“Ўша кунда севининг, севинчдан ўйнанглар! Зеро сизга само мукофоти буюк бўлур.” Луқо 6:23
Азизлар бу оятни деярли хаммангиз ўқигансиз. Бир куни келиб, Осмон шохлигида ќар биримиз хаётда яшаган давримизда Худованд учун қилган ишларимиз учун мукофотланамиз. Ўйлаб кўринг, агар бугун хаётингизнинг охирги куни бўлса, шу кунни қандай ўтказардингиз? Мана шу қолган бир кунингизни қандай яшардингиз? Орамизда жуда кўп биродарларимиз ишлайди. Ўша охирги кунда ишхонангизга одатдагидай борасиз, аммо сизнинг харакатларингиз, муомалангиз, ишингиз одатдагидай бўлмайди. Ўша бир кунингизда Худованднинг иродасини қилишга интиласиз. Бу кундек равшан, ахир шу бир кундан кейин, Худованд билан учрашасиз-да! Чунки биласиз бугун қиладиган хар битта ишингиз, хатто улар кўзга кўринмайдиган бўлса хам, Худованднинг назаридан қочмайди. Сиз хатто кичик қарорларни хам Худованднинг иродасига кўра қиласиз.
РАббимиз Исо бизга хозир хаётимизда қилаётган хар бир ишимиз, харакатларимиз, айтадиган сўзларимиз, келажакка таъсир этишини билдирган эди. Тасаввур қилаяпсизми, биз қиладиган хар бир харакатимиз учун келажакда ёки тақдирланамиз, ёки жавоб бермиз. Аммо афсуски бугунки кунда жуда кўп биродарлар бу хақида унутган кўринади. Сиз келажакда Худованд тақдирлайдиган кишилардан бири бўлишни истайсизми? Мен истайман! Раббимиз Исонинг айтган сўзларини юқорида айтиб ўтдик. Ўша оят шубхасизки хаммамизга ёқади. Аммо, ўша оятдан олдин қандай оят ёзилганини хам ўқиб кўрайлик: «Инсон ўғлига ён босганингиз учун, одамлар сиздан нафратланса, жамиятдан қувғин қилиб, хақорат қилса, номингизга доғ тушириб этса бадном, сиз барибир саодатмандсизлар! Ўша кунда севининг, севинчдан ўйнанглар. Зеро сизга само мукофоти буюк бўлур.” Бизнинг бу хаётда яшашимиздан мақсадимиз бўлиши керак. Биз бир мақсад билан, Раббимиз Исога ён босиш, Унинг изидан юриш мақсади билан яшашимиз лозим.
Сиз эшикдаги калит солинадиган тирқишдан хонага назар ташлаганмисиз? Ёшлигингизда шундай қилган бўлсангиз эхтимол. Ўша тирқиш бутун хонадаги нарсаларни кўришнинг имкони йўқ. Сиз озгина нарсалардан бохабар бўласиз, тўғрими?! Бизнинг хозирги хаётимиз, Осмон Шохлиги хақидаги билим ва тасаввурларимиз хам, ана шундай кичик. Биз самога тирқишдан қараётганга ўхшаймиз. Эшикнинг орқасида нима борлигини фақат Худованд билади. Аммо сизларга бир нарса айтиб қўяй, Худованд бизга Ўз Шохлигини бутунлигича кўрсатишни хохлайди. Шунинг учун хайратланишга ва шодланишга тайёр бўлинг. Хазрати Исо ўз хизматини бошлаган пайтда Уни тинглаб турган халойиқ хам Унинг таълимотидан, хайратга тушган эди: «Исо бу сўзларни айтиб бўлгандан кейин, халойиқ Унинг таълимотига хайрон қолди. Чунки Исо уларга уламолар ва фарзийлар каби эмас, балки қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди.”
У: «Мен туфайли одамлар сиздан нафратланса, сизнинг номингизга доғ туширса, севининглар зеро сизга осмон мукофоти буюк”, деган эди. Хўш нима учун Исо шундай оғир пайтларда севинишимиз кераклигини айтаяпти? Чунки агар сиз ерда У учун бирор нарса қилсангиз, У самода сиз учун «буюк” бир нарса қилади. Агар сиз У айтганидай яшасангиз, сизга албатта осмон мукофоти буюк бўлади. Аммо У хохлаганидай яшамасангиз, қийин дамларда қийинчиликдан қўрқиб, қочсангиз, нима деб ўйлайсиз, сизга осмон мукофоти насиб қилармикан? Бугунги сухбатларимиз сизни яна, хушёр торттирган бўлса, Худованднинг иродасига кўра яшашга ундаган бўлса ажаб эмас. Бу йўлда Худованд доимо сиз билан, буни унутманг!