Қанд касаллиги дунёда кенг тарқалган ва энг оғир касалликлардан ҳисобланади. Бу дардга овқатланиш тартибига риоя қилмайдиган кишилар кўпроқ чалинади. Қанд касали келиб чиқишига меъда ости безининг фаолияти бузилиши сабаб бўлиб, бу без инсулин моддасини ишлаб чиқармай қўяди. Бунинг натижасида қонда ва сийдикда қанд миқдори ошиб кетади. Уни мувозанатга келтириш учун эса бемор организмига инсунлин моддаси юборилади. Бу ҳасталикка йўлиққан беморлар икки гуруҳга ажратилади. Биринчи гуруҳдаги беморлар асосан 40 ёшгача бўлиб, уларда хасталик тез бошланиб, тез кечади, бемор озиб кетади иштаҳаси яхши бўлишига қарамай, умумий қувватсизликдан иш қобилиятини пасайгандан нолийди.
Қонда ва пешобда қанд миқдори ортади. Бундай беморлар инсулин гармонини олиб даволанадилар. Иккинчи гуруҳ беморларни асосан 40 ёшдан катта кишилар ташкил этади. Уларда юқорида келтирилган хасталик белгилари бўлмаслиги мумкин, лекин қанд миқдори қонда ҳам, пешобда ҳам юқори даражада бўлади, шунга қарамай дард енгил кечади. Бу гуруҳ беморлар буйрак хасталигидан азият чекадилар. Қанд касаллигининг асосий белгиси оғиз ва лабларнинг қуриши, кўп сув ичиш, бош оғриши, асабийлашиш, юракда оғриқ пайдо бўлиши, кўзнинг хиралашиши, баданда чумоли юргандай бўлиши, оёқ оғриши кузатилади. Жисмоний иш билан мунтазам шуғулланган ва доимий бадантарбия қилиб, овқатланиш тартибига риоя қилган, дам олишни тўғри ташкил қилган одамлар қанд касалига ҳеч қачон чалинмайдилар.
Касаллик тарихий манбаларга кўра, наслий ҳам бўлиши мумкин. Қанд касали бор беморлар сабзавотлар истеъмол қилиши лозим. Айрон ичиш ҳам фойдали. Қовоқ, бодринг, аччиқ анор, тут суви, олхўри сувлари фойдалидир. Сийдик ҳайдайдиган таомлардан пархез қилиш керак. Абу Али Ибн Сино қанд касали бор беморларни қуйидагича даволашни маслаҳат беради: Эчки, қўй, сигир сутини ивитиб қатиғидан зардоби ажратилади, кейин бир қайнатиб олиб, совутилади ва салқин жойда сақланади. Ундан ҳар куни кўнгил тусаганча ичилади. Бир ой ичида бемор ўзини анча тетик сеза бошлайди. Беҳи барги билан пўстлоғини дамлаб ичилса, қанд касаллигида яхши даво бўлади. Бунинг учун беҳи барги ва пўстлоюи олиниб, салқин жойда қуритилади, кейин ҳовончада янчиб шундан бир ош қошиғини чойнакка солиб устидан қайнаб турган сувдан ярим литр қуйилади, икки соат дамлаб қўйилади.
Дамламадан кунига 5-6 маҳал ярим стакандан ичиш тавсия қилинади. Парманчак ўсимлигини дамлаб ичиш ҳам фойдали. Қанд касали бор беморлар, эрталабги бадантарбия машқларини қилиш, кўпроқ юриш, велосипед ҳайдаш, сузиш ва бирор спорт тури билан шуғулланиш тавсия қилинади. Бироқ оғир атлетика билан шуғулланиш мумкин эмас. Тонгги машқлар юрак фаолиятини мустаҳкамлайди. Қон алмашинишини яхшилайди. Спорт билан шуғулланиш қондаги холестерин моддасини камайтиради. Қанд касали бор беморларнинг иммунитети ҳам паст бўлади. Шунинг учун ҳам беморлар моддалар алмашинувини яхшилашни йўлга қўйишлари лозим. Танамиз Худонинг бизга берган совғасидир. Уни соғлом сақлаш билан Яратувчимизни хурсанд қиламиз. У бизнинг доимо соғлом бўлиб, Унга итоат этишимизни истайди.