Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида дойимгидек мен Зафарбек. Азизлар, сизга маълумки ушбу дастур мобайнида биз бирга Муқаддас Каломдан баъзи оятларни ўқиб қолган вақтимизни эса ибодатга бағишлаймиз. Келинг хозирни ўзидаёқ Каломга назар ташлаб у ердаги Юханно баён этган биринчи мактубида бир оз тўхталиб ўтамиз.
Бошда сизлар Масиҳдан эшитган васият шу: бир-биримизни севайлик! Ўз укасини қатл қилган иблис зоти Қобилга ўхшамайлик. Қобил укасини нима учун ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабиҳ, укасининг ишлари эса солиҳ эди.
Эй биродарларим, агар дунё сиздан нафратланаётган бўлса, ҳайратланманглар. Биз ўлим ҳолатидан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биз биродарларимизни севамиз. Кимки биродарини севмаса, ўлим ҳолатида қолади. Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил эса абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар. Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз муҳаббатни билдик. Биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни беришга бурчлимиз. Агар бирор киши фаровон ҳаёт кечираётган бўлса-ю, биродарини муҳтожлик ҳолатида кўриб туриб, кўнглини тош қилса, қандай қилиб у одамда Худонинг севгиси жой олади?
Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим. Шу тариқа биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз ва Худо олдида кўнглимиз хотиржам бўлади. Агарда кўнглимиз бизни айбласа, Худо кўнглимиздан улуғ эканини биламиз. Чунки У ҳамма нарсани аниқ билади.
Эй маҳбубларим, агар виждонимиз бизни қийнамаса, Худо олдида дадил бўламиз ва Ундан нимаики сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажо келтириб, Унга мақбул бўлган ишларни қилаётирмиз. Илоҳий амр – Худонинг Ўғли Исо Масиҳга ишонишдан ва худди Исо Масиҳ буюрганидек, бир-биримизни севишдан иборат. Ким Худонинг амрларини бажо келтирса, у Худо билан бир тан, Худо ҳам у билан бир тан бўлади. Худо вужудимизда яшаётганини шундан биламизки, У бизга Ўз Руҳини берди. Азизлар, келинг биз хам қўлимизни очиб Парвардигоримизга ибодат қилиб унга миннатдорчилигимизни билдирамиз. Худойим, азиз Парвардигорим, бизга абадий хаётни берганинг учун ва бизни юқорига кўтарганинг учун Сенга катта миннатдорчилик билдирамиз. Худойим, Сенинг олдингда кўнглимиз хотиржам бўлишини истаймиз. Биз хам бир биримизни севишни истаймиз. Сенинг муқаддас кўзларинг олдида қотил бўлишни хеч истамаймиз. Аксинча, бизни шундай қилиб тарбиялагинги, Сен биздан мамнун бўлиб биз билан фахрлангин Отажон. Биз хам бир сўз ёки тил билангина эмас, баълки амалда ва ҳақиқатда севишни истаймиз. Бир биримизга шундай севгини намойиш этайликки кўрган одамлар чиндан хам Сенинг чексиз мухаббатингни ўз юракларида хис этишсин. Отажон, бизни кечир, биз нодонлар Сенинг муқаддас номинга доғ солишни истамаймиз. Аксинча, Сенинг муқаддас номинг хаётимизда биринчи ўринни эгалласин. Худойим, Сен бизга бўлган мухаббатингни аллақачон исботлаб бердинг. Сен Ўзинга бебахо бўлган зот хазрати Исо Масихни гунохларимиз учун қурбон қилдинг. Худойим, биз хам шундай хаёт кечирайликки, хазрати Исонинг тўккан қонига бошидан кечирган азоб-укубатларига арзийдиган хаёт кечирайлик. Худойим, бизга севишни ўргат, тош бағирлик қилмасдан бир биримиз билан севгида яшайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин!. Азиз дўстим, сиз билан хайирлашар эканман, сизга тинчлик тотувлик ва энг мухими, Худо билан яхши муносабатда бўлишингизни тилаб қоламан. Хайир азизлар, саломат бўлинг.