Ассалому алайкум қадрдон тингловчи дўстлар. Сизлар билан ўтган сафарги мавзумизни давом эттирамиз. Агар ёдингизда бўлса ўз-ўзини массаж қилишда икки хил усулдан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган эдик; булар силаш ва уқалаш. Массажни эса оёқ бармоқларидан бошланади. Сўнг товон, болдир, тизза, сон, думба, бел, орқа, бўйин, бош уқаланади. Сўнг тана олд томонига, кўкракка, қоринга тушилиб, қўл массажи билан якунланади. Оёқ сонлари ўтириб ёки ётган ҳолда массаж қилинади. Соннинг барча томонларига эътибор беринг: олд, орқа ва ён томонларини ҳам уқалаш зарур. Думбаларни турган ҳолда уқалаш керак.
Бунда массаж қилинаётган томон оёғи керилган бўлади. думба терисини аввал силаб, кейин уқаланг. Доимий равишда қисқичсимон уқалаш тери ости ёғ қатламига таъсир этиб, тез озишга ёрдам беради. Айниқса, ундан қорин ҳамда сон соҳасини массаж қилишда фойдаланиш яхши натижа беради. Қорин массажи қоматингизнигина эмас, балки соғлиғингизни ҳам яхшилайди. Овқатнинг яхши ҳазм бўлиши, қорин дам бўлмаслигини таъминлайди. Қоринни массаж қилишда чалқанча ётиб, оёқларни букинг. Қоринни бўш тутинг. Қорин мушакларини қаттиқ босманг. Массажни силашдан бошлаб, барча ҳаракатларни соат мили йўналиши бўйича бажаринг. Қорин ўртасидан енгил ҳаракат билан юқорига, қовурға томонга силжинг.
Сўнг қовуқдан ўтиб, қориннинг пастки чап томонига ҳаракатланинг. Кейин қовурға ости соҳасини силаб чиқинг, сўнг мушакларни. Кейин қўлларни қовурға остидан пастга, тосга қараб ҳаракатлантириб ишқаланг. Агар қорин катта бўлса, арраловчи ҳаракат билан қорин этини ушлаб, озроқ сиқинг, сўнг бўшатинг. Бунда 2-3 сантиметр масофада жойлашган ён томони билан турган икки кафт қорин этини “ушлаб” олиб, бир-бирига қарама-қарши ҳаракатланиб, арралайди. Шу тариқа бутун қоринни массаж қилинг. Қорин массажи тугагач, кўкрак массажига ўтинг. Аёллар кўкракни массаж қилганда сут безларига эҳтиёт бўлишни унутмасликлари зарур. Бу безлар массаж қилинмайди. Умуман кўкрак эҳтиёткорлик билан уқаланади, негаки, бу соҳадаги тери юпқа ва ўта нозик бўлади.
Кўкрак массажидан сўнг қўлга ўтилади. Қўл устини елкадан бармоқ учларигача аста силаб чиқилади ва кафтга ўтилади. Кафтда товондагидек барча ички аъзолар асаб толаларининг тугунлари жойлашган. Барча ҳаракатлар юқорига йўналган бўлади. Елкаолди, тирсак бўғими, елка, елка мушакларини ўраб турган дельтасимон мушак, шунингдек, елка мушакларини яхшилаб уқалаш керак. Аввалига чап қўлни, сўнг ўнгини массаж қилинг. Массажни елкагача давом эттириб, бўйин массажига ўтинг. Бўйин массажини орқа томондан бошланг. Бўйиннинг орқасини тепадан пастга қараб силанг. Олд томонига келганда кўкракнинг юқори қисмидан тепага қараб силанг. Азизлар кейинги суҳбатимизни тингласангиз оёқ массажлари ҳақида маълумот берамиз.