3:31

Масиҳни билиш

MP3

«- Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман-у, Мени танимайсанми? Мени кўрган Отамни кўрган бўлади. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди.» Юҳ 14:6,9

Инжил ўзида акс эттирган ғояларни маталлар орқали тақдим этади. Унда ёзилишича биз Худони худди ўғил ўз отасини билгандек, ёки бўлмаса аёл ўз турмуш ўртоғини билгандек биламиз. Агар биз Худони билишга ҳаракат қилсак, албатта биламиз. Ундан ташқари юқоридаги оятда ёзилганидек, Ўғилни билсак Отани ҳам биламиз. Чунки Исо Масиҳ Худонинг ҳислатларини ўзида жамлаган эди. Шогирдлари Масиҳга: «Бизга Отани кўрсат», деганларида, «Мени билмайсизларми?», деб жавоб қилган эди. Илк масиҳийлар Масиҳ билан бирга муносабатда бўлиб, уни яқиндан билган эдилар.

Унинг характерини, муқаддаслигини, оддий инсонлар ёки пайғамбарлар каби эмас, улуғ қудрат ва ҳокимият эгасидек таълим беришини, мўъжизаларини кўриб, ҳайратланган эдилар. Улар чиндан ҳам Масиҳни биламиз дея олардилар. Бугунки кундаги масиҳийлар ҳам Худони ана шундай биладиларми? Фикримча ҳозирги масиҳийларнинг илк масиҳийлардан биргина фарқи бор, бу ҳам бўлса улар Масиҳни танада кўрган бўлсалар, бугунги кундаги масиҳийлар эса уни руҳан биладилар. Яъни кўрмай туриб ишонадилар. Кўрмай туриб ишонганлар эса бахтлидир. Масиҳни билиш – гуноҳлардан, айблардан ва ўлимдан нажот топиш дегани. Худони билиш бу шахсий интилиш. Худони билиш фақат у ҳақида маълумотга эга бўлишдан кўра яхшироқ.

Агар Худони фақат онгингиздагина билсангиз, бошқалардан қандай фарқингиз қолади. Йўлингизда учраган бирорта одамдан: «Худони биласизми?», — деб сўрасангиз, у дархол Худонинг сифатларини санаб кетади. У ҳам ўзича Худони биламан деб ўйлайди. Бироқ Худони билиш, У ҳақида маълумотга эга бўлиш дегани эмас. Уни шахсан, ҳаётий тажрибаларида, қийинчиликлар чоғида, Худо иродасига кўра бирор бир иллатдан воз кечаётганда ёки яхши бир сифатни ўзлаштираётган пайтда биламиз. Унинг ҳузурини ҳис қилган ҳолда сифатларини ҳам қалбан тушунамиз. Ундан ташқари Худони билиш учун биздан Унга ишониш ҳам талаб этилади. Унга ишонмай туриб, яқиндан билолмаймиз. Забурда шундай ёзилган: «Худованддан лаззат олиб кўринг-чи, У қанчалик мурувватли экан». Бирор бир таом ёки ширинлик чиройли кўриниши мумкин. Ташқаридан қараганда уларга нималар қўшилганини билиш ва санаб бериш мумкин, бироқ то татиб кўрмагунингизча унинг мазаси ҳақида ҳеч нарса билмайсиз.

Худди шунга ўхшаб, бирор бир кишини токи дўстона муносабатлар орқали, «татиб» кўрмагунимизча унинг ҳақиқий сифатларини билолмаймиз. Ҳаёт давомида Худо турли хил ҳолатлар қийинчиликлар орқали ўз фарзандларини тоблаб боради. Баъзан ўзимни Худосиз ҳис қилиб, худди чўлда қолгандек сезардим. Ҳаётбахш сув йўқ, умид йўқ. Худо мендан олисдадек гўё. Худо мени эшитмаётгандек, мени ташлаб қўйгандек. Бироқ Худо бизни ташлаб қўймайди. Мен ўша ҳолатларни бошимдан ўтказганимда, Худованд фарзандларининг имонини шу тариқа синаб кўрар экан. Агар Худо сизга жавоб бермаса ҳам, имонингизни, умидингизни йўқотманг. У сизни кузатиб туради. Унинг назаридан четда қолмайсиз. Мана шундай воқеалар орқали Худовандни ҳис-туйғулар билан ҳам билиб оламиз. Бундан шундай формула ясасак бўлади. Биз Худо ҳақидаги назарий билимларни Унинг Каломидан олсак, амалий билимларни ҳаётимиздаги ишлари орқали, У билан муносабат қилиш орқали оламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top