«Ҳаммамиз ҳам гуноҳкормиз. Бизнинг ҳар қандай солиҳ ишларимиз худди ифлос латта каби. Бизлар худди барглардек қуриганмиз, гуноҳларимиз эса шамолдай бизни учириб кетади» Ишаё 64:6
Ассалому алайкум. Нақадар аянчли аҳволда эканмиз-а! Бугун карублар нигоҳ қадаб турган гуноҳдан покланиш жойи ҳақида суҳбатлашамиз. Чиқиш китобида ёзилишича ахд сандиғининг қопқоғи, яъни гуноҳдан покланиш жойи олтиндан ясалган. Ахд сандиғининг қопқоғи, яъни гуноҳдан покланиш жойи неқадар аҳамиятли экан? Левийлар китобида ёзилишича, у жой Худованд зоҳир бўладиган жой. Сонлар китобида эса шундай дейилган: «Мусо Эгамиз билан гаплашиш учун Учрашув чодирига кирганда, Эгамизнинг овозини эшитди. Овоз аҳд сандиғининг қопқоғи – гуноҳдан покланиш жойининг устидаги иккита каруб ўртасидан келаётган эди».
Гуноҳдан покланиш жойи Худонинг халқи учун Худонинг улуғворлиги кўринадиган жой эди. Иброний тилида ахд сандиғининг қопқоғи «капорет» деб аталади. Бу сўз «авф этиш, гуноҳларни қоплаш, ярашиш, сотиб олиниш» деган маъноларни билдиради. Гуноҳдан покланиш жойида Худованд Ўз халқининг гуноҳларидан ўтарди. Ибронийлар 9 боб 5 оятда шундай ёзилган: «Сандиқ устида қурбонгоҳга соя соладиган улуғвор малаклар бор эди.» Бу оятда гуноҳлардан покланиш жойи «қурбонгоҳ» деб аталган. Шу ерда Римликлар 3 бобдан бир нечта оят ўқисак: «Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир. Лекин Худо инояти билан, Исо Масиҳнинг қони эвазига гуноҳкорлар текин оқланадилар. Масиҳ биз учун қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишлади ва шу йўсинда Ўзининг адолатли ҳукмини очиқ намоён қилди.»
Бу оятлардан шу нарса маълум бўладики, Исо Масиҳ гуноҳдан покланиш жойи. У Худо улуғворлигининг кўриниши. У Худо билан ярашув жойи. У инсонларни Худо билан яраштирадиган Зот. Фақат Унинг ўлими орқали Исо Масиҳнинг: «…улар ҳам Бизда ҳозир бўлиб бир бўлишсин» деган ибодати ижобат бўлади. Худованд биз учун Исо Масиҳни гуноҳлардан покланиш жойи қилиб юборди. Исо Масиҳ гуноҳлардан покланиш жойи, қурбонлик, инсонлар билан Худо ўртасидаги кўприк бўлиб келганида, биз қай аҳволда эдик? Сизнинг қандай жавоб беришингизни биламан, бироқ Муқаддас Калом бу ҳақида нима дейишига қулоқ тутайлик: «Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди.» Исо Масиҳнинг ҳочдаги ўлими орқали Худованд биз билан сулҳ тузди.
Имонимиз орқали нимага эришдик? Римликларга 5 боб 2 оятда ёзилишича: «Раббимиз Исо Масиҳ Ўз Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз». Биз гуноҳ ботқоғининг энг чуқур жойида бўлган пайтимизда Масиҳ биз учун ўлди. Биз Худодан ажралган пайтимизда Исо Масиҳ биз учун қурбон бўлди. Пилатга: «Уни хочга михла» деб бақирган одамлар учун ўлди. Уни калтаклаганлар ва масхара қилганлар учун ўлди. Ўз жонларини қутқариш учун қочиб қолган 11 ҳаворий учун ўлди. Исо Масиҳ фақат ўша даврдаги кишилар учун эмас, ҳозир бизнинг замонимизда яшаётганлар ва келажакда яшайдиганлар учун ҳам ўлди. Бу ҳақида Исо Масиҳ шундай дейди: «Мен фақат улар учунгина сўрамайман, балки уларнинг гапи бўйича Менга имон келтирадиганлар учун ҳам сўрайман.»