Ассалому алайкум. Мутаҳассислигингиз бўйича интилишларингиз қандай? Бу интилишларингиз корхонангиз учун муҳимми, ёки обрў-эътиборга эга бўлиш учунми? Балки кўпроқ пул топиш учундир? Ёки корхонада муҳим одам бўлишни истарсиз? Бундай истакларнинг бўлиши гуноҳ эмас. Худо албатта ўз вазифамизда қадр-қимматга ва кўзлаган натижамизга эришишимизни хоҳлайди. Бироқ ишдан қаноат топишнинг сири бу истаган нарсамизга эришиш эмас, қилишимиз керак бўлган нарсани аниқлаштириб олишдир. Биз қилишимиз керак бўлган нарса эса – Худони мамнун қилиш. Қилаётган ишимиздан ўзимиз эмас Худо мамнун бўлиши керак. Шу жойда 1 Салоникаликлар 4:1 ва 11-12 оятларни ўқисак:
«Хуллас, эр биродарлар, Худога маъқул келиш учун қандай яшашингиз кераклиги тўғрисида биздан таълим олгансизлар…биз сизларга осойишта яшаш, шахсий ишларингиз билан машғул бўлиш, ҳалол ишлашга жон куйдиринглар, деб буюрган эдик. Яна ҳеч кимга муҳтож бўлмасдан, бошқа одамларнинг кўзи олдида одоб билан яшанглар.” Орамизда баъзилар жуда интилувчан бўлишади. Бундай кишилар имонга келганларидан кейин ўзларини ва интилишларини Масиҳга бағишлаган бўлсалар ҳам, ҳаётда ўзлари англамаган ҳолда ўз интилишлари бўйича яшайдилар. Бизнинг нотўғри танланган интилишимиз эса, бизни нотўғри йўлга бошлайди. Қилаётган ишимизда қоқиламиз, муваффақиятсизликка учраймиз. Бунинг оқибатида эса тушкунликка тушамиз, агар ўз интилишларимизни олға сураётганимизни англамасак Худони айблаймиз.
Хуллас нотўғри танланган интилишлар бизни ишимиздан қониқмасликка ёки бўлмаса ишимизда муваффақиятсизликка учрашимизга олиб келади. Бундай қоқилишлар сизнинг ҳам ҳаётингизда бўлган ёки бўлаётган бўлса, Худодан сўранг. Ҳаётингизда Унинг интилиши нима? Сиздаги интилишларни саралашингизга ва аниқлаштириб олишингизга ёрдам берсин. Интилишларингизни аниқлаштириб олгач эса, уларни марҳаматлашини сўранг. Бунинг учун эса ҳамма интилишларингизни билганингизча ишга солмай, Худонинг жавобини кутинг. Қилаётган у ёки бу ишингизда Унинг режаси қандай. Ибодат қилиб менинг эмас сенинг интилишинг бўлсин, деб айтинг. Биз учун энг муҳими бу йўлда интилишларимизни аниқлаштириб олиш. Баъзан қийин дамлар ҳам бўлади. Қийин дамларда қаноатланишнинг имкони йўқ. Атрофингиздаги ҳамма деворлар қулаётган бўлса-ю, қандай қилиб қаноат қила оласиз?
Бундай пайтда қаноат қилишнинг иложи йўқ. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлардим. Бироқ Худо менга энг қийин ҳолатларда ҳам қаноат қилиш мумкинлигини ўргатганда ҳайрон қолдим. Аҳвол жуда қийин, чидаб бўлмайдиган даражада бироқ инсондаги Худога бўлган ишонч кишида қаноатни туғдирар экан. Ҳатто дунё кўзга қоронғу бўлиб туюлганда ҳам, киши ичида Худонинг тинчлигини ва қаноатини ҳис қилар экан. Қачон шундай қаноатни ва тинчликни ҳис қилиш мумкин? Қачонки ҳар бир киши ҳаётида бўлаётган воқеаларга қарамай, ўзининг Худо режасининг марказида эканини билса, ўзини камтар тутса Худонинг тинчлиги ўз-ўзидан келади. Бундай пайтларда Худо уни қўли остида тутиб тарбиялаётганини билиш керак. Агар бизнинг ҳаётимиз Худо режасининг марказида эканини билсак, ҳар қандай қийинчиликни ҳам енга оламиз. Бироқ Худонинг режасидан ташқарида бўлсак, энг катта муваффақият ҳам бизга татимайди.