3:26

Дўст фикрларимизни тиниқлаштиради

MP3

Ассалому алайкум. Бир куни дўстимнинг уйига бориб, «Сенга бир гап айтишим керак”, — дедим. У эса: «Юр бироз айланамиз”, деб таклиф қилди. Бир соатча пиёда юрдик. Кейин эса унга қараб, «Раҳмат, менга катта ёрдам бердинг”, — дедим. У эса тушунмади. «Мен фақат икки оғиз «Салом” ва “Хайр”, деган сўзларни айтдим. Бошқа ҳеч нарса демадим-ку?”, — деб қолди. Қийин дамларда бошингиздан кечираётган муаммо ҳақида ўйлай олмайсиз. Бу ҳақида ўйлашнинг ўзиёқ сизга қийинчилик туғдиради. Руҳингиз жуда озор чекан, ўзингиз эса қаттиқ ташвишдасиз. Бироқ шундай бўлса ҳам фикрларингизни саралашингизга тўғри келади. Шундай пайтларда: “Дардимни айтиб оладиган бирор бир киши бўлсайди», — деб ўйлайсиз. Шундай кишига муҳтожлик сезасиз. Сизларда қандай билмадим-у, менда шундай одат бор.

Балки бу менинг муҳтожлигимдир. Қийин аҳволга тушиб қолганимда, бундан буёғига қандай йўл тутишни билмаётган пайтимда, дўстимга фикрларимни, бошимдан кечираётган қийинчиликларни айтаман. Шу билан бирга ундан нима қилиш кераклиги ҳақида сўрайман. Дўстим менинг ҳолатимни аниқ тушунгач, Муқаддас Каломдан ташқарига чиқмаган ҳолда, менга тўғри маслаҳат беради. Баъзида шундай бўладики, дўстимга ўз ҳолатимни айтаётган вақтимнинг ўзидаёқ, саволларимга жавоб топаман. Баъзилар эса қийин дамларда ўзи ёлғиз қолишни истайди. Шу ёлғизлик ичида чуқур ўйлаб олгандан сўнггина, саволларига ечим топади. Ҳаммада бу ҳолат ҳар хил кечади. Сулаймон пайғамбарнинг Маталлар китобида шундай оят бор: «Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.” Демак қийин ҳолларда бирор бир ечимга ва тўхтамга келиб олишимиз учун бизга дўст керак бўлади.

Бошқа бир ҳолатларда эса, муаммомизга ечим топадиган эмас, бизнинг қалб оғриқларимизни тушунадиган инсонга муҳтожлик сезамиз. Қийин ҳолатларни бошидан кечираётган одамга дўст керак. Дўсти бўлмаган одам қийинчиликлар остида ҳолдан тояди, уларни кўтара олмай қолади. Балки айнан шунинг учун ҳам Муқаддас Каломда: «Ёнида шериги бўлмаганнинг ҳолига вой”, деб ёзилгандир. Ҳақиқий дўст дардингни чин дилдан, гапингни бўлмасдан, эшита олади. Қийналаётган одам баъзида бошқанинг билағонлик билан берган маслаҳатига эмас, шунчаки ҳамдардлигига муҳтож бўлади. Бундай пайтларда уни диққат билан тинглай билиш керак ҳолос. Эшита олиш ҳам катта қобилият. Чунки атрофимизда 90 фоиз инсонлар эшитишдан кўра кўпроқ гапиришни маъқул кўрадилар. Бугунги кунда бировнинг дардини биров эшитадиган киши камдан кам топилади.

Сизга маслаҳатимиз дўстингиз бўлса, қийин дамларда унга маслаҳат беришдан ҳам олдин яхшилаб дардини эшитинг. Эшитганда ҳам унинг қийинчилигини ҳис қилган ҳолда, ҳамдардлик ҳисси билан эшитинг. Шу ишингизнинг ўзиёқ, дўстингизга катта ёрдам бўлади. Шуни билингки, фақат сўзлар ҳамдардликни ифодаламайди. Ҳеч қандай сўзсиз ҳам ҳамдардлик билдириш мумкин. Бундай ҳамдардлик ҳар қандай сўздан ҳам кўпроқ ёрдам беради. Кимдандир ёмон хабар эшитиб, ғамга тушганингизда кимга биринчи бўлиб қўнғироқ қиласиз? Ёки бўлмаса бирор нарсадан хурсанд бўлсангиз, хурсандчилигингизни ким билан бўлишасиз? Шундай дўстингиз борми? Маталлар китобида дўст ҳақида яна шундай сўзлар бор: «Дўст ҳар қачон севиш учундир, ака-укалар ҳам оғир кун учун туғилган.” Маталлар 18:24 «Шундай дўст борки, у ҳалокат келтиради, дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир.” Биз эса Яратгандан сизларга туғишгандан ҳам яқинроқ бўлиб қоладиган дўст беришини сўраб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top