«Аммо сизлар – танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъвад этган, Сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар.» 1Бутрус 2:9
Азизлар, баъзан сизни пайқашмайдиган ҳолатлар бўлиб турадими? Бошқалар сизни пайқашлари ва сизга эътибор қилишлари учун, соч аввалгидан бошқача қилиб кестирасиз, айни дамда урф бўлган кийимлар киясиз, янгиликлар билан ўзингизни ўзгартиришга уринасиз. Шундан сўнг сизни пайқаб қолишади, сизга эътибор қиладиган бўлишади, аммо буларнинг ҳаммаси вақтинча. Шундай қилиб бошқалар сизни пайқашлари ва сизга эътибор қилишлари учун кўп ҳаракат қилишингизга тўғри келади. Бундай қилиш нотўғри эканини биласизми?
Агар бу вазиятни бутунлай ўзгартирмоқчи бўлсангиз, ўзингизга Худованднинг назари билан қарашни ўрганишингиз керак. Худо сизни қандай кўрса сиз ҳам ўзингиз ҳақингизда шундай фикрда бўлишингиз лозим. Ишаё пайғамбар китобида ёзилишича Худованд нажоти ва ҳақиқат кийими билан сизни кийинтирган, бошингизга гулчамбар таққан. Сиз Худога тегишли шахссиз. Бошқалар пайқамаётгани учун бунчалик қайғуриб, уринишингизга ҳожат йўқ. Баъзан ўз-ўзингизни ҳурмат қилмай қўйган пайтлар бўладими? Ўзингизни ҳаммадан ҳам ожиз, ландавур ҳис қилганмисиз? Агар шундай бўлса, ўз қадрингизни билинг: «Биласизларки, ота-боболарингизнинг беъмани турмуш тарзидан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига қутулмагансизлар.
Сизлар бенуқсон ва беғубор қўзи қонига ўхшаган Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар». Қадимда қулликдан озод бўлиш учун қул ўз хўжайинига қанчадир миқдорда кумуш ёки тилла тангалар бериши керак бўлган. Худо эса бизни шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига эмас, Ўз Ўғлининг бенуқсон қони эвазига сотиб олди. Масиҳ бизнинг гуноҳдан озод бўлишимиз учун хочда ўзини қурбон қилди. Энди эса Унинг нажотига ишонган бизлар Худонинг бебаҳо фарзандлари саналамиз. Худонинг фарзанди эса ўз қадрини билиши лозим. Биз ўз кучимиз билан қила олмаган ишни Худованд биз орқали бажаради. Муҳими бажарадиган ишимиз Худонинг иродасига кўра бўлсин. Худо бизни ўзиники қилиш учун бизни азалда танлади.
Худо биз учун тўлаган тўловни қандай унутиш мумкин? Бу ҳақида ўйлаб кўринг. Чуқур ўйланг. Исо Масиҳнинг муҳаббати ўзингиз ҳақингиздаги фикрларни ўзгартиришига имкон беринг. Шайтоннинг ёлғонларига ишониб, ўзингизни бу қадар ерга уриб хор қилманг. Сиз Худованднинг танланганисиз, У сиз учун махсус режа тузган. У сиз орқали Ўз ишини амалга оширмоқчи. Каломда ёзилганидек сиз Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ ва Худонинг азиз қавмисиз. Худо шунча қадрлаган инсон, нега ўзини бу қадар хор қилиши керак? Каломни очиб, яна бир марта Худованд сиз ҳақингизда нималар деётганини эшитинг. Худованднинг кимлигини яқинроқ билиб олиб, ўзингиз ҳақингизда ҳам тўғри фикрга эга бўлинг.