3:05

Худо сизни эшитади

MP3

«Овозим Худовандга етиб борсин, Нолаю фарёд қиламан. Овозим Худовандга етиб борсин, тавалло қилиб ялинаман. Кўнглимни Унинг олдида очаман, қайғуларимни Унга сўзлаб бераман» Забур 141:1-2

Авваллари Худо билан қандай гаплашишни билмасдим. Тунда ҳеч кимга билдирмай, самога қараб, юлдузларга ва Ойга дардларимни айтиб, истакларимни бажо келтиришларини ёлвориб сўрардим. Самода кимдир истакларимни эшитаётганини билардим. Ўшанда Худога қандай илтижо қилишни билмасдим, энди биламан. Сиз ҳам биласиз. Сиз ҳозир Худо билан гаплашишингиз мумкин. Унга юрагингизнинг тубига яширган сирларингизни, истакларингизни айтишингиз мумкин, У сизни эшитади.

Самога ўрлаган овозингиз Худованд учун қадрли. Инсонлар орасида юрагингиздагиларни айтаётганингизда кимдир сизни тингламай, ўз қизиқишлари ҳақида сўзлаб кетиши ва сизнинг сўзларингизни жиддий қабул қилмасликлари мумкин, бироқ Худованд ҳар бир сўзингизни жиддий қабул қилади. Сиз Унинг ҳузурига келганингизда, сизни яратган Тангри сиз томонга ўгирилади. Овозингизни эшитиш учун сизга юз буради. Қўрқманг, Худонинг ҳузурида сизга мурувват кўрсатишади. Бирор сўзни айтолмай дудуқланиб қолсангиз ҳам майли, қандай ибодат қилсангиз ҳам Худованд сизга эътибор қилади ва бундан кўнгли тўлади. У бузилган кўнгилингиздан отилиб чиқаётган нолаларни тинглайди, аччиқ – аччиқ йиғлаб, хатоларингиздан афсусланиб, тавба қилишингизни ҳам эшитади.

У қариялар уйидаги ғамгин кўнгил ноласини ҳам, қамоқхонадаги жиноятчининг тавбасини ҳам, ароқхўрнинг шафқат тилаб ялинишини ҳам тинглайди. Турмуш қурган аёлнинг дардларини, эри билан муносабатдаги қийинчиликларини, болаларига тарбия беришдаги илтижоларини тинглайди. Уйланган эрнинг оиласининг фарвонлиги учун қилган ибодатини ҳам, хотини ёки болаларига қилган қўполликлари учун афсусларини ҳам эшитади. Турмуш қурмаганларнинг ўзларига муносиб ёр бериш учун қилган илтимосини, ишбилармон одамнинг тўғри ва одилона қарор қилиш учун донолик сўрашини ҳам эшитади. Худованд қўшнингиз ёки танишингиз каби, шунчаки сизнинг кўнглингизни оғритмаслик учун соҳта диққат билан эмас, меҳрибонлик, ғамхўрлик билан аниқ ва эътибор билан эшитади.

Дард чекаётганларнинг дардлари нақадар оғриқли эканини ҳис қилади. Ҳасталарнинг соғлиғи учун қайғуради. Бир имонлидан эшитгандим. У оғир касал бўлиб, оғриқлардан қийналаётган пайтда, ярим тунда Исо Масиҳнинг палатасида пайдо бўлиб, бошига қўл қўйганини айтган эди. Шундан сўнг оғриқлар тўхтаб, тез орада касалхонадан чиқиб кетган экан. Шунинг учун ҳам Худованд ҳасталарнинг ҳам, қалбан дард чекаётганларнинг ҳам дардларига қулоқ солишига ишончимиз комил. Баъзан душманимиз шайтон: «Худо сени эшитмайди. Сен кечириб бўлмас гуноҳ қилгансан» деб алдайди. Унинг алдовларига ишониб қолманг. Яратувчимиз ҳар биримизнинг чин дилдан қилган ибодатларимизни тинглайди. У ҳар доим сизни эшитишга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top