Ассалому алайкум. Руҳонийлар сўзини эшитиши билан ҳар бир киши, Худо учун хизмат қиладиган махсус шахсни тушунади. У ҳақиқатдан ҳам шундай. Мусо Исроил халқини саҳро орқали Худо ваъда қилган ерга олиб кетаётганида, Худонинг буйруғига кўра маъбад қурдирган ва маъбадда хизмат қилиш учун Худованд Левий ҳалқини танлаган эди. Худди шунга ўхшаб бугунги кунда биз масиҳийлар ҳам Масиҳ учун танланганлармиз. Исо Масиҳгача, одамлар Худога яқинлашиш мақсадида қанчадан қанча қурбонликлар келтиришган. Бу удум ҳозиргача сақланиб қолган. Гарчи қўй сўйиб қурбонлик қилиш гуноҳлар учун қилинишини унутган бўлсаларда, ҳайитларда, бирор бир махсус кунларда қўй сўйиб, қурбонлик қилишни унутмаганлар.
Аммо энди гуноҳларни ювиш учун ҳайвон қонини тўкиш шарт эмас. Раббимиз Исо Масиҳ хочда ўз қонини тўкиб, бутун инсоният учун тўлов тўлади. Гуноҳлардан озод бўлиш учун Унинг қурбонлигини қабул қилишнинг ўзи етарли. Бироқ Худованд Ўз фарзандлари қабулига ўтган масиҳийлардан ҳали ҳам руҳий қурбонлик талаб этмоқда. Бу қурбонлик бизнинг ҳамду – саномиз, ўзимизни бағишлаш ва Унга бўлган имонимиздир. Раббимиз Исо Масиҳ Юҳанно 17 боб 13-21 оятларда биз учун шафоат қилган. Бу оятларга кўра Масиҳ Унга эргашганлар ва келгусида ишонадиганлар учун шафоат қилган. Биз бу дунёдан бўлмаганимиз учун дунёдагилар биздан нафратланади. Масиҳ Худодан бизларни Ўз каломи билан поклашини, ҳимоя қилишини сўрайди.
Биз Худо учун ажратиб олинганлар бўлсакда, дунёга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Баъзилар дунёга аралашиб кетмаслик учун ундан узоқда яшашни маъқул кўришади. Бў тўғри эмас. Биз дунёда яшаб туриб, дунёнинг ишларидан ҳимояланишимиз лозим. Шахсан сиз муқаддас бўлиш учун нималардан сақланасиз? Ëки бўлмаса Худованд учун ажратиб олинганингизни бошқалар қандай билади? Бу ҳақида ўйлаб кўринг. Эски Аҳдда эркак ёки аёл маълум бир вақт Худовандга ўзини бағишлаш учун қасам ичар ва шу кундан бошлаб ўша аёл ёки эркак Худованд учун назр қилинган ҳисобланарди. Бу ҳақида Коринф шаҳридагилар биларди. Павлус эса Коринф шаҳрига боришдан олдин назр қилинган эди. Назр қилинган киши соч-соқолини олмаслиги ва шароб ичмаслиги лозим эди. Нафақат бу балки ҳар қандай нопок ишлардан сақланиши лозим эди.
Ўша даврда Коринф шаҳри гуноҳкорлиги билан донг таратган, маънавий аҳлоқ деган нарса камдан кам учрарди. Бу гуноҳкор шаҳарда хушхабар айтиш учун, Павлус ўзини пок сақлаши шарт эди. Павлус улар орасида юрса ҳам, улар каби гуноҳ қилмасдан хизмат қила олди. Коринф шаҳрида ҳам имонлилар пайдо бўлди. Павлус энди эски аҳддаги қонун қоидалардан озод бўлганини билса-да, бошқалар унинг Худованд учун назр қилинганини билишлари учун шундай қилди. Ўша пайтда Коринф шаҳрида юрар экан, Павлус худди Масиҳдек фикр юритди. Муқаддас Каломда Исо Масиҳ бизга шундай дейди: «Мана Мен сизларни бўрилар орасига қўйлар каби юборяпман. Сиз илондай зийрак, каптардай содда бўлинглар.» Бу ерда «содда» сўзи пок маъносида келган. Биз дунёда яшар эканмиз, покдил ва зийрак бўлишимиз лозим, токи бу дунёга аралашиб кетмайлик.