Ассалому алайкум. Суҳбатимиз мавзусини эшитдингизми? Бугунги мавзумиз «Дўстликни сақлаш ва ҳимоя қилиш». Эр-хотин ўртасида ҳам дўстона муносабат бўлиши шарт. Гулларнинг ўсиши учун қуёш нури ва сув керак бўлганидай, оила учун ҳам етарлича эътибор ва муносабат керак. Бир-бирига етарлича эътибор бермагани ва муносабатда бўлмагани учун кўпгина оилалар барбод бўлади. Бу нарсанинг олдини олиш учун эса биз бугунги суҳбатимизда эр-хотин ўртасидаги дўстликка диққатимизни қаратамиз. Эр-хотинлар бир бири учун эр ёки хотин ҳамда севимли ёр бўлишидан ташқари бир-бири учун энг яхши дўст бўлишлари ҳам керак. Турмуш ўртоқларнинг бир-бири учун яхши дўст бўлиши муносабатларининг завқли бўлишини ва никоҳларининг келажаги мустаҳкамлигини таъминлайди. Эр-хотин ўртасидаги дўстликни сақлаш жуда муҳим.
Оила мутаҳасислари бир неча йил олдин турли хил ёшдаги эр-хотинлар ўртасида сўровнома ўтказишибди. Улар оила бўлиб яшашдан мақсад нима деган саволга жавоб беришлари керак эди. Нима деб ўйлайсиз уларнинг кўпчилиги қандай жавоб берган? Хавфсиз жинсий муносабатми, оилани кенгайтиришми, ёки моддий хавфсизликми? Ҳеч бири эмас. Бу сўровда иштирок этган эр-хотинларнинг кўпчилиги турмуш қуришлардан мақсад яхши дўстга эга бўлиш, деб жавоб беришган. Хўш, дўст қандай бўлиши керак? Бу саволга сиз қандай жавоб берасиз? Ўша ўтказилган сўровномада эр-хотинлар дўстга шундай тавсиф беришган: Дўст бу сени қўллаб-қувватлайдиган, ҳар қачон сени эшитишга тайёр бўлган, ҳаётда сенга йўлдош бўла оладиган ва ҳар доим у билан ўзингни эркин ҳис қила оладиган ва сирларингни бемалол айта оладиган киши.
Турмуш ўртоқларимиз билан дўст бўлишимизга нималар тўсқинлик қилишини биласизми? Биз ҳаммамиз жуда бандмиз. Ишга борамиз, болаларнинг муҳтожлигини қондирамиз, йиғиштирилмаган уйни тартибга келтирамиз, уйдаги баъзи тузатиш, тўғрилаш ишларини қиламиз, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириш учун бозорга чиқамиз ва ҳокозо. Шунча ишлардан кейин турмуш ўртоғимиз билан дўстона муносабат қуришга вақтимиз қоладими? Дўстлик эр-хотин муносабатларининг негизи ҳисобланади. Элдор билан Лола турмуш қуришганларига саккиз йил бўлган. Авваллари улар бирга узоқ вақт турли хил мавзуларда суҳбатлашиб ўтиришарди. Бу нарса уларнинг ҳар иккисига ҳам ёққан. Бу суҳбат уларнинг муносабатларини мустаҳкамлаган ва бир-бирига яқинлаштирган.
Аммо энди улар бундай суҳбатлашмай қўйишган. Ўзаро бир-биридан сўрашмоқда: «Нега бундай бўлди?» Лола бу саволга жавоб топгандай: «Ҳар иккимиз ҳам ишлаймиз, ишдан сўнг болаларга қараш, уларнинг дарсларга ёрдамлашиш, овқат тайёрлаш, болаларни ухлашга ётқизиш, ва ундан сўнг яна ошхона ишлари. Сиз эса ишдан кеч қайтасиз, бунинг устига яна чала қолган ишларингизни уйга олиб келасиз. Шу таҳлит кунларимиз ўтиб бораяпти. Ўтириб суҳбатлашишга эътибор қилмай қўйдик.» Лоланинг гапи тўғри эди. Оилада фарзандлар кўпайиб, ишга ва болаларга вақт сарфлаш билан кунларимиз ўтиб кетади. Эр оилани таъминлаш ҳақида бош қотирса, аёл уй юмушлари-ю, болаларга вақт ажратиш ҳақида ўйлайди. Ўз муносабатлари ҳақида ўйлашга вақт ҳам истак ҳам йўқолади. Нега эр-хотинлар бир-бирига нисбатан дўстона ҳис-туйғуларни йўқотиб қўйишди? Бу ҳақида кейинги суҳбатимизда давом эттирмиз.