2:42

Иккинчи энг муҳим нарса

MP3

Ассалому алайкум. Бизнинг ҳаётимиздаги энг муҳим нарса бу Худони севиш. Биз Худо учун нимаики қилсак унинг замирида Худога бўлган муҳаббат ётиши керак. Ҳаётимиз давомида қандай ишлар қилмайлик, асосий мақсадимиз ўзгармайди – бу Худони биринчи ўринга қўйиш ва севиш. Суҳбатларимиз бирида ёш йигитнинг Исони синаш учун берган саволини ўқиган эдик. Қандай савол эканлиги ёдингиздами? Келинг шу саволни яна бир қайтарамиз. Чунки савол ҳам Исонинг жавоби ҳам суҳбатимиз учун асосий мавзудир: « Устоз, Тавротнинг қайси амри буюк? – деб сўради. Исо унга: ― Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин.

Бу биринчи ва энг буюк амр. Иккинчиси эса шунга ўхшашдир. Ўзгани ўзинг каби севгин.” Исо бу йигит Уни синамоқ ниятида эканини биларди. Шунинг учун ҳам икки буюк амрни бирин кетин айтди. Бизнинг энг муҳим ишимиз бу Худони севиш. Аммо кўриб турган биродаримизни севмасак, кўрмайдиган Худойимизни қандай севамиз? Бизга берилган иккинчи муҳим амр бу бошқалар билан яхши муносабатда бўлишдир. Каломда «бошқаларни” деб ёзилган. Агар уйланган бўлсак, бу хотинимиз бўлиши мумкин. Чунки хотин Худодан совға ва Худонинг назарида эр ва хотин бир. Фарзандларимиз бизга муҳтож, уларнинг муҳтожлигини қондириш учун ўз навбатида биз ҳам осмондаги Отамизга қараймиз.

Ота-онамиз билан яхши муносабатда бўлиш ҳам Худонинг буйруғи, чунки Каломда У : «Ота-онангни ҳурмат қил”, деб буюрган. Муқаддас Калом бу дунёда яшашимиз учун бошқаларга боғлиқ эканимизни айтади. Дўстлар, душманлар, мусофирлар, камбағаллар, бошлиқлар, ишчилар ва бошқалар. Булар билан муносабатсиз яшаб бўладими? Ҳаётимиз давомида турли хил одамларга дуч келамиз. Бу одамлар билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги эса Каломда аниқ қилиб ёзилган. Биз ҳаётимизда Худо бизга берган хотин, болалар, ота-она, опа-сингил, ака-ука, дўст, қариндош, душман, қўшни, мусофир ва бошқалар билан муҳаббатли муносабатда бўлишимиз керак.

Агар Худо бизга берган энг катта иккита буйруқни кўриб чиқадиган бўлсак, у шундай бўлади: «Худони сев ва ўзгани сев.” Агар биз шу икки нарсани амалда бажара олсак, қаршимизда турган авлодга Масиҳнинг Хушхабарини етказа олардик. Буюк ёзувчи Лев Толстой шундай деган эди: «Ҳамма инсониятни ўзгартириш ҳақида ўйлайди, бироқ ҳеч ким ўзини ўзгартиришни ҳаёлига ҳам келтирмайди.” Бизнинг олдимизга қўйилган шу икки буюк амр эса ўзгаришимизга биринчи қадам бўлади. Кейинги суҳбатимизда Худовандда дам олиш ҳақида суҳбатлашамиз. Дунёда яшаш осон эмас, бироқ шундай ҳолатда ҳам Худо бизга етарлича дам Бера олади. Фақат ўша дамни қандай олишни билсак бас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top