3:46

Хазрати Ёқубнинг ибодати

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Менинг исмим Зафарбек. Бугун хам хар дойимгидек Муқаддас Каломдан оят ўқиб Яратувчимизга ибодат қиламиз. Азизлар, бугун биз Ёқуб пайғамбарнинг қилган ибодатини ўқиймиз.

Ёқуб ибодат қилиб деди: «Ё Худоё Худовандо, бобом Иброҳимнинг ва отам Исҳоқнинг Худоси! Сен менга: „Она юртингга, ўз қавм-уруғларингга қайтгин ва Мен сенга эҳсон қиламан”, – деб айтган эдинг. Бандангга кўрсатган бутун меҳр-шафқатингга ва садоқатингга мен сазовор эмасман. Мен-ку, таёғим билангина ушбу Ўрдун дарёсидан ўтган эдим, энди мана, икки манзилнинг эгаси бўлдим. Марҳамат қилиб, мени акам Эсовнинг қўлидан қутқазгин! Мен ундан жуда қўрқаман, мабодо у келиб мени, фарзандларим билан оналарини қириб ташламасин. Сен менга дегансанки: „Мен сенга эҳсон қиламан, сенинг зурриётингни денгиз қумидек кўпайтириб юбораман, кўплигидан уни санаб бўлмайди”».

Ёқуб ўша кеча у жойда тунади. Ўзида бор нарсаларнинг ҳаммасидан акаси Эсовга совға учун ажратди: икки юз бош эчки, йигирма бош така, икки юз бош совлиқ қўй, йигирма бош қўчқор, ўттиз бош соғин туя билан бўталоқлари, қирқ бош сигир билан ўн бош новвос, йигирмата урғочи эшак ва ўнта ҳанги эшак. Ҳар бир подани алоҳида-алоҳида қулларига топшириб, уларга: «Менинг олдимдан ўтиб бораверинглар ва пода билан пода орасида белгили масофа қолдиринглар», – деди. Яна улардан биринчисига махсус амр бериб: «Акам Эсов сен билан учрашиб қолганда: „Кимникисан? Қаерга боряпсан? Олдингдаги бу пода кимники?” – деб сўраб қолса, унда дегинки: „Бандангиз Ёқубникидир, жанобим Эсовга Ёқубнинг юборган ҳадясидир. Мана, унинг ўзи ҳам бизнинг кетимиздан келаётир”».

Ёқуб иккинчисига ҳам, учинчисига ҳам, подаларни ҳайдаб кетаётганларнинг ҳаммасига ҳам буюриб: «Эсов билан учрашиб қолганингизда, унга худди шундай деб айтинглар. Айниқса: „Бандангиз Ёқуб орқамиздан келаётир”, – деб таъкидлаб айтинглар», – деди.

Ёқуб: «Ўзимдан олдин бораётган ҳадялар билан уни тинчитаман, ундан кейин у билан юзма-юз кўришамиз, балки мендан юз ўгирмас», – деб ўйлар эди. Шундай қилиб, Ёқуб ҳадяларни ўзидан олдин юборди. Ўзи эса ўша кеча яна манзилида тунади.

Мана азизлар, бу Ёқубнинг қилган ибодати эди. Келинг биз хам қўлимизни очиб Раббимиз Худовандга ибодат қиламиз. Осмондаги Отажон, бизни севганинг учун Сенга катта рахмат. Бизни севиб хазрати Исонинг қони билан бизни гунохдан тозалаб ташлаганинг учун Сендан миннатдормиз. Худойим, биз хам Сенга хизмат қилишни истаймиз. Биз хам Осмон Шохлигингни ерда ўрнатишда иштирок этишни истаймиз. Азиз Отажон, бизни Муқаддас Рухинг билан қувватлантир. Одамларга Сен хақингда сўзлайлик, Сенинг чексиз мухаббатингни уларга хам билдирайлик. Худойим, ойиламизни ўзинг баракалагин, хар қандай қийинчиликдан ўтиш учун бизни иймонда махкам қилгин. Худойим биз фақат Сенга хизмат қилишни истаймиз, фақат Сенга сажда қилишни истаймиз. Қаерда бўлмайлик,нима қилмайлик, барча ишларимиз фақат Сени улуғлаш учун қилинсин Отажон. Парвардигорим, мамлакатимизни ва халқимизни ўзинг асрагин, уни мархаматлаб ўзинг дуо қилгин. Худойим, қанийди кўпчилик Сенинг мухаббатингни ўз юрагида хис эта олганида эди!? Худойим, Сен буюксан! Сендан бошқа илох йўқдир! Сенинг Муқаддас Сўзинг тилимиздан тушмасин! Сенинг муқаддас номинг ила ибодати қилдик. Омин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top