Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз . Сизга маълумки, биз дастурларимиз орқали Яратувчимизга ибодат қиламиз. Бордию сизни хам Парвардигоримизга ибодат қилиш истагингиз бўлса биз билан қолиб бирга ибодат қилинг. Азизлар, ибодат қилишни бошлашдан олдин хазрати Исони қилган ибодатини ўқиб чиқсак қарши бўлмайсиз деган умиддаман. Шу гаплардан кейин Исо кўзларини осмонга тикиб, деди: «Эй Ота! Вақт-соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун Сен ҳам Ўз Ўғлингни улуғлагин. Сен Унга бутун башарият устидан ҳокимликни бердинг; Сен Унга берган одамларнинг ҳаммасига У абадий ҳаёт ато қилади. Абадий ҳаёт эса Сени – танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир. Сен Менга топширган вазифани Мен адо этиб, ер юзида Сени улуғладим. Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, Ўз ҳузурингдаги ўша улуғворликни Менга тағин ато қилгин. Сен дунёдан Менга берган одамларга Сенинг исмингни изҳор қилдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар эса Сенинг каломингга амал қилдилар. Улар энди тушуниб олдилар: Сен Менга нима берган бўлсанг, ҳаммаси Сендан экан. Менга берган каломларингни уларга топширдим. Улар эса каломларингни қабул қилиб, Мен Сенинг ҳузурингдан чиққанлигимни чинакамига тушундилар, Мени Сен юборганингга ишондилар.
Мен улар учун сўрайман; дунё учун эмас, балки Менга берганларинг учун сўрайман. Чунки улар Сеникидир. Зотан Меники бўлган ҳамма – Сеники, Сеники эса – Меникидир. Шу тариқа Менинг улуғворлигим улар орқали зоҳир бўлади. Бундан сўнг Мен бу дунёда бўлмайман, Сенинг ҳузурингга қайтяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга кимни берган бўлсанг, Ўз номинг билан асраб қолгин, токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар. Мен улар билан бўлганимда, Сенинг номинг билан уларни асрар эдим. Ҳа, Менга берган одамларнинг ҳаммасини омон сақладим. Фақат оят бажо бўлсин деб, пешанасига ҳалокат ёзилган одамдан бошқа улардан ҳеч ким ҳалок бўлмади. Энди эса Сенинг олдингга борай деб турибман. Менинг шодлигим уларга ўтиб дилларини бутунлай тўлдирсин, деб буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман. Мен уларга Сенинг каломингни топширдим. Дунё эса улардан нафратланди. Чунки Мен дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам дунёдан эмаслар. Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг – ҳақиқатдир. Сен Мени дунёга юборган эдинг, Мен ҳам уларни дунёга юбордим. Улар ҳақиқий муқаддас бўлсин деб, Мен Ўзимни улар учун бағишлайман. Мен фақат улар учунгина сўрамайман, балки уларнинг гапи бўйича Менга имон келтирадиганлар учун ҳам сўрайман: Ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда ҳозир бўлганимизга ўхшаб, улар ҳам Бизда ҳозир бўлиб, бир бўлишсин. Шу тариқа дунё Мени Сен юборганингга инонсин. Менга ато қилган улуғворлигингни уларга бердим, токи биз бир бўлганимиздек, улар ҳам бир бўлишсин. Сен Менда, Мен эса уларда ҳозир бўлиб, мукаммал бирликка эришсинлар. Натижада, дунё Мени Сен юборганингни тан олсин, Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё билсин. Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворликни улар ҳам кўриб турсин, дунёни яратмасдан аввалоқ Сен Мени қандай севганингни улар билсин. Эй одил Ота! Дунё Сени билмаса ҳам, Мен Сени биламан. Булар ҳам Мени Сен юборганингни билиб олдилар. Сенинг номингни уларга билдирганман ва янада билдираман. Менга боғлаган муҳаббатинг улардан ўрин олсин, Мен ҳам улардан ўрин олайин».