Ассалому алайкум азизлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Менинг исмим Зафарбек. Бугун мен бизга ажратилган вақт давомида сиз билан бирга бўлиб яратувчимизга ибодат қиламиз ва Муқаддас каломдан бир оятни ўқиб чиқамиз. Азизлар, бугунги ибодатимизни бошлашдан олдин мен сизга Муқаддас Каломдаги баъзи оятларни ўқиб бермоқчиман. Ушбу оятлар барчаси айнан Худога бўлган ибодат ҳақида. Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш кераклиги ҳақида масал айтиб берди: «Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан. Ўша шаҳарда бир тул аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига доим келиб: – Мени рақибимдан ҳимоя қилинг, – деб ўтиниб юрибди. Қози анча вақтгача эътибор бермас экан. Охирида у ўзи-ўзига: – Мен Худодан қўрқмайман, одамдан ҳам уялмайман. Бироқ майли, бу тул аёл менга тинчлик бермаётгани учун, уни ҳимоя қила қолай. Бўлмаса у келавериб, жонимдан безор қилади, – дебди. Эшитяпсизми, инсофсиз қози нима дебди, – давом этди Раббимиз Исо. – Наҳотки Худо Ўзига кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса, наҳотки уларни кўп куттириб қўйса? Сизларга айтаманки, уларни кўп ўтмай ҳимоя қилади. Бироқ Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон топармикин?»
Ўзининг тақводорлигини пеш қилиб, бошқаларни эса камситиб юрган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди:
«Бири фарзий, бошқаси солиқчи бўлган икки киши ибодат қилиш учун маъбадга кирибдилар. Фарзий алоҳида туриб, ўзича шундай ибодат қилибди:
– Ё Худо! Мен бошқа одамлардай талончи, жиноятчи, зиногар ва ҳатто шу солиқчи сингари бўлмаганим учун Сенга шукр айтаман. Ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр учун ажратаман.
Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто кўзларини осмонга қаратишга ҳам ботина олмай, кўкрагига урганича:
– Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил! – дебди.
Сизга айтаманки, бу одам боягидан кўра оқланиб уйига қайтибди. Чунки ўзини юқори олган ҳар бир киши пасайтирилади, ўзини паст олган эса юксалтирилади».
Азиз дўстим, келинг биз хам биргалашиб қўлимизни очиб азиз Парвардигоримизга ибодат қилайлик. Раббим, бизни кечир, Сен Муқаддасга қарши қилган гунохларимизни ўзинг кечиргин. Худойим, биз кўп гунох қиламиз. Гунохларимиз кўплигидан хатто улар учун кечирим сўрашни хам унутиб қўямиз. Худойим, биз гунох қилсак демак биз Сенга ва Сенинг муқаддас Исмингга қарши гунох қилган бўламиз. Бу қандай қўрқинчли Раббим! Худойим, биз хам Муқаддас рухингга тўлишни истаймиз. Биз хам Сенга хаётимизни бағишлашни ва хаётимиз давомида Сенга хизмат қилишни истаймиз. Худойим, биз хам Сен билан бирга бўлишни истаймиз. Қаерда бўлмайлик нималар қилмайлик барча ишларни Сени улуғлаш учун қилайлик Отажон. Севикли бандаларинг учун қилган бебахо қурбонлигингни бутун олам билиб тан олсин. Осмон шохлигингни ерда ўрнатиш режангни амалга оширишда бизни хам ишлатгин, биз хам дангасалигимизни, қўрқувларимизни, уялишларимизни четда қолдириб хочимизни олиб Сенга эргашайлик. Азиз Отажон, бизни шундай фарзанд қилиб тарбиялагинки одамлар бизни кўриб Сенинг исмингни улуғлашсин. Худойим, Сенинг шохлигинг келсин! Сенинг беқиёс севгинг ва мухаббатинг бутун оламга ёйилсин. Бутун оламдаги одамлар юракларига кириб маскан қилсин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик азиз Отажон. Омин!