3:45

Жамоатнинг мақсади

MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Ўтган сафар сизлар билан жамоат ва оила ҳақида суҳбатлашган эдик. Бугун ҳам шу мавзуни тўлдирган ҳолда жамоатнинг мақсади ва оилага қандай таъсири борлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Жамоат оилага ижобий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда жамоатларда алоҳида болалар, ёшлар ва катталар гуруҳлари бор. Хар бир гуруҳларда имонлиларнинг ёшига ва муаммоларига қараб руҳий озуқа олиш мумкин. Кичик ёшдаги болалар ҳам Муқаддас Калом дарсларини олишлари мумкин. Шу тариқа бола ёшлигидан руҳий тарбия топади. Жамоат Худонинг қудратли қуролидир. Жамоат орқали Худо дунёни Масиҳга тайёрлайди ва олиб келади. Жамоат ҳар бир имонли учун ва имонли оила учун жуда муҳим даргоҳдир. Жамоат Худонинг қудратли қуроли экан, унинг мақсади нима? Жамоат оиланинг ҳар бир аъзосига катта ёрдам беради.

Муқаддас Ёзувлар имонлиларни руҳан етук болалар, ёшлар ва оталар қилиб тарбиялашга ёрдам беради. Муқаддас Калом тўғри ўргатилганда у ҳар бир киши учун руҳий озуқа ва мушкул ахволда йўл кўрсатувчи бўлиб хизмат қилади. Жамоатда ҳар бир киши ўз биродарига ёрдам бериш имкони бор. Биродарига чин дилдан хизмат қилишни истаган ҳар бир киши ўз жамоатида таълим бериш, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш, биродарлардан ҳабар олиш ва бошқа ишлар билан банд бўлиши мумкин. Ундан ташқари жамоатда дўстлар орттириш мумкин. Болалар, ёшлар, ёш оилалар, ота-оналар ва қариялар жамоатга келиб у ердан дўстлар орттириб, муносабатлардан завқ оладилар. Азиз ота-оналар жамоат фарзандларингиз дўст орттириши мумкин бўлган энг яхши жой. Болалар одатда қаердан дўст орттирадилар? Мактабдан, маҳалладан ва яқин атрофдан. Агар сиз болангизга етарлича эътибор бермасангиз, унинг дўстлари ҳақида ҳеч нарса билмайсиз.

Атрофдаги болалар хам болангизга салбий ёки ижобий таъсир ўтказиши мумкинлиги сизга маълум. Шундай экан бутун оиласи билан жамоатга борадиган оилалар бу борада жуда омадлидирлар. Чунки жамоатдаги муҳит, таълим-тарбия орқали болангиз атрофини ўраб турган олам, одамлар ҳақида тўғри маълумотга эга бўлади. Инсонлар билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўрганади. Жамоатда Худованд унинг юрагига ўз ҳақиқатини экади. Шундай тарбия олган ҳар бир фарзанд келажакда ўз йўлидан оғишмай, бошқаларнинг беъмани маслаҳатларига юрмай ўз йўлини тўғри танлай олади. Агар жамоатга бормай бир муддат фақат дунёвий кишилар билан мулоқотда бўлсангиз, шайтон сизни уларнинг даражасига тушириш учун ҳар қандай усулни қўллаб кўради. Кейин эса қилган хатоларингиздан афсусланиб юрасиз. Агар дунёга қарасак, дунё албатта бизга ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун биз ё Худога қараб юрамиз, ё дунёга. Танлаш эса ўзимизга боғлиқ.

Қизиқишлари, мақсадлари ва интилишлари бир бўлган дўстларни жамоатдан бошқа яна қаердан ҳам топиш мумкин? Жамоатдаги дўстлар ҳаётингиздаги хар қандай қийинчилик чоғида ёрдамга келади. Қўлидан ҳеч нарса келмаган тақдирда ҳам, сиз учун куйиниб ибодат қилади. Ибодат билан эса биз ҳар қандай тўсиқни ва қийинчиликни енга оламиз. Жамоат орқали биз биродарлар билан муносабатда бўлишни ўрганамиз. Худо билан муносабатимизда ўсамиз. У билан бизнинг орамиздаги фарқни кўриб, Худо олдида қандай ҳолатда бўлишни ўрганамиз. Биродарлар ҳар бир имонлида: «Қайси жамоатга борсам экан?”, ёки бўлмаса “Қайси жамоат яхши?” деган саволлар пайдо бўлиши мумкин. Балки орангизда баъзиларингиз бундай саволлардан ўтгандирсиз. Ўзингизга маъқул бўлган жамоатни ҳам танлагансиз. Шундай бўлса сиз учун хурсандмиз. Кейинги суҳбатимизда сизлар билан жамоатни қандай танлаш мумкин ? деган саволга жавоб топамиз. Унгача оилангизга, ҳаётингизга Худонинг тинчлиги ва ҳотиржамлигини тилаган ҳолда сизлар билан хайрлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top