MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар. Қадимдан меҳмон – отангдан улуғ деган гап бор. Бу мақол тагида меҳмонни қадрлаш, ҳурмат қилиш маънолари бор. Ҳар қандай шарқ ёки ғарб кишиси бўлсин, меҳмонни ўз урф-одатларига кўра ҳурмат қилади ва қадрлайди. Аммо ҳар бир миллат ва элат уйига келган меҳмонни албатта яхши кутиб олади. Бугунги суҳбатимиз меҳмон кутиш ҳақида экан, шу суҳбатимизда Инжилдан бир оят ўқисак. 1 Бутрус 4 боб 9 оятда: “Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар”, — деб ёзилган. Шу оятнинг тепасида эса, “Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади.”, деб ёзилган. Агар биз бир-биримизни севмасак, меҳмондўстлик ҳам қилолмаймиз. Чунки уйимизга келган меҳмонларни улар ким бўлишидан қатъий назар, биродарларимизми, нотаниш кишиларми, уларни меҳмон қилиб, севгимизни кўрсатишимиз керак. Чунки уйингизга келган меҳмонни севмасангиз, хурсандчилик билан меҳмон кутолмайсиз. Шунинг учун ҳам ҳаворий Павлус, ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар дейишдан олдин, бир-биримизни севиш ҳақида айтган. Энди эса кейинги оятга қарасак. “Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар” деган оятдан кейин, “Худо сизларга турли қобилият берган. Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар, Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилувчилар каби кун кечиринглар. Ким сўзласа, Худонинг сўзлари қилиб айтсин. Ким хизмат қилса, Худо берган куч билан хизмат қилсин. Шундай қилиб, Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир иш ва сўзда улуғлансин.”

Меҳмондўстлик қилиш – бу жумла ва бу ишнинг тагида анча мунча ҳаракатлар ва ниятлар ётади. Умуман бизнинг дунёга келишимиздан мақсад, яшашимиздан мақсад Худони улуғлаш. Шундай экан ҳар бир қиладиган ишимиз мақсади ҳам Худони улуғлаш бўлиши керак. Меҳмон кутмоқчимисиз, асосий мақсад, меҳмонларнинг кўнглини овлаш, бирор бир ишингизни битириш эмас, Худони улуғлаш бўлсин. Агар ҳар бир ишда мақсад ва ният соф бўлса, Худонинг баракасини кўрасиз. Ҳар бир киши меҳмон кутганда Худо берган қобилиятини ишга солиб, меҳмон кутсин. Кимдадир меҳмонларнинг кўнглини кўтариш қобилияти , кимдадир ошпазлик қобилияти, кимдадир яна бошқа қобилиятлар бор. Ҳар ким ана шу қобилиятларини ишга солсин. Худо берган қобилиятни Худонинг йўлида ишлатиб, меҳмонларга хизмат қилсин. Уйингизга келган меҳмонларга сўзлар экансиз, имкон қадар уларнинг юракларига етиб борадиган қилиб сўзланг. Ҳар бир сўзингизда Худонинг сўзларини ишлатинг. Уйингизга келган меҳмон у ерда Худонинг нурини кўрсин. Меҳмон сиздаги ва ҳонадонингиздаги нурдан баҳраманд бўлсин. Худонинг дилингизга солган сўзлари билан меҳмоннинг кўнглини кўтаринг. Худонинг каломлари орқали унинг ҳаётидаги ечилмай ётган муаммоларга ечим топилади. Унга хизмат қилар экансиз, Раббингизга хизмат қилгандай хизмат қилинг. Худо сизга хизмат қила олишингизга куч – қувват бергани учун шукур қилиб, бажонидил хизмат қилинг. Шу хизматларингиз орқали Худони улуғлашни ўйланг. Сизнинг ҳар бир ишингизда Худован улуғлансин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top