бўлмаса соатлаб ойинаи жахоннинг олдида кунлаб вақтимизни бекор кетказиб хатто атрофимизда содир бўлятган нарсалардан бехабар бўлиб қоламиз. Азизлар келинг бугун Яратувчимизга вақтимизни тўғри тақсимлаш учун ва кўпроқ вақтни Худога бағишлаш учун ибодат қиламиз. Ибодат қилишдан олдин келинг Ёқуб пайғамбар ибодат хақида нима дейишини ўқиб чиқамиз.
Агар орангизда бирор киши азоб-уқубат чекаётган бўлса, ибодат қилсин. Агар биров кўтаринки руҳда бўлса, ҳамду санолар ўқисин. Агар сизлардан бирор киши бемор бўлса, имонлилар жамоатининг оқсоқолларини чақирсин. Улар Раббимиз Исо номи билан дуо қилиб, беморнинг бошига ёғ суркасинлар. Имон билан қилинган дуо беморни соғайтиради, Раббимиз Ўзи уни тузатади. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради. Шундай қилиб, шифо топишингиз учун, бир-бирингиз олдида қилган гуноҳларингизга иқрор бўлинглар ва бир-бирингиз учун ибодат қилинглар. Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир.
Мана, Илёс пайғамбар ҳам бизга ўхшаш бир инсон эди. Ёмғир ёғмасин дея, у астойдил илтижо қилди ва ер юзига уч йилу олти ой ёмғир ёғмади. У яна илтижо қилгач, осмондан ёмғир ёғди ва ердан ҳосил униб чиқди. Эй биродарларим, агар сизлардан бирор киши ҳақиқат йўлидан бош тортса, уни яна ҳақиқатга қайтаришга тиришинглар. Билингларки, гуноҳкорни хато йўлдан қайтарган киши ўлимдан бир жонни қутқарган ва кўп гуноҳларни ювган бўлади.
Ёқуб пайғамбар Худога ибодат қилиш учун бизни даъват этмоқда. Биз хаётимиз ўз маромида кетмаса албатта нолашда бизга тенги бўлмайди. Ха деб омадсизлигимиз сабабчиларини бошқалардан излаймиз. Лекин, муаммоларнинг барчаси юрагимизда Худони йўқлигидадир. Азизлар, Яратувчимиз бизни ибодатга чақирмоқда. У бизга мурожаат қиляпти, бизга яқинроқ бўлишни истаяпти. Лекин афсуски Худони ўзимизга яқинлаштиришдан қочамиз. Азизлар, келинг биз хам Парвардигоримизга ибодат қилиб, унга юрагимизни очамиз.
Худойим, бизни Сен яратдинг. Бизни лойдан ясаб димоғимизга хаёт нафасини пуфлаган Сенсан. Бизни кечир Худойим. Биз Сен истагандек хаётимизни бошқара олмаяпмиз. Худойим, хаётимизни ўз севикли қўлларингга топширамиз. Бизни ўзинг истаганингдек рухан тарбиялагин. Кунимизни Сен билан бошлаб Сен билан якунлайлик. Сенинг Муқаддас Рухинг қалбимизда маскан қилсин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик фақат Сенинг муқаддас исминг ила амалга оширайлик. Бизнинг маслахатчимиз бўлгин. Хаётимиз Сеникидир, шунинг учун хаётимизни Ўзинг бошқаргин. Худойим, бизга Исо Масихни берганинг учун Сенга катта рахмат. Унинг тўкилган қони бизни харқандай гунох балосидан озод қилиб бизни Сенинг хузуринга яқинлаштирди. Худойим, шохлигинг келсин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.