3:48

Маблағ ва оила

MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Бугун сизлар билан ҳар бир эр-хотин, ҳар бир оила учун муҳим ва муаммоли бўлган мавзу ҳақида суҳбатлашамиз. Пулга ўчлик ҳамма ёвузликларнинг асоси бўлиши мумкин, бироқ пулни нотўғри ишлатиш эса ҳаётий муаммоларнинг бошланиши бўлиши аниқ. Бу ҳақиқат оилали ҳам, бўйдоққа ҳам бирдек тегишли. Бугунги кунда кўпчилик ёшлар атрофда кўзни қамаштирадиган нарсаларнинг кўплигидан ўзларига керакмас нарсаларни ҳам, шунчаки кўзларига чиройли кўрингани ва ёқтириб қолганлари учунгина сотиб олишга муккасидан кетмоқдалар. Ҳаётини янада гўзаллаштириш, қулайлаштириш ниятида унчалик ёки мутлақо кераксиз бўлган бироқ, маблағига салбий таъсир етказадиган нарсаларни сотиб олишни хоҳлайдилар. Ёш оилалар, бир неча йил бирга яшаб қўйган оилалар ҳам замоннинг зайлига қараб кредитларга учяптилар. Кредитга маиший жиҳозлар, квартира ва ҳокозоларни таклиф қилаётган банк, магазинлар кишиларга ўз хизматларини таклиф этиб, уларни ўзларига ром этмоқдалар.

Кредитнинг хоҳлаган нарсаларини ҳозир сотиб олиб, пулини кейинроқ, аста – секин тўлаш имконияти улар учун энг маъқул бўлиб кўринаяпти. Ҳар ойда оз-оздан тўлаб бориш, унчалик қийин эмас, деб ўйлайдилар. Бироқ оилада кредит тўлашдан ҳам бошқа тўловлар бор. Ойлик газ, сув, ахлат, электр, уй-жой солиғи каби тўловлар шундоқ ҳам ҳар бир оилага ортиқча маблағ сарфлашига сабаб бўлади. Шу тўловларнинг ўзиёқ катта суммани ҳосил қилади. Унинг устига кредит қўшилса, яна оиланинг бошқа эҳтиёжлари, кундалик ҳаражатлар ва бошқа маблағ талаб қиладиган ҳолатлар оилани толиқтириб қўяди. Ой охирига келиб, ҳамма тўловлардан қутулиш пайтида бу ёш оилага оғирлик қилади. Айнан пул туфайли келиб чиққан муаммолар эр-хотин ўртасида жиддий жанжал бўлишига сабаб бўлади. Моддий танглик қандай пайдо бўлади?

Ортиқча нарса ҳарид қилиш. Бу ҳолатни кичик нарсаларни ҳарид қилишда ҳам катта нарсаларни ҳарид қилишда ҳам кўриш мумкин. Масалан аёл бозорга чиқиб керакли нарсаларни ҳарид қилди. Бироз пул ошиб қолди. Ошган пулга ўзига ёққан нарсани ҳарид қилади. Унинг айнан ҳозир керак ёки керакмаслиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Ахир пул ошиб қолди-да! Бу аёлларга тегишли бир мисол. Эркаклар нима қиладилар. Улар кўпроқ нимага қизиқади? Техник нарсаларга. Агар машинаси бўлса, машинаси учун бирор чиройлироқ нарса сотиб олгиси келади. Машинада магнитафон бўлса ҳам, чиройли, замонавий магнитафон сотиб олади. Аввалги эски магнитафонни эса бирор дўстига совға қилиб юборади. Янги магнитафон унга қанчага тушишини биласизми? 200 ёки 300 долларга. Бу жуда катта пул.

Бироқ ўша чиройли ва баланд овоз чиқарадиган магнитафонни олиш истаги олдида бу пул арзимас бўлиб туюлади. Унинг устига пулини аста-секин тўлаш имконияти берилса. Агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, аста-секин бўлса ҳам охири ўша пулни тўлашга мажбур. Эски магнитафон билан ҳам яхшигина юрса бўларди, шунда ишлаб топиладиган 200-300 доллар пул фойдага қоларди. Оиланинг бошқа кам-кўстига ишлатиш мумкин бўларди. Бироқ янги нарса олиш истаги олдида бошқа нарсалар кўзга кўринмайди.

Моддий етишмовчилик бўлган пайтда танқидий руҳнинг пайдо бўлиши. Бу ҳолат кўпроқ аёлларда кузатилади. Моддий етишмовчилик аёлга босим ўтказиб турган бир пайтда эрининг ҳар бир ҳаракати унга ёқимсиз бўлиб туюлади. Шу сабаб ҳам эрининг ҳар бир ҳаракати ва сўзидан айб топиб, унинг жиғига тегади.

Ёлғон гапириш. Пул муаммоси бўлган пайтларда эр-хотин бир-биридан пул яширишга ўтишади. Шу йўл билан ўзларининг мухтожликларини қондирмоқчи бўладилар. Бу мавзумизни кейинги сафар давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top