MP3

«Устоз, Тавротнинг қайси амри буюк? – деб сўради. Исо унга: «Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин». Бу биринчи ва энг буюк амр. Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: «Ўзгани ўзинг каби севгин». Бугун илоҳий Буйруқ ва пайғамбар оятларининг ҳаммаси ҳам мана шу икки амрга таянади». Матто 22:36-40

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Аввалги суҳбатларимизда биз сизлар билан тилла идиш ичидаги манна ҳақида суҳбатлашган эдик. Бугун эса Хоруннинг гуллаган ҳассаси ва тош лавҳаларга ёзилган ўн амр ҳақида суҳбатлашамиз. Хоруннинг ҳассаси Худонинг Хорунни ва унинг авлодларини олийруҳоний қилиб танлаганини билдиради. Ҳорун ўткинчи олийруҳоний бўлган.

Бизнинг Олийруҳониймиз эса абадий. Ахд сандиғидаги учинчи буюм бу тош лавҳалар эди. Улар Худонинг ўн амри эди. Худованд ўн амрни берганига бир неча минг йиллар бўлган бўлса ҳам уларнинг кучи ва қудрати ўзгармаган. Улардан бирор на бир ҳарф ва на бир нуқта ўчган. Худо Исроил халқига берган ўн амр ёдингиздами? «Мен сизларни Мисрдан, қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман. Мендан бошқа худоларга сажда қилманг. Ўзларингизга ҳеч қандай бутни, ёки осмонда ё ер остидаги сувда мавжуд бўлган бирор нарсанинг шаклини ясаманг. Эгангиз Худо – Менинг исмимни суистеъмол қилманг. Шаббат кунини муқаддас деб айириб олиб, бу кунга риоя қилиб юринг. Ота онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен, Эгангиз Худо, сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлади. Қотиллик қилманг.

Зино қилманг, ўғрилик қилманг. Қўшнингизга қарши ёлғон гапирманг. Қўшнингизнинг уйига ҳавас қилиб, кўз олайтирманг. » Агар яхшилаб эътибор берсангиз ўн амрдан баъзилари Худо билан одамларга тегишли, қолганлари инсонлар билан инсонлар орасидаги муносабатга тегишлидир. Исо Масиҳ ҳам мана шу амрларга амал қилиб яшаган. Бу ҳақида Лука шундай дейди: «Шундай қилиб, Исо заковатда ҳам, ёшда ҳам улғайиб бориб, Худо ва бандаларининг меҳрини қозонар эди.» Худонинг ўн амри бизга ҳам тегишлимикан? Албатта, Исо Масиҳ «энг буюк амр қайси» деб сўраган одамга нима деб жавоб қилган бўлса, сиз ҳам ўша амрларга амал қилинг. Исроил халқи тоғдан Худонинг овозини эшитганида бу ҳақиқатдан ҳам Худонинг овози эканига ишонишдими ёки шубҳа қилишдими?

Улар ишонишган. Шунинг учун ҳам Мусодан Худо билан ўзи гаплашишини сўраб ёлворишган. Чунки улар: «Агар яна Худонинг овозини эшитсак, ўлиб қоламиз», деб қўрқишган. Худо эса халқнинг илтимосини бажарган. Худованд ўшанда Исроил халқидан Унга бўйсунишни ва Ундан қўрқишини истаган. У ҳозир ҳам биздан шуни истайди. Нима учун? Бу нарса бизнинг ва фарзандларимизнинг фойдаси учундир. Агар биз Худовандимиз буюрганларига амал қилсак, ўзимиз ҳам бир неча авлод фарзандларимиз ҳам баракали бўладилар. Агар ёдингизда бўлса, Мусо халқдан жахли чиққани учун, ўн амр ёзилган биринчи тош лавҳаларни синдириб юборди. Нега Худонинг жахли чиқмади. Чунки Худованд халқ буни миясига мухрлаб олишини истаган эди. Исо Масиҳ шундай деган эди: «Мени Таврот ёки пайғамбар оятларини бекор қилгани келди деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, бажо келтиргани келдим».

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top