3:29

Ангина

MP3

Ассалому алайкум. Бугун суҳбатимиз мавсумга боғлиқ. Айни совуқ кунларда ёшу-қари бирдек шамоллаш, грипп в анагина касаллигига чалинишга мойил бўлади. Бироқ ангинани барча фасллар касаллиги дейиш мумкин. Ангина ёки ўткир тонзиллит шамоллаш касалликлари орасида энг кўп учрайдиган туридир. Одатда ангина билан ёш болалар ва 30 ёшгача бўлганлар касалланадилар. Касаллик йилнинг ҳар қандай фаслида учраши мумкин. Масалан, қиш ва кузда тананинг совуқ қотиши, оёқдан зах ўтиши туфайли, ёзда эса музқаймоқ ейиш ёки муздек ичимликлар ичиш натижасида ангинани «сотиб оламиз”. Касаллик оғир кечишига, бодомсимон безнинг катталашишига кўра, бир неча турга ажратилади. Ангинанинг энг енгил кўриниши – катарал ангина бўлиб ютинганда томоқда оғриқнинг пайдо бўлиши билан бошланади.

Умумий ҳолсизлик, бош оғриғи, оёқ-қўлнинг зирқираб оғриши касалликнинг шу турига ҳосдир. Бунда тана ҳарорати 37,5 С гача кўтарилади. Бурун бўшлиғи ҳамда томоқ шиллиқ қаватида яллиғланиш жараёни кечади. Беморга ўрин-кўрпа режими тайинланиб, бўйнига қиздирувчи компресслар қилиш, кўпроқ илиқ суюқликлар ичиш, томоқни эритма ва дамламалар билан билан чайиш буюрилади. Луканар ангинада эса яллиғланиш жараёни бодомсимон безларнинг чуқурроқ соҳаларини эгаллайди. Ютинганда томоқда оғриқ бўлиши, юқори, яъни 40 С даражагача бўлган иситма, бодомсимон безда сарғиш оқ карашларнинг пайдо бўлиши каби аломатлар кузатилади. Баъзан безларни карашлар бутунлай ўраб олади. Аммо дифтериядан фарқли ўлароқ бу карашлар безлардан ташқарига тарқамайди ва осонгина кетказилади.

Пастки жағ остидаги лимфа тугунлари сезиларли даражада катталашиши ҳамда оғриши бу турдаги касалликка ҳосдир. Бу турдаги ангинани даволаш ҳам катарал туридагидек бўлса-да, беморга антибиотик ҳамда аллергияга бўлган таъсирчанликни сусайтирувчи препаратлар қўшилади. Касаллик одатда 4-5 кун давом этади. Бу даврда кўрпа-тўшак режимига риоя қилиш ҳамда кўп суюқлик ичиш асоратларсиз даволаниш шартларидан биридир. Ангинанинг энг оғир кўриниши бу – фолликуляр тури бўлиб, стрептоккок бактерияси туфайли келиб чиқади. Бунда яллиғланиш жараёни фақатгина бодомсимон безнинг ўзида эмас, балки фолликулачаларга ҳам ўтиб кетади. Умумий аломатлари лунакар ангинанинг белгилари билан бир хил бўлиб, фақат кучлироқ бўлади, холос.

Бодомсимон без ва унинг атрофидаги тўқималарнинг шишиши ва қизаришидан ташқари, фолликулларнинг йиринглаши натижасида сарғиш доғлар кўринади. Касалликнинг кечиши ҳам, даволаниши ҳам лунакар туридагидек бўлади. Бодомсимон безни ўраб турган клетчаткада кечадиган яллиғланиш жараёни флегмоноз ангина дейилади. Бунда яллиғланиш жараёни клетчаткага бодомсимон бездан ёки саккизинчи тиш атрофидан ўтади. Одатда бу тишнинг ёриб чиқиши қийин бўлганда бундай ангина кузатилади. Беморнинг тана ҳарорати 40 гача кескин кўтарилиб, маза қочиши, иштаҳанинг йўқолиши, уйқунинг бузилиши кузатилади. Жағ ости ҳамда ияк соҳаси шишиб, оғиз бўшлиғининг чуқурроғида шиш ва дўнгалаклар кўринади. Бемор гапиришга қийналади, унинг сўзлари ноаниқ ва тушунарсиз чиқади. Қадрли тингловчилар кейинги суҳбатимизда ангина ҳақида мукаммал маълумотга эга бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top