Ассалому алайкум қадрли тингловилар. Ким биландир муносабат қилиш осон эмас. Айниқса ким биландир яхши муносабатда бўлиш жуда қийин. Бунинг учун муносабат қиладиган одамингизни яхши билишингиз керак бўлади. Баъзан эса орада хатолар туфайли дилхираликлар бўлиб ўтади. Вақт ўтиши билан муносабатлар ёки яхшиланади ёки ёмон томонга кетади. Муносабатнинг қайси томонга кетиши муносабат қиладиган икки шахсга боғлиқ бўлади. Худо Иброхимга, Исхоққа, Ёқубга ваъда қилганидай, Ўз халқини Канон юртига олиб бориш учун уларни Миср қуллигидан қутқарди. Аввал ота-боболарининг Худоси хақида эшитган бўлсалар хам халқ У билан муносабат қилишни хали билмасди. Худонинг сифатлари, Унинг иродаси ва хохишлари нималиги уларга қоронғу эди. Улар Канон юртига қараб йўл олишар экан, шу йўл давомида уларни турли хил воқеа ва ходисалар кутади. Синай тоғининг этагига келишгач, халқ Фисих байрамининг бир йиллигини нишонлашди.
Бир ой ўтгач эса улар ўз чайлаларини йиғиштириб, ваъда қилинган ерга қараб йўл олишди. Ўн бир кун ўтиб Қадешга келишди. Ўша ерда Худо билан муносабатларида ёқимсиз бир нарса бўлиб ўтди. Худога қарши бош кўтаришгани учун Худо уларни 40 йил чўлда адашиб юришга мажбур қилди. Бу йиллар давомида Худо уларни Канон юртига киргач нималар қилиши кераклиги хақида огохлантирди. Худо Мусога халқ ичидан жанг қилишга ярайдиган эркакларни санаб чиқишни буюрди. Жанг қилишга ярайдиган эркаклар жами 600.000та чиқди. Худога қарши қилган исёни учун халқ қирқ йил сахрода сарсон бўлиб юрди. Бу йил давомида Худога ишонмаган ва исён кўтарганларнинг хаммаси ўлиб кетди. Худованд айтганидай ваъда қилинган ерга энди уларнинг болалари киради. Қирқ йилдан сўнг эса жанг қилишга яроқли эркаклар сони яна 600.000тага етди. Бундай катта хажмдаги халқнинг чўл орқали юриши тарихда бўлмаган холатдир. Уларни кунда манна ва беданалар билан таъминлаб туришдан ташқари, шунча кўп одамга бошқарувчилик қилиш хам осон бўлмагандир.
Бундай катта сонли халққа қаттиққўл бошқарув зарур бўлган. Улар юрганларида хам бирор ерда тўхтаганларида хам Худо уларга берган қонун ва қоидаларга амал қилиш керак эди. Уларга бекамукўст риоя қилиш фақат ўз фойдаларига эди. Левийлар жанг қиладиганлар сафига киришмади. Улар хар бир исроил хонадонининг тўнғичи ўрнига Худовандга аталган қабила эди. Худо Хорун ва унинг ўғилларини рухоний қилиб тайинлаган, Левий қавмидаги одамлар эса маъбад ишларида уларга ёрдам берар эдилар. Шунда хам Левий қавмининг хаммаси хам маъбадда хизмат қила олмасди. 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган Левий қавмидаги эркаклар маъбаддага махсус ишларни бажарардилар. 25 ёш атрофидаги Левий ёшлари эса беш йил давомида маъбадда ишлашга тайёргарлик кўрардилар. Ундан ёш бўлганлар хам 50 ёшдан юқори бўлганлар хам маъбадда хизмат қилмасдилар. Маъбад хар доим халқ тўхтаган жойнинг ўртасида бўларди. Маъбаднинг атрофига фақат Левий қавмидаги кишиларгина чодир ўрнатишлари мумкин эди.
Мусо, Хорун ва унинг ўғиллари эса маъбаднинг шарқий томондаги кириш қисмига чодир тиккан эдилар. Маъбад тепасидаги булут кўтарилиб йўлга тушганида, халқ хам йўлга тушар эди. Бироқ чодирлари ва бошқа нарсаларни кўтариб йўлга тушиш осон эмасди. Айниқса Маъбадни кўчириб олиб юришда хам махсус қоидаларга амал қилиш лозим бўлган. Маъбадни кўчириб юриш ва маъбаддаги анжомларни яна жой-жойига ўрнатиш рухонийнинг ёрдамчилари бўлган Левийларнинг иши эди. Худога назр қилинишнинг хам ўзига яраша қонун қоидалари бўлган. Назр қилинган одам ўз хохиши билан ўзини Худонинг хизматига топшириши керак эди. Назр қилинишнинг учта мажбурияти бўлган. Биринчидан бундай одам шароб ва узум мевасидан қилинган шарбатни ичмаслиги керак бўлган. Иккинчидан эса бундай одамнинг сочи олинмасди. Бу бошқаларнинг назарида назр қилинганликнинг белгиси бўлиб хизмат қиларди. Учинчидан эса назр қилинган одам ўликка қўл тегизмаслиги керак эди. агар ногахон тегиб кетса хам қаттиқ жазоланарди. Кимда – ким бу мажбуриятларни бузса, қаттиқ жазо олган.