3:33

Худо билан яшаш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида мен Зафарбек. Азизлар, сизга маълумки, дастурларимиз Худо билан бўлган муносабатларга қаратилган. Дастурларимиз орқали биз кўпинча Муқаддас Каломлардан оятлар ўқиб қўлимизни очиб Парвардигоримизга ибодат қиламиз. Дастурни бошлашдан олдин мен сизга бир савол бермоқчиман. Дўстлар, сиз Худога охирги маротаба қачон мурожаат қилгансиз? Ушбу саволни беришимдан мақсад, агар биз бахтли ва маънога тўла хаёт кечирмоқчи бўлсак унда аввалом бор Худо билан бўлган муносабатларни яхшилашимиз керак. Келинг бугун Худойимиз юборган Муқаддас Каломдан баъзи оятларни мисол сифатида ишлатсак.

Масиҳ биз учун жисман азоб чекиб, ўлди. Сизлар бундан ўрнак олинглар.

Чунки жисман азоб чеккан киши бошқа гуноҳ қилишни бас қилади. Энди бу баданда яшаш учун қолган вақтингизни бошқа одамлардай нафсингизни ўйлаб эмас, балки Худонинг иродасини ўйлаб ўтказинглар. Сизлар ўтмишда мажусийларга ёқиб яшаганлигингиз энди етар. Ўша вақтларда фисқ-фужур, шаҳватпарастлик, сархушлик, айш-ишратлар, кайф-сафолар ҳамда бутпарастлик разолати билан кун кечиргансизлар. Энди эса улар каби юрмаяпсизлар, уларнинг шалоқликлари селига ўзларингизни ташламаяпсизлар. Мажусийлар бундан ҳайрон бўлиб, сизларни ёмонламоқдалар. Улар тиригу ўликларни ҳукм этишга тайёр бўлган Худога ҳисоб берадилар. Ўликларга келсак, улар ҳамма одамзод қатори ўлиб, баданлари жазоланди. Аммо уларнинг руҳи Худога мувофиқ яшасин деб, Инжил Хушхабари ўликларга ҳам етказилди. Энди борлиқ мавжудот охирлаб қолди. Шунинг учун ақл билан иш тутинглар, ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар.  

Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади. Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар. Худо сизларга ҳар турли қобилият берган. Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар, Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилувчилар каби кун кечиринглар.  Ким сўзласа, Худонинг сўзлари қилиб айтсин. Ким хизмат қилса, Худо берган куч билан хизмат қилсин. Шундай қилиб, Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир иш ва сўзда улуғлансин. Абадий улуғворлик ва салтанат Уникидир. Омин.

Азизлар, хазрати Исонинг ўн икки шогирдидан бири Бутрус ушбу оятларда қандай қилиб Худо билан яшаш ҳақида сўзлайди. Азизлар, келинг биз хам қўлимизни очиб Яратувчимизга ибодат қиламиз. Худойим, Парвардигорим, бизни севганинг учун Сенга миннатдорчилигимизни билдирамиз. Худойим, Сен нақадар ажойибсан! Фақат Сен бизни шайтоннинг алдовларидан озод қила оласан, фақат Сен бизга Ўз мухаббатингни намойиш этдинг. Худойим, бизга абадий хаётни бериб, гунох кишанларидан бизни озод қилганинг учун номингни улуғлайман. Худойим, бизни ўзинг мархаматлагин, бизни хам Ўз Муқаддас Рухинг билан кувватлантиргин. Худойим, Сен бизни хеч қачон тарк этмайман дегансан. Отажон, бизни хам шундай қилиб тарбиялагинки, биз хам Сендан хеч қачон юз ўгирмайлик. Сен учун хаётимизни хам беришга таёр бўлайлик азиз Отажон. Худойим, биз ношукурлар абадий хаёт кечирсин деб Ўзинга энг буюк зот хазрати Исони қурбон қилдинг. Сенинг мухаббатинг чексиздир, донолигингни чегараси йўқдир. Бутун оламнинг хукмдори ва яратувчиси Сенсан Худойим. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top