3:30

Оилада ибодатнинг роли

MP3

Ассалому алайкум. Ибодат кишига ором берадиган, қалбини ҳотиржамликка тўлдирадиган, қалбидаги оғирликларни Худога тўкиб солишига ва қалбини яна Худонинг тинчлиги, марҳамати билан тўлдиришга имкон берадиган нарса. Оилада ибодатнинг роли қандай? Сиз уйнинг қандай қурилишини биласиз. Аввал пойдевор қуйилади, сўнгра устига ғишт терилиб, уйнинг деворлари кўтарилади, энг охирида эса уйнинг томи ёпилади. Хўш нима учун уйнинг тепасига том ёпилади? Уйни, ичидагиларни қор, ёмғир, дўл ва бошқа нарсалардан ҳимоя қилиш учун. Ибодат ҳам шундай худди уйнинг томига ўхшаш. Бизнинг оиламиз учун, фарзандларимиз учун қилган ибодатимиз уларни ҳимоя қилади. Бизнинг ибодатимиз худди қалқондай, фарзандларимизни душмандан, бахтсизликлардан ҳимоя қилади.

Ҳаётимизнинг шундай осудалиги ёки бўлмаса, қилаётган хизматларимиз баъзиларнинг ибодати натижасидир. Биз фарзанд ўстираяпмиз. Уларнинг имонли ва Худога хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишишига жавобгармиз. Уларнинг келажакда қандай инсон бўлиб етишишлари ва Худога қандай хизмат қилишлари бизнинг хозирги қиладиган ибодатимизга боғлиқ. Ҳар бир фарзанд ўзи учун кучли ибодат қиладиган она ва отаси бўлишини истайди. Ибодат ота-оналарнинг фарзандларини тарбиялаш жараёнида қилган хатоларини тўғрилаб қўймайди, бироқ у Худонинг қудрати билан фарзандлар ҳаётини мўъжизавий тарзда ўзгартириш қудратига эга. Фарзандлар ёшлигида уларни қаттиқ ёки юмшоқ гап билан бўйсундиришимиз мумкин. Улар ўсмир ёшга етганда эса, ўзлари билганча иш қиладиган бўладилар.

Будай пайтда улар бизнинг ваъзларимизни эшитишни хоҳламайдилар. Бизнинг тинимсиз ваъзларимиз, насиҳатларимиз уларни чарчатади. Тинимсиз насиҳат-у, ваъзлар уларни Худога яқинлаштириш ўрнига узоқлаштириши мумкин. Агар сизда ҳам шундай муаммо бўлса, ёки ўсиб келаётган фарзандларингиз бўлса, насиҳат ва ваъз қилиш ўрнига улар учун қаттиқ ибодат қилинг. Бизнинг ибодатларимиз орқали Муқаддас Руҳ фарзандларимизга ёрдам берди. Муқаддас Руҳ уларнинг ўй-ҳаёлларини саралашга, ўзларини Худога бағишлашга ва яхши-ёмонни англашга ёрдам беради. Муқаддас Каломда шундай сўзлар бор: «Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган, танбеҳ қамчиси уни ажратиб юборади”. Бугунги кунда қайсарлик руҳи атрофимизни ўраб олгандек, гўё. Фарзандини тарбиялаш жараёни хато қилган ота-она нима қилиши керак? Бу саволга ибодат энг яхши жавоб.

Муқаддас Руҳга тўлган ота-онанинг ибодатининг таъсири катта бўлади. Фарзандлар кичиклигида, Худо ҳақида тушунтириш, Муқаддас Каломга оид сўзларни улар мос қилиб айтиб бериш ва баъзи маъноси чуқур нарсаларни англатиш қийин бўлади. Фарзандлар катта бўлганида эса, ёшлигида ўрганганларини ўз ҳаётларида синаб кўра бошлайдилар. Бундай ёшда боланинг ичидаги эски табиати ҳам хуруж қила бошлайди. Айнан ўша дамда ота-она хушёр бўлиши ва фарзандига ибодат билан бирга меҳр кўрсатиши, насиҳат қилиши зарур. Албатта бу ёшда фарзанднинг насиҳатларга жавоби ижобий бўлмаслиги мумкин. Ота-онанинг кучли ибодати фарзанднинг тўғри йўлни топиб олишига сабаб бўлади. Бундай пайтда фарзандни камситмаган ҳолда, самимий ва яқиндан суҳбатлашиш лозим. Унга энди ёш боладек қараш керак эмас. Бундай пайтда ўсмирлар ўзларини катта одам деб ўйлайдилар. Худо ибодатларимизга жавоб беради. У бизни ўзгармас севгиси билан севади. У бизнинг ибодатимизни оиламиздаги бирор бир аъзонинг ҳаётини марҳаматлаш учун ишлатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top