Ассалому алайкум. Рашк – бу анча муаммоли ва кўпчилик тингловчилар орасида анчайин баҳс ва мунозарага сабаб бўладиган мавзу. Инсонлар орасида рашкка икки томонлама қараш мавжуд. Кимдир рашнинг бўлгани яхши, севган одам рашк ҳам қилади-да, деса бошқаси рашкни бутунлай қоралайди. Рашк ҳақидаги тушунчангизни ҳурмат қилган ҳолда биз ҳам ўз фикрларимизни сизга баён этмоқчимиз. Рашк – бу сўзга, бу ҳислатга таъриф келтиришни нимадан бошлсак экан. Яхшиси бир оила мисолида кўра қолайлик бу мавзуни. 14 йилдан бери ширингина яшаб келаётган бу оилада яқин бир йил ичида жанжаллар кўпайди. Жанжал бор уйдан барака файз кўтарилади. Ҳар сафар жанжал кўтарилганда мавзу бир хил. Бу ҳам бўлса рашк. Эр хотинини рашк қилади дейсизми? Бе, қаёқда, аксинча хотини эрини рашк қилади.
Бу рашк балоси хотинига қаёқдан ёпиша қолди, эр ҳам ҳайрон. Шунча йилдан буён рашк қилмай яшаб келаётган эди-ку? Қаердан пайдо бўлганини билмаймиз-у, аммо рашкнинг хатарли олов эканидан хабарингиз бўлса керак. Хотини эрининг ҳар бир ҳатти ҳаракатини синчиклаб кузатади. Гапираётгандаги, юз ифодаларига, овозининг оҳангига, тусмоллаб бугун эри қаерларда бўлганини сўраб билиб олишга ҳаракат қилади-да, сўнг ёлғиз қолганида тахлил қилиб ўтиради. Эри у билан очилиб гаплашмаса ҳам юрагига шубҳа оралайди, бирор нарсадан сиқилиб, овқат егиси келмаса ҳам шубҳаланади. Эр ўзини аёли кутганидек тутмаса ҳам аёл шубҳа қилади. Охирги пайтлардаги ҳатти ҳаракати-ю, ҳолатларини бир-бир ҳаёлининг чиғириғидан ўтказади. Бирор шубҳали ҳолатни сезиб қолса, ўшани асос қилиб, жанжал қўзғайди. «Кимнидир топиб олгансан», га тушади.
Эр эса хотини унга ишонмаслигидан хуноби ошади. Ҳар сафар ҳеч бир сабабсиз, ўзини оқлашлар ҳам жонига тегади. Хиёнат қилмаслигига, бошқа аёлларга қизиқмаслигига хотинини ишонтира олмайди. Охир оқибат ўзини оқламай ҳам қўйди. Бу эса хотинини яна ҳам баттар рашк қилишига сабаб бўлди. Эр хотининг беҳуда рашк қилишидан, унга ишонмаслигидан чарчаган, аёл эса эридан шубҳаланишдан чарчаган. Хуллас бу оилада муҳит мана шундай. Рашк қилиш борасида аёлни тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Аёл табиатан ҳис-туйғуга мойил қилиб яратилган. Ўзи буни баъзида англайди, баъзида эса йўқ. Буни англамаган ҳолда ҳис-туйғуларига берилиб, эри ҳақида шубҳага боради. Эрининг кайфияти йўқлигини, бирор бир совуқроқ гапини бошқа нарсага йўяди. Аёл ҳар доим эридан меҳр кўриб туришни истайди, эр эса бунга ҳар доим ҳам қодир эмас. Ахир эркак кишининг кайфияти унинг ишидаги муваффақиятига боғлиқ.
Ишлар юришмаса, хотин билан яхши гаплашиш, эркалатишлар ҳам йўқ. Аёл эса буни тушунмайди. Тушунгиси келмайди. У ҳар доимгидек, ўзи муҳтож бўлган нарсани кутади, табиийки эридан меҳр олмагач, шубҳага боради. Юқорида айтиб ўтганимизни унутманг, аёл киши табиатан ҳис-туйғуларга бой бўлади. Уларни кўпинча ҳис-туйғу бошқаради. Бироқ шу ўринда аёлларга ҳис-туйғуларнинг алдамчи бўлишини айтиб ўтишимиз лозим. Рашк қилиш бу турмуш ўртоқлардан бирининг бошқасига бўлган ишончсизлигини билдиради. Агар турмуш ўртоғи чиндан ҳам садоқатли бўлса, бироқ унинг садоқати шубҳа остида бўлса бу уни қаттиқ хафа қилади. Демак рашк – ишончсизликдан бошқа нарса эмас. Сизларда бундай эмас деб умид қиламиз. Оилангиз доимо тинч ва муҳаббатга тўла бўлсин.