3:19

Кечирим нима?

MP3

Кечирим нима? Бу кечирим беришга қарорми? Ёки ҳиссиётми? Кечирим нима ўзи? Бу ҳақида бугунги суҳбатимиздан билиб оласиз. Кечирим сизга озор берган одамга нисбатан ғазаб сақламасликдир. Биринчидан кечирим берганда, уни жазолаш ҳақидаги фикрингиздан воз кечасиз. Иккинчидан жазолаш ҳақидаги ҳар қандай далиллардан воз кечасиз, учинчидан қилган ишидан хафа бўлмасликка ахд қиласиз. Кечирим бериш грамматик жиҳатдан олиб қаралганда феъл. У иш-ҳаракатни ифодалайди. Кечирим бериш учун бирор нарса қилишга қарор қилинади. Агар турмуш ўртоқлардан бири кечирим беролмаса, ўртадаги муҳит ўзгармайди. Чунки кечирим беришни истамаган турмуш ўртоқ, вазиятнинг яхшиланишига ҳалал бераётган бўлади.

Агар ҳар икки томон ҳам бир-бирига кечирим беришни истамаса, жанжаллар кундан кунга кўпаяди, юракда аччиқлик ва нафрат кўпаяди. Баъзида эр-хотинлар бир-бирларининг қилган кичик айбларини ҳам кечира олмайдилар. Мана шу кечиримсизлик билан ҳаёт кечиришда давом этадилар. Бироқ юракдаги гиналар, турмушнинг кейинги қадамларига ҳам қаттиқ таъсир қилади. Турмуш ўртоғининг қилган хатоларини юракда сақлаш, уни кечирмаслик, эр-хотин ўртасида ўрнатилаётган тўсиққа ўхшайди. Улар орасида тўсиқ қанча баландлаб борса, улар шунчалик бир-бирларидан узоқлашади. Натижада бундай оила пароканда бўлади. Ҳеч ким оиласининг барбод бўлишини истамайди. Турмуши бузилмаслигини истайдиган киши эса кечирим беришни ўрганиши керак.

Кечирим бу ҳис – туйғу эмас. Бу ўша одамнинг ҳатосини кечиришга қарор қилишдир. Сиз кечирдим деб қарор қилганингиздан кейин ҳам юрагингизда турмуш ўртоғингиз томонидан етказилган оғриқ бўлади. Аммо ҳар сафар ўша оғриқни эслаганингизда кечирим берганингизни ёдга олинг. Сиз кечирим бергансиз, ва энди қайтиб ўша ҳолатни ёдга олмаслигингиз керак. Агар ҳис-туйғуларингизга ишониб, уни кечиришни кутсангиз, ҳеч қачон кечира олмайсиз. Сизнинг қилган қарорингиз ҳисларингизни ўзгартиради. Кечирим нима? Кечирим бериш бу – сизга етказилган озорларни унутиш эмас. Сиз унута олмайсиз. Киши табиатан ўзига етказилган озорларни унута олмайди. Баъзилар эса атайин унутишни истамайди. Бироқ кечирим берилгандан кейингина унинг сизга етказган озорларини унутасиз.

Аслида турмуш ўртоғингизнинг қилган ишини унутмайсиз, фақат эслаганингизда юрагингиз ҳеч қандай озорни ҳис қилмайди. Яъни унинг ишини эслаганингизда бошқа қийналмайсиз. Кечирим беришга қарор қилиш, қилган ишига яраша, жазо бериш ёки ёмонлик қилиш истагидан воз кечиш ҳамдир. Чунки биз: «Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш» қабилида яшашга ўрганганмиз. Аммо сизга етказилган озор учун унга худди шундай жавоб қайтариш фикридан воз кечиш – ҳақиқий кечирим ҳисобланади. Кечирим бераётган одам: «Агар мен кечирим берсам, у қилган иши учун жавоб бермайдими?», — деб ўйлаши табиий. Кечирим бериш сизнинг ишингиз. У эса қилган иши учун жавобгарликни ўз бўйнига олади. Кечирим олганидан кейинги қадам унинг иши. У ҳозиргина қилган хатосини бошқа такрорламаслик учун жавобгарлик олади. Оила мустаҳкам бўлишини истайдиган ҳар бир эр-хотин бир-бирига кечирим беришни ўрганиши лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top