Ассалому алайкум. Бугунги Жамоат ҳақида сўзлашув рукни остидаги суҳбатимизда Муқаддас Китобда жамоат ҳақида нималар ёзилганини билиб оламиз. Колоссаликлар 1 боб 18 оятда жамоатни Масиҳнинг танаси деб айтилган. У тананинг асоси биз эса Унинг танаси аъзосимиз. “У Ўз бадани, яъни умматининг бошидир.” Колоссаликлар 2 боб 19 оятда ҳам шунга ўхшаш далил бор: “…Ана бу Бошдан бутун бадан ҳаётбахш куч олиб, паю бўғинлар орқали ўзаро уланиб, Худо хоҳлаган йўлда ўсади.” Муқаддас Калом жамоатни руҳий маъбад яъни бино деб ҳам атайди. Бу маъбад Худонинг Руҳи учун маскан бўлади. Эфесликлар 2:21-22 оятларда шу ҳақида ёзилган: “Бутун иморат Ундан таркиб топиб, ўсиб боради ва Худо учун муқаддас бир маъбадга айланади. Сиз ўзларингиз ҳам Исо Масиҳ билан ва ўзаро бирлашган ҳолда, Худонинг руҳий масканини ташкил этмоқдасизлар.”
Рамзий маънода олиб қарайдиган бўлсак, Масиҳ бинонинг негиз тоши биз эса ана шу бинонинг турли қисмларимиз.
Калом жамоатни Масиҳни келини деб ҳам атайди. 2 Коринфликлар 11:2: “Чунки сизларни бир пок бокира қизни эрга никоҳлагандай, Масиҳга тақдим этдим.” Юҳанно 3 боб 29 оятда эса Масиҳ куёвга ўхшатилган: “Келин кимга тегишли бўлса, куёв ўшадир. Лекин куёвнинг ёнида туриб унга қулоқ солган дўсти куёвнинг овозини эшитибоқ, севиниб қувонади.” Ваҳий 19 боб 7 оятда никоҳ тўйи ҳақида ёзилган: «Унинг иззат ҳурматини бажо келтирайлик, севиниб хурсанд бўлайлик! Қўзининг никоҳ соати етди, Унинг келини ўзини ҳозирлади. Кийиниш учун келинга пок, оппоқ шойи берилди.” Бу берилган номлар ҳаммаси рамзий маънода албатта.
Энди Жамоатда бажарилиши шарт бўлган маросимлар ҳақида. Баъзиларнинг таълимотига кўра жамоатда еттита маросим бор, бироқ Муқаддас Китобга асосланадиган бўлсак, жамоат бажариши керак бўлган иккита маросим бор ҳолос, улардан бири сувда имон келтириш, бу ҳақида Матто 28:19-20; Марк 16:16; Ҳаворийлар 2:38-41; 8:36-40; 10:47-48 оятларда ёзилган. Иккинчиси эса нон синдириш маросими. Бу ҳақида Ҳаворийлар 2:42-46; 20:7; Коринфликлар 11:20-34 оятларда ёзилган. Бу маросимларни бажаришимизни Масиҳнинг ўзи буюрган. Шунга кўра ҳар бир жамоат Унинг буйруғига амал қилиши керак. Биласизларки сувга чўмдириш маросими киши Масиҳни Раббим ва Нажоткорим деб тан олганидан кейин бажарилиши керак. Баъзи жамоатлар киши имонга келганидан кейин ҳам Масиҳ ва Унинг таълимоти ҳақида чуқурроқ маълумотга эга бўлиши ва имонини синаб кўриши учун вақт берадилар.
Ўша вақт тугагандан сўнггина имон келтирган одам сувга чўмдирилади. Баъзи жамоатларда эса киши имонга келган заҳотиёқ имкон бўлса сувга чўмдирилади. Нон синдириши маросимини қанча вақтда бажариш кераклиги Муқаддас Каломда ёзилмаган. Масиҳ “…буни фақат Мени эслаб туриш учун қилинглар”, деган эди. Шунинг учун ҳам бу маросимни баъзи жамоатдагилар ҳар ҳафтада бажарсалар, бошқа жамоатдагилар бир ойда бир марта ёки бир йилда бир марта бажаришни маъқул кўрадилар. Жамоатларнинг қонун қоидалари бир-биридан фарқ қилади, бироқ ҳар бир жамоатнинг мақсади бир. Ҳамма жамоатларнинг мақсади Худога топиниш, ер юзида Унинг номини улуғлаш, бутун дунёга хушхабар тарқатиш, масиҳийларга таълим бериб, йўл-йўриқ кўрсатиш ва доимо гувоҳлик беришдан иборатдир. Сиз эса қадрли тингловчи жамоатингизнинг мана шу мақсадларидан ҳеч бўлмаганда биттасини бажаришингиз керак.