3:17

Маккажўхори шинниси

MP3

Ассалому алайкум. Бир сафар маккажўхоридан олинадиган маҳсулотлар мавзусидаги суҳбатимизда маккажўхоридан шинни ҳам олиниши ҳақида айтиб ўтган эдик. Бугун бу ҳақида кенгроқ тўхталамиз. Маккажўхоридан шинни қандай тайёрланишини биласизми? Бу ақлга сиғмайдиган гапдек бўлиб туюлади, агар сиз ҳам бунга ишонмасангиз суҳбатимизни тингланг. Маккажўхори таркибида кўп миқдорда крахмал борлигини биласиз. Шинни олиш учун маккажўхори крахмалдан тозаланиб ювилади ва сув қўшиб ачитиб қўйилади. Ҳосил бўл крахмал «сути» нарсаларни юқори босим остида қиздириш учун ишлатиладиган герметик қопқоқли идишларга солинади. Оз миқдорда олтингугурт ва туз кислотаси ҳам қўшилади. Бундай идишда гидролиз жараёни бошланади. Бунда крахмал кучсиз кислота аралашмаси ва юқори ҳарорат таъсирида эриб, оддий аралашмага айланади.

Шундан сўнг чўкинди фильтрланиб қалин элакдан ўтказилади. Ҳосил бўлган шарбат фильтрга қайтарилади, рангсизлантирилади. Суюқ шарбат буғланади, яна фильтрланиб, қайтадан қайнатилади ва маълум миқдорда зичланиши учун яна вакуум аппаратда қайнатилади. Шиннининг ранги қорайиб кетмаслиги учн тезда совутилиб, бочкаларга қуйилади. Қуруқ маккажўхори шинниси помадка, ирис, пастила тайёрлашда ишлатилади. Шунингдек карамель, мармелад, холва, конфет ва зефир каби ширинликлар таркибида 15 фоиздан 30 фоизгача маккажўхори шинниси ишлатилади. Бу маҳсулотлар мазаси ва тўйимлилиги жиҳатидан картошга крахмали қўшиб тайёрланган ширинликлардан қолишмайди. Маккажўхори шиннисидан лимонли мармелад, оқ атиргулсимон ва цитрусли зефир ҳам ишлаб чиқарилади.

Маккажўхори крахмалидан олинадиган шинни нон ёпиш саноатида ҳам фойдаланилади. Ëпиладиган нон турига қараб маккажўхори шинниси ун оғирлигига нисбатан фоиз ҳисобида қўлланилади. Рецептига шакар қўшиб тайёрланган нон-булочка маҳсулотларининг бир қисмига хамир қоришмада мальтозали шинни қўшилади. Қуюқ шинни шарбатидан ёқимли мазаси ва юқори тўйимлилиги билан ажралиб турадиган турли туман маҳсулотлар масалан шиннили шарбат ёки маккажўхорили асал тайёрланади. Шарбат тайёрлаш учун крахмалли шиннига шакар, озиқ-овқат маҳсулотларига ишлатиладиган бўёқ солинади. Бундай шарбатлар тўйимли маҳсулот ҳисобланиб, таркибида қанд моддаси ва турли витаминлар кўп бўлади.

Консерва ва мева қуритиш саноати мева шарбати ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиб саноатга тадбиқ этган. Бу технологияга кўра, шарбатлар юқори сифатда тайёрланади, уларнинг масалан олма, нок, узум экстракти қўшилганда мазали ва ранги табиийлигича сақланади, сифати яхшиланади. Баъзи кишилар кристалли глюкозани бирор марта ҳам кўрмаганлар. Ёки уни маккажўхори қанди деб аталишини ҳам билмасалар керак. Унинг бундай деб аталиши бежиз эмас, чунки кристалли глюкоза, мальтозли шинни каби маккажўхори крахмалидан олинади. Маккажўхори глюкозаси баъзан музқаймоқ, қуюлтирилган сут, мева консервалари тайёрлашда ҳам ишлатилади. Бу глюкоза тиббиётда ҳам кенг қўлланилади. Бугунги суҳбатдан янги маълумотларга эга бўлдингиз деган умиддамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top