Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз қурбонгоҳ ва унинг рамзий маъноси ҳақида бўлади. Маъбаднинг нималардан қурилганини биламиз. Бироқ қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ нимадан ясалганлигини биласизми? Чиқиш 27 бобда ёзилишича қурбонгоҳ ёғочдан ясалган. Унинг ҳамма томони беш тирсак ўлчамда эди. Қурбонгоҳнинг бурчакларига шоҳлар ясалган. Қурбонгоҳнинг асоси ва тагига қўйиладиган панжара ҳам бронзадан ясалган эди. Биз маъбад қурилишига акас ёғочи ишлатилганига гувоҳ бўлдик. Хўш, Худованд нега айнан акас ёғочини танлаган? Унинг бирор рамзий маъноси борми? Биринчидан акас ёғочи жуда қимматбаҳо ва пишиқ ёғочлардан бўлган.
Иккинчидан эса акас ёғочи Исо Масиҳнинг дунёга инсон қиёфасида келганлигининг рамзи эди. Акас ёғочи пишиқ бўлгани учун емирилмайди. Исо Масиҳ ҳақида ҳам шундай дейишган. Унинг танаси чиримайди. Забур 17 бобда Довуд Худо ҳақида шундай деган: «Худованд – суянчиғим менинг, Қўрғониму Халоскорим менинг! Тангрим – бошпана топган қоям, Қалқоним, қаҳрамоним, истеҳкомим менинг!» қурбонгоҳ четларига ясалган шоҳлар эса бегуноҳ қурбонликнинг рамзи эди. Иброҳим ўғлини қурбон қилмоқчи бўлганида, Худованд бир бегуноҳ ҳайвонни қурбон сифатида берган эди. Китобда ўша ҳайвоннинг дарахт шоҳларига шоҳидан илиниб қолгани ёзилган. Исо Масиҳ эса нажотимизнинг шоҳи.
Ëшуа китобида ёзилишича, ғалаба қилганда чалинадиган бурғу қўчқорнинг шоҳидан ясалган бўлган. Муқаддас Китобда яна ёғни шох ичига солишгани ҳақидаги маълумот бор. Ëғ эса Муқаддас Руҳнинг рамзи эди. Исо Масиҳ нажотимизнинг шохи бўлгани ҳолда бизни Муқаддас Руҳ билан мойлади. Матто 23 боб 19 оятда Исо Масиҳ қурбонликни қурбонгоҳ муқаддас қилади, деб айтган. Ўша пайтда қурбонликни қурбонгоҳга қўйишдан олдин қурбонгоҳни мой билан мойлашарди. Худованд маъбадида хизмат қиладиган ҳар бир руҳоний Унинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиши лозим эди. Итоатсизлик қилган руҳоний ўларди. Хизматчилар Худонинг улуғворлигини кўриш ва Унинг хузурида қолиш учун буюрилганлага қатъий амал қилиши керак эди. Бизда ҳам шундай.
Худонинг улуғворлигини кўришни ва Унинг муҳаббатида шодлигида қолишни истасак, Унга итоатли бўлишимиз лозим. Итоаткорлигимиз эса баракаланишимизнинг асоси бўлиб қолади. Қурбонлик қурбонгоҳга келтирилганда унинг қонини қурбонгоҳ четларидаги шоҳларга суришарди. Қурбонгоҳдаги оловни Худованд Ўз қўли билан ёққани учун ундаги олов ҳеч қачон ўчиб қолмаслиги керак эди. Хизматчилар доимо шундан боҳабар бўлиб туришган. Худо қурбонгоҳдаги оловни ёққан, маъбад ичидаги хизматчилар эса бу оловни алангалатиб туриши лозим. Бизда ҳам шундай Худованд ичимизга олов ёққан биз эса ўша оловни доимо алангалатиб туриш эса бизнинг ишимиз. 2 Тимўтий 1 боб 6 оятда шундай ёзилган: «Шу сабабдан, қўлларимни бошингга қўйишим натижасида сен Худодан олган руҳий қобилиятингни алангалатиб туришингни эслатмоқчиман». Қадрли тингловчи сизда Худодан олган қандай қобилиятингиз бор? Уни алангалатиб турибсизми?