Ассалому алайкум қадрли биродарлар! Бугунги мавзумиз ҳам албатта сизларга ёқади деган умиддамиз. Худованд инсонни яратганида нима учун унга қулоқ ясаганини биласизми? Даров, “эшитиш учун” деб жавоб берасиз, тўғрими? Ҳа. Биз инсонлар Уни сўзларига қулоқ солишимизни хоҳлайди. Уни эшитишимизни истайди. Лекин ҳар доим ҳам биз Уни эшитавермаймиз, аксинча Худованд бизни эшитадиган бўлиб қолган. Биз доимо унга ибодат қилаверамиз, қилаверамиз. Биз худди тинмай гапирадиган суҳбатдошга ўхшаймиз. Бундай суҳбатдош шеригининг фикрларини эшитмай, унга гал бермай гапираверади. Шундай суҳбатдош бўлишдан Худонинг ўзи асрасин. Биз Унга гапирганимизда Унинг бизга нима демоқчи эканлигини ҳам эшитишимиз керак. Унинг овозини, хоҳишларини эшитиш осон эмас. Агар Муқаддас Каломни ўқиётганингизда эътибор берган бўлсангиз, РАббимиз Исо жуда кўп марта: “Кимнинг қулоғи бўлса эшитсин” дега жумлани жуда кўп марта қайтарган. Масалан, Матто 11:15 оятда, Матто 13:9, 13:43 оятларда: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса эшитсин”, деган жумлани қайтарган. Нега шундай дегани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? У бизнинг эшитишимизни, ундан хулоса чиқаришимизни жуда хоҳлаган. Ҳа, Уни ҳақиқатда эшита олган одам бахтиёрдир. Исо яна нима деган бир эшитинг-а. “ Энди ким Менинг бу сўзларимни эшитиб уларни бажо келтира, уни ўз уйини тош устига қурган фаросатли одамга ўхшатаман.”
Биз унинг каломларини эшитиб ва уларни бажо келтирсак, беҳавотир бўламиз. Ҳар қанча дўл ва кучли шамоллар бўлса ҳам, ҳотиржам бўламиз. Унинг сўзларини ҳақиқатдан эшитган одам, уни бажо келтириш ҳақида ҳам жон куйдириши керак. Агар Худованднинг сиздан нима хоҳлашини билмаётган бўлсангиз,Уни эшитиш ҳақида ибодат қилинг. келинг биргаликда ибодат қиламиз.
“Худовандим, мени билганинг, мени эшитганинг учун Сенга рахмат. Сен мени доимо эшитишингга шубҳа қилмайман, аммо мен Сени эшита олмаяпман. Илтимос менинг руҳий қулоқларимни очиб юборгин. Сени аниқ-тиниқ эшитишни истайман. Ҳар куни Сенинг овозингни эшитишни ўргатгин. СЕн менга гапирганингда овозингни аниқ сезишим керак. Бу ўзимнинг ички овозим ёки бошқа нарса эмаслигини аниқ билай. Сенинг овозингни бошқа овозлардан ажратишни ўргатгин. Юҳанно 10:16 оятда, “Улар ҳам Менинг товушимни эшитади…”, деб ёзилган. Ҳақиқатда, Унинг товушини эшитишни истайман. Менинг бекилиб қолган қулоқларимни очиб юборгин. Сенинг иродангни ва мендан нима хоҳлашингни билишим учун, Сени эшитишим керак. Буни жуда-жуда хоҳлайман. Фақат эшитишни эмас, эшитганларимга амал қилишни ҳам ўргатгин. Раббим Исо номи билан ибодат қиламан. Омин!” қадрли тингловчилар сиз ҳам Худованднинг овозини эшитишни чин дилдан истасангиз, ҳар куни Унга шу ҳақида ибодат қилинг. У сизни албатта эшитади. Чунки биз унинг иродасига кўра бир нима тиласак, ибодатларимиз ижобат бўлади. шунинг учун бу ҳақида тинмай ибодатда бўлинг.