Омонмисиз биродар? Биз нима учун яратилганимиз ёдингиздан чиқмадими? Худони улуғлаш учун дейсизми? Ҳа қисман тўғри, бироқ аслида Худони билиш учун туғилганмиз. Ҳаётда яшашдан мақсадимиз нима? Бошқаларга хушхабар етказиш дейсизми? Бу ҳам қисман тўғри. Аслида яшашдан мақсадимиз ҳам Худони билишдир. Исо Масиҳ берадиган «абадий ҳаёт» нима. Худо ҳақидаги билимдир. Исо Масиҳ ўлими олдидан Худога биродарлари учун ибодат қилганида шундай деган эди: «Абадий ҳаёт эса Сени — Танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб билишдан иборатдир». Ҳаётда энг катта шодлик ва завқ бағишлайдиган нарса нима? Худо ҳақидаги билимдир. «Эгамиз Худованд шундай дейди: « доно киши донолиги билан мақтанмасин, кучли эса кучи билан ёки бой одам давлати билан мақтанмасин; мақтанадиган бўлса қанчалик мени билиши ва тушуниши билан мақтансин».»
Бу оят Еремия китобида ёзилган. Худони нима хурсанд қилишини биласизми? Инсоннинг Уни билиши. Хўшея пайғамбар китобида ҳам Худованд шундай дейди: «Мен истадим…Худони билиш ҳар қандай куйдириладиган қурбонликдан ҳам аълодир». Ҳар бир имонли жамоатда ўзига кераклича маълумот олади. Жамоатда бўлиш имонлининг ҳар доим руҳан кучли бўлиши учун зарур, бироқ фақат жамоатда бўлишнинг ўзи етарлимикан? Биз жамоат ичида бўлсагу, аммо Худони билишдан узоқ бўлсак, Бундай муносабат Худони ранжитмайдими? Бугун ҳаётда қийналаётганлар кўп. Ҳар бирининг ўз муаммоси ва қийинчиликлари бор. Бироқ шуни комил ишонч билан айта оламан-ки, Худони билмасликдан ортиқ муаммо ва қийинчилик бўлмайди.
Ҳаётни қадрли қиладиган нарса ҳам Худони билишдир. Худони билиш нима ўзи? Унга нима киради?
Худони билиш бирор нарсани ёки кишини билишдан ҳам мураккаб, деб гапимизни бошлаш осон бироқ биз бундай қилмаймиз. Тасаввур қилинг сизнинг отингиз бор. Сиз бу отни биламан, деганингизда фақатгина отни таниш ҳақида эмас, отнинг қандай ҳислатлари борлиги, унинг чопаётганда ва бошқа ҳолатлардаги одатлари ҳақида билишингизни назарда тутасиз. Хуллас от ҳақида кўп нарса билганингиздагина чиндан ўша отни билган ҳисобланасиз. Ëки бўлмаса одамларни мисол қилиб оладиган бўлсак, у ёки бу одамни биламан, деганингизда унинг қисман қандай характерга эга эканини, унинг одатлари, нималарни ёқтиришини билишингизни назарда тутасиз.
Аммо отлар билан одамларнинг фарқи, отлар сир тутмайди. У ортингиздан бир нарсаларни режалаштирмайди. Одамларнинг эса ичидан нималар кечаётганини билмайсиз. Уларни билиш учун сизнинг ҳаракатларингизнинг ўзигина етарли эмас. Бунинг учун улар сизга имкон беришлари керак. Агар бирор киши сизга қалбини очмаса, ўзи ҳақида билдирмаса, у ҳақида ҳеч нарса билмайсиз. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, сиз бир одамни яхши билишингиз учун ўша одам сизга имкон бериши керак. Бироқ Худо билан эса бундай эмас. Тасаввур қилинг, қудратли, бутун борлиқнинг Яратувчиси Тангри сизнинг ёнингизга келиб, сиз билан гаплашмоқчи. Худованд ҳақиқатда Ўзини бизга билдиришни истайди. Агар биз У ҳақида кўпроқ билсак, У биздан хурсанд бўлади. Одамлар бизга қалбини очгиси келмайди, бироқ Худо ҳар доим бизга яқин бўлишга тайёр.