Ассалому алайкум. Сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчимиз. Айтинг-чи, нима учун эркаклар муносабатларда аёллардан кейинги ўринда туради? Бу саволга жавобингиз борми? Кимдир бу борада шу хулосага келибди. Эркаклар кўпроқ ишни ўйлайдиган қилиб яратилган, аёллар эса муносабатларга мойил қилиб яратилган. Мисол учун менга бирорта танишим қўнғироқ қилиб, гаплашадиган гапи борлигини биргаликда тушлик қилишни таклиф қилса, дарҳол нима гапи борлигини сўрайман. Агар телефонда ҳам гаплашиш мумкин бўладиган гап бўлса, телефондаёқ ҳал қилиб қўя қоламан. У билан учрашиб вақтимни кетказиб ўтирмайман. Борди-ю хотинимга бирор дугонаси телефон қилиб, бирга тушлик қилиб олишни таклиф қилса, хотиним албатта боради.
Ўша телефондаги таклифдан сўнг яна камида 5-10 минут гаплашишади. Хотинимга учрашиб, юзма-юз гаплашиш, дугонаси билан шундай муносабатда бўлиш ёқади. Бундай нарсаларни эркаклар кераксиз деб хисоблашади. Тўғрида, ахир телефонда ҳам ҳал қилса бўладиган ишни, учрашиб ҳал қилиш шартми? Бироқ Худованд бизни ишга мойил қилиб яратганига қарамай, оилада ҳам бошқа жойда ҳам муносабат билан ишни бир меъёрда сақлашга ҳаракат қилиш лозим. Нима учун эркак билан аёл бир бўлса, бир-бирини тўлдиради, дейишади? Чунки эркак ўзида етишмайдиган муносабатни аёл билан яшаш давомида олади. Агар эркак ишни ҳам муносабатни ҳам бир меъёрда сақласа, ҳотиржам бўлади. Ишда муваффақиятларга эришиш, молиявий жиҳатдан бақувват бўлиш, атрофдаги бошқа эркаклар олдида маълум бир мавқега эга бўлиш, ҳар бир эркакнинг интилишларидир.
Болаларига вақт ажратиб уларга таълим берадиган, аёлининг истакларини ўзиникидан биринчи ўринга қўядиган эркакни топиш қийин бўлса керак. Тўғрисини айтадиган бўлсак эркаклар худбинроқ бўладилар. Бошқаларнинг қизиқишларига эътибор қилиш хислатини ўзида шакллантириш вақт талаб этадиган жараён. Исо Масиҳнинг ёрдамисиз жуда кам кишигина ўзидан кўра бошқаларнинг қизиқишларига эътиборли бўлиши мумкин. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: «Ҳаммаси ҳам Исо Масиҳни эмас, ўз ишларини ўйлайди-ку.” Бироқ биз ўзимизнинг манфаатимизнигина эмас бошқанинг манфаатини ҳам ўйлашга чақирилганмиз. Филлипликлар 2 боб 4-5 оятларда шу ҳақида ёзилган: «Ҳар бир киши ўз манфаатинигина эмас, балки бошқаларнинг манфаатини ҳам кўзласин. Исо Масиҳ қандай фикрга эга бўлса, сизлар ҳам ўзаро худди шу фикрга эга бўлинглар.”
Фақат ақлдан озганларгина ўз манфаати ва қизиқишлари ҳақида ўйлаймайди. Ҳеч ким бизнинг ҳаётимиз учун жавобгарликни ўз бўйнига олмайди. Биз ўз танамиз хоҳишига кўра яшасак, муаммолар кўпаяди. Бизнинг гуноҳли табиатимиз фақат ўзимиз ҳақимизда ўйлашга ундайди. Бироқ бутун вақтимизни фақат ўзимиз ҳақимизда ўйлаб ҳам ўтказмаслигимиз керак. Агар шундай қилсак, бошқалар ҳақида ўйлашга вақт қолмайди. Ҳамма ўзидан ташқари бошқалар ҳақида ҳам ўйлаганида, дунёмиз бунчалик шафқатсиз бўлмаган бўларди. Худога шукрки орамизда ўзидан ташқари бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзлайдиганлар бор. Масиҳ қандай фикрга эга бўлган бўлса, шундай фикрга эга бўлиш муносабатларни мустаҳкамлайди. Муносабатлар тўғрисида яна бир гап, биз ичкарида ўзимизни қандай тутсак, аслида шундай одаммиз. Ҳар биримиз, ташқарида ҳам ичкарида ҳам Масиҳга ўхшаш инсон бўлишга ҳаракат қилайлик.