MP3

«Эй Исроилнинг Чўпони, бизни тинглагин! Зуҳур этгин, эй, Юсуфни сурувдай бошқарган, малаклар устида тахт қурган Худо!» Забур 79:2

Ассалому алайкум биродарлар. Биз ўтган сафар сизлар билан энг муқаддас хонада жойлашган ахд сандиғи ҳақида суҳбатлашган эдик. Бугун ҳам ахд сандиғи ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Худованд Мусога Муқаддас Чодирдаги ҳамма нарсалар ҳақида тўлиқ кўрсатмалар берган. Чиқиш китоби 25 бобда ахд сандиғи ҳақида кўрсатмалар берилган. Кўрсатмага кўра ахд сандиғи акас ёғочидан ясалиши, ички ва ташқи қисми эса олтин билан қопланиши керак эди. Сандиқнинг қопқоғи ҳақида Худованд шундай дейди: «Тоза олтиндан сандиқнинг қопқоғини – гуноҳдан поклаш жойини ясат».

Гуноҳдан покланиш жойининг икки томонига карублар ясалган. Уларнинг ясалиши ҳам ўзгача бўлган. Худонинг буйруғига кўра фариштасимон карублар ва ахд сандиғининг қопқоғи, бир бўлак олтиндан яхлит холда ясалиши керак эди. Икки томондаги Карублар бир-бирига қаратиб, қанотлари гуноҳдан покланиш жойини ўраб турган. Ҳар икки каруб ҳам кўзларини гуноҳдан покланиш жойига тикиб турарди. «Ахд сандиғи устида Мен сен билан учрашаман. Карублар ўртасидаги гуноҳдан поклаш жойи тепасидан Мен сенга гапириб, Исроил халқи учун ҳамма амрларимни сенга бераман.» Бу Худованднинг сўзлари. Кўгина олимларнинг фикрича гуноҳдан покланиш жойи ва икки карублар биргаликда Уч бирликни англатади. Бир нарсани аниқ биламанки, карубларнинг кенг ёйган қанотлари Худованднинг паноҳини эслатади.

Ахд сандиғи устидаги карублар худди Худо тахти атрофига йиғилган самовий жонзотларни эслатади. Забур китобида: «…малаклар устида тахт қурган Худо», деб ёзилган. «Худованд – Ҳокими мутлақдир, Элу халқлар титраб кетар. Малаклар узра салтанатлидир У. Ер юзи ларзага келар». Ишаё пайғамбар ҳам шоҳ Уззиё ҳукмронлик қилган даврда Худовандни тахти устида юксалган ҳолатда кўрган эди. Унинг атрофидаги олти қанотли малаклар икки қанотлари билан юзларини, икки қанотлари билан оёқларини ёпиб, иккитаси билан учиб турарди. «Эй қудратли Худо малаклар ўртасида тахт қурган Исроилнинг Худоси, фақат Сен бутун ер юзи шоҳликларининг Худосисан». Бу Ишаё пайғамбарнинг гаплари эди. Иброний тилида «ахд сандиғи» «ароун» деб аталади.

Бу сўз сандиқ ёки тобут деган маънони англатади. Худонинг ердаги тахтига тобутнинг қандай алоқаси бор? Чунки фақат Масиҳнинг «ўлими» билангина Худонинг марҳамати келади. Худо инсонга яқинлашадими ёки инсон Худога яқинлашадими ҳар иккиси ҳам ўлим орқали — «Худони қурбонлик қўзисининг ўлими орқали»амалга оширилади. Самовий мавжудот – малаклар Раббимиз Исо Масиҳни беҳад қадрлашган бўлса керак. Унинг туғилиши пайтида ҳам фаришталар чўпонларга кўриниб, хурсандчиликларини маълум қилишган. Исо Масиҳ қирқ кун чўлда васвасага солинганида ҳам Унинг атрофида малаклар бўлгани шубҳасиз. Улар бир дам ҳам Исо Масиҳдан кўз узишмаган. Ахд сандиғи қопқоғи устида турган карубларнинг гуноҳдан покланиш жойига тикилиб турганлари ёдингиздами? Исо Масиҳ ердаги ҳаёти давомида ҳам улар Масиҳни шундай қўриқлашгани аниқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top