Ассалому алайкум. Бугун эътиборингизга оёқ массажи турлари ҳақидаги маълумотни ҳавола қиламиз. Бундай массаж оёқларнинг кўркамлиги ҳамда соғломлигини узоқ йиллар сақлаб туради. Оёқлар ва тос соҳасидаги қон айланишининг яхшилануви тромбофлебит, томирларнинг варикоз кенгайиши ҳамда бавосил каби касалликларнинг олдини олади. Қуйида келтириладиган массаж усулларини ўзингиз бажаришингиз мумкин. Агар массаж қиладиган ёрдамчингиз бўлса, унга бу қоидаларни ўргатиб, ўзингиз бемалол бўшашишингиз мумкин. Оёқ массажининг бир неча турлари мавжуд. Масалан, оёқ мушаклари таранглигини сақлаб турувчи массаж оёқ қайишқоқлигини йўқотмаслигини таъминлайди. Уни эрталаб уйғонганда ёки бадантарбия қилганда ва умуман ишга кетиш олдидан бажарган маъқул.
Аммо кечқурун, оёқлар чарчаганда бундай массаж ярамайди. Бу пайтда оёқларингизга юмшоқ, бўшаштирувчи ва тинчлантирувчи массаж ёқади. Эрталабки массажнинг кечкисидан фарқи шундаки, биринчисида массаж қилинаётган соҳа қаттиқроқ уқаланади, шапатилаб, чимчилаб қўйилади. Бу массаж ҳам бошқалари сингари силаш билан бошланади. Лекин силаш, интенсив бўлиб, тинчлантирувчи силашдан фарқ қилади. Эрталабки массаж учун крем ёки модан фойдаланиш мумкин. Агар истасангиз массаж мойини ўзингиз тайёрласангиз ҳам бўлади. исталган ўсимлик ёғи, соя, зайтун ёки яхши тозаланган кунгабоқар ёғи бўлса, яна ҳам яхши. Озроқ босиш, тўғри чизиқ бўйлаб бўйига, энига ёки айлана ҳаракат билан уқалаш мумкин.
Сонни массаж қилиш учун фаолроқ ҳаракатлар зарур бўлади. Қўлингиз билан бош бармоқлар бир бирига теккан ҳолда сонингизни ушланг. Кафтларингизни сонни ушлаб туриши, бош бармоқлар эса гўё терига крем суртиб, ишқалаётгандек ҳаракатланиши лозим. Шу тариқа қўлларингиз юқоридан пастга қараб ҳаракатланиши керак. Агар сонлар семиз бўлса, кафт билан кўпроқ босиб уқалаш лозим. Бунинг учун бир кафтингизни сонга қўйиб, иккинчисини унинг устига қўйинг ва икки қўл билан сонни босиб, секин ҳаракатлантириб ишқаланг. Қуйидаги усул мушакларни массаж қилишда самаралидир. Кафт ёки бармоқ учлари билан массаж қилинаётган соҳани шиддат билан босиб-босиб чиқиш керак.
Бу мушакларнинг тезда қизиб олишига ҳам таранглигининг ошишига ёрдам беради. Бундан сўнг ишқалашни бошланг. Кафтни, муштумнинг орқа томонини, кафтнинг ён томони билан сон бўйлаб юргазинг. Таъсир мушакларгача етиб бориши учун қаттиқроқ босинг. Ишқалашни икки қўл билан бажарган маъқул, бу массаж самарасини оширади. Сўнгра тебратишга ўтинг. Сонга бармоқ учи ёки кафтни қўйиб, тери ва мушакларни шиддат билан силкитинг. Бир соҳани 20-30 сония тебратиш лозим. Массажни якунлаш учун эса оёқни секин, юмшоқлик билан силаб чиқинг. Азизлар биз бир неча сафардан буён массаж ҳақида маълумот бериб боряпмиз. Агарда радиоэшиттиришимизни ўтказиб юборган бўлсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг. У ердан массаж ҳақидаги маълумотни тўлиқ шаклида оласиз. Кейинги сафар суҳбатимизни кутинг.