3:12

Завқланиш пайтида келишмовчиликларнинг олдини олиш

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчи дўстлар. Аввалги суҳбатларимизда эр-хотинлар муносабатларида ўзаро дўстликни ривожлантириши лозимлиги ҳақида айтиб ўтган эдик. Ëш йигит билан қиз турмуш қургач энди улар икки эмас бир тан ҳисобланишади. Муқаддас Каломда ҳам бу ҳақида шундай дейилган: «Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар». Бир тан бўлган турмуш ўртоқлар бир-бирлари учун чин дўст ҳам бўлишлари керак. Дўстона муносабатлар пайтида эса мумкин қадар келишмовчиликлардан сақланиш лозим. Бу қоида нафақат дўстликни ривожлантиришда балки, эр-хотинлар биргаликда мароқли вақт ўтказиш пайтида ҳам асқотади. Оилада турли ҳолатлар бўлади.

Оила қийинчиликларни, тўкин ҳаётни, ғам-қайғу ва хурсандчиликни бошидан кечиради. Бу ҳолатлар ҳар бир оилада бўлиб туради. Бироқ эр-хотин биргаликда вақт ўтказишлари учун бирор бир пайтни режалаштирганларида, бу вақт давомида муаммолардан, ораларидаги келишмовчиликнинг сабаблари ёки бўлмаса яна бошқа ёқимсиз мавзулардан гап очмасликлари лозим. Бу вақт давомида эр ҳам хотин ҳам мумкин қадар бир бирини хурсанд қиладиган, яхши вақт ўтказишга ёрдам берадиган мавзулар ҳақида гаплашишлари керак бўлади. Кўпчилик эр-хотинлар, бу нарса учун деярли вақт ажрата олмайдилар. Улар ҳаддан ташқари банд инсонлар бўлади. Мабодо бирор бир пайтни танлаб бирга вақт ўтказмоқчи бўлсалар ҳам, эр-хотинлардан бири «ҳамон бирга вақт ўтказишга имкон бўлган экан, мен сен билан мана бу масалада гаплашиб олишим керак», қабилида иш тутмасликлари лозим.

Бундай ҳолатда эр-хотиннинг завқ олиш учун ажратилган вақти, можарога айланиб кетиши мумкин. Бундан иложи борича сақланишни маслаҳат бераман. Агар эр-хотин ўртасида бирорта келишилмаган ва суҳбатлашиб олиши керак бўлган масала бўлса, бу учун алоҳида вақт ажратишлари керак. Бу вақт давомда эса Эшитувчи Гапирувчи усулидан фойдаланишлари ҳар иккиси учун ҳам фойдали бўлади. Яна муаммоли масаладан ташқари баъзилар биргаликда вақт ўтказиб завқланиш ўрнига, оиладаги моддий маблағ ҳақида гаплашиб олмоқчи бўладилар. Бу ҳам ҳар иккисининг завқланишига тўсқинлик қилади. Бу мавзу асносида ҳам келишмовчилик пайдо бўлади.

Яна бир тоифа кишилар эса ҳар доим банд ҳаёт тарзига кўникиб қолганлари боис, турмуш ўртоқлари билан биргаликда вақт ўтказиш улар учун қийин туюлади. Мабодо бирга бирор жойга дам олишга борсалар ҳам тезда айтишиб, қоладилар. Бу уларнинг биргаликда завқланишни билмаслигидандир. Улар бунга кўникмаганлар. Биргаликда завқланиш мумкин деган фикр улар учун янги. Бироқ шундай бўлса ҳам, бу турдаги эр-хотинлар учун тез-тез бирга вақт ўтказиб туришни маслаҳат берамиз. Аста секин қандай завқланиш мумкинлигини билиб олишади. Агар турмуш ўртоғингиз завқланишни бемаънилик деб ҳисобласа, асло кайфиятингизни туширманг. Завқланишга бирор сабаб топиб ўзингиз етакчилик қилинг. Завқланиш никоҳдаги муносабатларни самарали қилар экан, бунинг учун янги нарсаларни ҳам ўрганишга тўғри келади. Бу борада сизларга омад тиламиз. Олға!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top