Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Бугунги суҳбатимиз мавзуси сизни қизиқтириб қўйгани аниқ. Ҳаёт эканмиз яшашимиз учун пул зарур. Пул бизнинг ҳаётимизда Худо режасининг бир қисми. Пулнинг ўзи ёмон эмас, фақат пулга ўчлик ва уни нотўғри ишлатишгина бизни ҳалокатга йўлиқтиради. Муқаддас Каломда пулга қандай муносабатда бўлиш ҳақида анчагина йўл-йўриқлар бор. Шунинг учун ҳам Масиҳийча ҳаётимизда пулни қандай ишлатиш ва унга қандай муносабатда бўлиш ҳақида бир тўхтамга келишимиз лозим. Биз ҳар бир ёш оилага пулларини нималарга сарфлаётганига эътибор беришларини маслаҳат берамиз. Оилавий бюджетнинг мақсади кирим чиқимларни назорат қилиш ва ортиқча ҳаражатларнинг олдини олишдир. Бюджетни исроф қилманг. Агар аллақачон қарз бўлиб қолган бўлсангиз кўпроқ кирим бўлиши ва қарзларингизни тўлашга имкон топиш учун ёрдам керак бўлади.
Маталлар 16:9 оятда шундай ёзилган: «Одам юрагида ният қилади, Эгамиз эса унинг йўлини мустаҳкамлайди.”
Қарзлардан қутулиш учун биринчи ўринда яхши бюджет тузишдир. Сиз то Худо айтганидай киримлардан ушр ажратиб, Худони ҳурмат қилмагунингизча бюджетингизни режалаштиролмайсиз. Бундай ҳолатда Худодан режангизни бошқаришини ҳам кутманг. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Ушрларингизни менинг уйимга олиб келинг, токи Менинг уйимда ҳам егулик бўлсин ва шу билан Мени синаб кўринг. Шундай қилиб кўрингчи, мен сизларга осмон қопқаларини очиб баракат ёғдирмасмиканман. Шундай баракат ёғдирай-ки, сиғдиришга жой тополмай қоласиз.” Мана сизга Муқаддас Каломда ёзилган Худонинг ваъдаси. Энди бу ваъдани айланиб ўтиб кетолмайсиз.
Худо ушрларнинг ҳаммасини бериб, Уни синаб кўришимизни айтяпти. Пулимиз кам бироқ муҳтожликларимиз кўп бўлган бир пайтда бу ваъдага ишониш қийин. Бироқ ёдингизда бўлсин, Худованд ҳаётда имконсиз бўлган нарсаларга ҳам имкон топади. У сизни Уни синаб кўришга чақиряпти. Мен сизларга ҳаётимиздан бир воқеани айтиб берай. Бу ушр беришга таалуқли ҳикоя эмас, бироқ Худонинг қудратли ва меҳрибон эканига далил бўла олади. Бундан 9 йил олдин эр-хотин иккаламиз ишсиз қолдик. Бир фарзандимиз бор эди. У ҳали кичкина уйда овқат ёки пул йўқлигини тушунадиган ёшда эмасди. Қорни очганда овқат сўрарди ҳолос. Бизнинг ишсизлигимиз саккиз ой давом этди. Бироқ ҳар куни Худованд ейишимиз учун бирор нарса етказиб турди. Деярли ҳар куни бир қўшнимиз фарзандимизга атаб бир коса иссиқ овқат олиб чиқарди. Жуда қийналиб, энди нима қиламиз деб турганимизда бир биродар эр-хотинлар бир халта нарсалар олиб келиб қолди.
Уни тежаб-тергаб ишлатиб бўлганимизда, қариндошлардан бири уйига таклиф қилиб қолди. У ердан яна тўлиб тошиб келдик. Ўшанда улар марака ўтказган, маракадан қолган махсулотларни исроф қилишни истамаган эди. Шу аҳволда саккиз ой яшадик. Охири тўққизинчи ойда Худованд аста-секин иккимизга ҳам иш берди. Бу вақт давомида Худонинг қудратини кўрдик. Худованд ҳеч қачон берган ваъдасини унутмайди. Эски Аҳдда киримдан ўндан бирини бериш ҳақида айтилган. Янги Аҳдда эса ким қанча берса ҳам рози бўлиб берсин деб ёзилган. Чунки Худованд рози бўлиб берувчини севади. Агар имонли киши шуни билиб туриб ҳам Худога ушр бермаса, у Худодан ўмараётган бўлади. Суҳбатимиз охирида қуйидаги оятни эътиборингизга ҳавола этамиз: «Шуни унутмангки, қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади. Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Худо рози бўлиб берувчини севади.”