Азизлар бугунги суҳбатимиз сизга ўзингиз ҳақингизда янгича фикр берса ажаб эмас. Аммо имонимиз комилки, бу суҳбат сизга Худовандимизга хизмат қилишингизда далда беради. Сиз Худовандни астойдил хурсанд қилишга ваатрофдариларга Унинг нурини кўрсатмоқч бўлган пайтларингиз бўлганми? Аммо шундай кунларнинг бирида бир нотўғри иш қилиб, қовун туширганмисиз? Ўшанда қандай ҳолатга тушганингизни жуда яхши биламан. Бу ҳолат менга таниш. Аммо мен сизга бир нарсани айтай, асло тушкунликка тушманг. Сизга бир мунча далда бериш илинжида муқаддас каломдаги олий зотлар ва Худонинг муқаддаслари ҳақида айтмоқчимиз. Келинг отамиз Иброҳимдан бошлайлик. Унинг ҳаётини кўриб чиқсак, Худованд ундан қанчалик мамнун бўлганини, имони буюк зот бўлганини кўрамиз. У ҳали ўзи яхши билмайдиган Худонинг овозини эшитибоқ, қаерга боришини билмай, Худованднинг бошқарувига, сўзига қулоқ солиб, У кўрсатган томонга кетаверди. У мен У ерда нима қиламан, шунча одамларим, оилам нима бўлади?
Қанқа жойга борамиз, тинч жойимни ташлаб қаерга кетаман, дея саволлар бермади. У шунчаки Худога ишониб, Унинг сўзларига итоат этди ҳолос. У имони кучли бўлгани учун «кўпчиликнинг отаси”, деган номни олди. Аммо шунда кучли имонга эга бўлган одам ҳам, жуда кўп номаъқулчиликлар қилган. Иброҳим хотини Соро билан Гарор шаҳрига борганида: «Иброҳим хотини Сорони «синглим” деб айтар эди. Абумалик эса одам юбориб, Сорони хотинликка олди”. У бу ёлғонни бир неча марта ишлатган. Унинг яна бир хатоси Соро Ҳожарни унга хотинликка бераётганида, “Йўқ бу Худонинг ваъдасига тўғри келмайди”, деб айтмаган. У ўшанда Худога эмас, хотинига қулоқ солиб, ҳар иккиси ҳам катта хато қилди. Мусони Худованднинг Ўзу танлаган эди. У ҳали туғилмасиданоқ, Исроил халқини Мисрдан олиб чиқишни унинг зиммасига юклаган эди. Унинг камчиликлари ва яхши сифатларини Худованд биларди.
Камчиликларига қарамай, унга катта ва маъсулиятли ишни берди. У ҳам гуноҳ қилди, Худовандга бўйсунмади. У жахл қилиб, Худованд айтганидан бошқача иш тутди. Бу иши учун жазоланди ҳам. Довуд эсингиздами? Унинг ҳаётидан жуда кўп яхши намуналар олсак бўлади. У ёшлигидан Худони севар, ва унга ишонар эди. Худованд уни Исроил халқига шоҳ қилиб танлади. У яхши шоҳ бўлган бўлса ҳам, болаларига яхши ота бўлолмаган. Ўз хоҳиши учун одам ўлдирди ва бировнинг хотинини ўзига хотинликка олди. Худо бу ишлари учун уни жазосиз қолдирмади. Аммо, Худо уни ташлаб кетгани ҳам йўқ. Шунча ишларига, хатоларига қарамай, Худованд уни: “Менинг кўнглимдагидай одам”, деб атаган эди. Сулаймон тахтга ўтирганида унинг шохлиги энг гуллаб яшнаган, энг қудратли шоҳлик эди. У биринчи марта тахтга ўтираётганида жуда камтар ва бутунлай Худога берилган, ҳаётини ишларини Худованднинг қўлига топширган эди. Худонинг ваъдасига Унинг иноятига суянарди. Худованд биздан ҳам худди шундай бўлишимизни кутади. У Худованднинг кучи ва иродаси билан шоҳликни бошлади.
Худованд унга буюк донолик берди. Унгача ҳам ундан кейин ҳам ҳеч кимда бўлмайдиган доноликни ҳадя қилди. Худованд исроил халқига бегона халқлардан Хотин олманглар деб буюрганига қарамай, У жуда кўп маъжусий хотинлар олди. Охирида эса мажусий хотинлари уни Худовандан юз ўгириб, бутга сиғинишига сабаб бўлди. Худо бу қилган иши учун уни жазолади, аммо барибир юз ўгирмади. Худованд садоқатли ва ўзгармас Худо. У бизнинг таркибимизни билади. Шунинг учун қоқилган пайтларингизда тушкунликка тушиб, Худованддан узоқлашманг. Қилган хатоингиз учун Худовандга тавба қилинг ва Унинг йўлида юришда давом этинг. У сизни буюк ишларга тайёрлашига ишонинг! Сиз Худовандни мамнун қилиш йўлида йиқилган бўлсангиз ҳам, ўзингизни Унинг нури бўла олмаётгандай ҳис қилаётган бўлсангиз ҳам шуни билингки, биз ўзимизни эмас, Худони тарғиб қилаяпмиз. Биз тарғиб қилаётган Худойимиз эса, муқаддас, буюк ва тирик Худо. У қудратли, Унинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Унинг инояти сизга етади.