4:45

Ранглар фалсафаси

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Ранглар бизнинг хаётимизни жўшқинроқ ва чиройлироқ бўлишига ёрдам беради. Хар бир кишининг ўзи ёқтирган ранглари бор. Баъзан киши қандай рангларни ёқтиришига қараб унинг табиатнини айтиб бериш мумкин. Қадимдан кишилар хаётида ранглар алохида ўрин тутган. Хусусан қадимги суратларда дунёнинг тўрт томони: шимол – оқ, жануб – жигарранг, шарқ – сариқ, ғарб – мовий сингари ранглар билан берилган. Йил фасллари: бахор – оқ – пушти – яшил ранглар билан, ёз – тўқ яшил, куз – яшил пушти – тилларанг, қиш – оқ ранглар билан белгиланган. Тарихий археологик манбаларда кўрсатилишича, кўпгина халқларда ой, кун ва умуман турли вақтлар ўзига хос ранглар билан ифодаланади. Аммо мавхум тушунчаларни белгилашда дунёдаги барча халқлар ранг хусусиятига мурожаат қиладилар. Масалан, оқ – тинчлик ва осойишталик, кўк – бирлашишга даъват, қизил – севги мухаббат ранглари бўлган. Будда динига эътиқод қилувчиларда пушти, насронийларда қора, мусулмонларда оқ ранглардаги либослар кийиш одат бўлган.

Дин ахбоблари учун хам махсус рангдаги кийимлар танланган. Рухшуносларнинг фикрича ранглар кишиларга турлича таъсир қилади: сариқ ранг осойишталик бахш этса, яшил ранг илхомлантиради, қизил ранг хаяжонга солади, қора ранг ғазаблантиради. Кишининг ахлоқи ва характери хам турли ранглар билан белгиланади. Масалан оқ рангни яхши кўриш софлик, очиқлик, бокиралик, яшилни ёқтириш эса ёшлик, ғўрлик, қизил ранга мойиллик эса айёрлик, қатъийлик сингари белгиларни ифодалайди. Рассомлар турли ранглар орқали ёш хусусиятларини хам ифодалайдилар. Севги мухаббат, жўшқин ёшлик мовий, яшил, тўқ қизил ва қизил ранглар билан, кексалик жигарранг, кўк ва кулранг бўёқлар билан ифодаланади. Либослар ранги хам кишининг соғлиги ва рухиятига таъсир қилади. Ранглар таъсири жихатдан илиқ ёки совуқ бўлади. Қизил, сариқ, жигарранг, пушти илиқ ранглар сирасига киради. Бундай рангли либослар кишига илиқлик бахш этади. Яшил, кўк, мовий, бинафша, феруза, нофармон сингари совуқ ранглар эса инсон танасини совутади, рухиятига хотиржамлик бағишлайди.

Кулранг ва унинг таркибига кирувчи оқ ва қора ранглар мўътадил ранг дейилади. Туркий халқлар афсоналарида кўк ранг муқаддас осмон ва мардлик рамзи сифатида талқин қилинади. Оқ ранг – баркамоллик, орзу ранги хисобланади. У софлик, бокиралик, поклик, хақиқат, самимийлик, соғломлик ва хотиржамлик рамзи сифатида идрок этилади. Оқ рангни уч томондан ифодалаш мумкин. Биринчиси – туғилиш, яратиш маъноси. Чақалоқ туғилганда у оқ матога ўралади. Халқ орасида чақалоқ оқ-пок деб юритилади. Негаки инсон онги гўдаклигида тоза, пок бўлади. Иккинчиси – инсон қалби беғуборлигига интилиш маъноси. Қалб беғуборлиги инсон танаси ва либосининг поклигини белгилайди. Учинчидан – оқ ранг хаёт ва ўлим, хаёт ибтидоси ва интихоси рамзидир. Сариқ ранг – Узоқ Шарқ, Хитой, Кореа, Мўғилистон каби мамлакатларда аслзода, зодагонлар сариқ рангли либос кийишган. Ўрта Осиё халқларининг аждодлари сариқ рангни қуёш, олов, олтин ва бойлик рамзи деб билган.

Европаликлар сариқ рангни иссиқ ёзнинг охири ва кузнинг бошланиши рамзи сифатида тушунишган. Шунинг учун улар айрилиқни сариқ ранг билан ифодалашган. Бу ранг беморлик, ўлим рангидир. Аммо сариқ инсон кайфиятига ижобий таъсир қилади. Безатувчи рассомлар сариқ рангнинг бу хусусиятидан унумли фойдаланадилар. Яшил ранг хаёт, уйғониш, яратувчилик, бахор рамзидир. Бу ранг инсон рухиятига ижобий таъсир этади. Яшил рангни ёқтирадиганлар бегоналар таъсиридан чўчиб, ўзларини химоялашга харакат қилишади. Уларни хаётий муаммолар, қийинчиликлар қўрқувга солади. Хозир биз айтиб ўтган ранглар орасида сиз ёқтирганлари бўлса, ўз характерингизда янги қирраларни очдингиз деб ўйлаймиз. Бироқ хали сиз ёқтирган ранг хақида маълумот бермаган бўлсак, қолган рангларнинг маъносини кейинги сухбатимизда айтиб ўтамиз. Ранглар инсон хаётини безайди. Биз хам сизларга ранглар хаётингизга жўшқинлик олиб келсин деб хайрлашамиз. Қадрли тингловчилар, рангларнинг ижодкори бўлган Худованд хақида билмоқчи бўлсангиз ва Унга яқин бўлишни истасангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг. У ердан сиз Худога яқин бўлиш мавзусига тегишли маълумотларни топасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top