3:30

Ҳаммом ва табобат

MP3

Ҳаммомга тушиш шифобахш экани тиббиётда исботланган. Ҳаммом-ювиниш, тозаланиш, покланиш, енгилланиш маскани. Шу билан бирга ҳаммом бир қанча ички, ташқи касалликлардан даволаниш шифохонаси ҳам хисобланади. Бел, оёқлар, қўллар, кураклар, бўйин каби исноннинг ташқи аъзолари шунингдек, ички аъзолардан: нафас йўллари, ўпка, ошқозон, ичаклар, буйрак, жигар, талоқ, қовуқ кабилар даволанади. Кимнинг қаери оғришига қараб, ўша аъзосини кўпроқ терлатиш лозим. Даволашда асосан кўпроқ терлаб сув алмашинишини таъминлаб бериш керак. Масалан, айтайлик буйрак шамоллаган, шунда буйракни иссиқ мармар супага қадаб осмонга қараб ётиб, иложи борича кўпроқ терлаш лозим. Ошқозон ёки ичаклар шамоллаганда, яллиғланганда ҳам шундай қилиш керак.

Баъзилар «юрак чидамайди» дейишади. Лекин кўп маротаба ҳаммомга тушиш жараёнида аста-секин ўтириш вақтини кўпайтириб бориш билан юрак мослашади, ҳамда чиниқиб даволаниб боради. Тўғри, бир икки марта ҳаммомга тушибгина касалликдан холи бўлиш амри маҳол, лекин қунт ва ишонч билан даволанишни давом эттириш лозим. Қизиғи шуки, бир аъзони даволашни кўзлаб қилинган меҳнат туфайли бир қанча бошқа аъзолар ҳам даволанади ёки уларнинг фаолияти яхшиланади. Умумий соғлиқ мустаҳкамланади.

Яхши терлаш натижасида инсон баданида бир қанча ижобий ўзгаришлар содир бўлади. Юздаги ажинларни ёзади, камайтиради, шаклини бўрттиради, юз рангини яхшилайди, пардоз учун юз текислиги мослашади. Ҳаммомдан чиқаётиб юзни совуқ сувда яхшилаб ювиш лозим, шунда ажин пайдо бўлмайди.

Умуман юз тез-тез совуқ сувда ювилса, ажин бўлмайди. Ҳаммомда яхши терлаш аёл сочини эгилувчан, мулойим, юмшоқ, силлиқ қилади, соч рангини товланиши кучаяди. Тараганда соч кам тўкилади, соч ости томирлари мустаҳкамланади, ранг қабул қилиш осонлашади.

Терлаш натижасида кўзнинг ички томони ҳам тозаланади, шунинг эвазига кўз қорачиғи яна ҳам қораяди, кўз оқи яна ҳам оқаради. Кўриш қобилияти яхшиланади. Ҳаммомда бадандан ғубор чиқиб кетиши эвазига тери мулойимлашади, тери остидаги майда қон томирчаларда қон оқими равонлашади, натижада бадан ранги атиргул рангига киради. Ҳаммомдан сўнг ётиш олдидан аёллар қошларига, киприкларига озуқа тарзида қора қўчқорнинг эритилган ёғидан суртсалар қош ва киприклар қораяди, зичлашади ва қариганда ҳам қош ва киприклар оқармайди.

Ҳаммомда ювинишнинг ҳам ўзига ҳос қоидалари бор. Ҳаммомга киргач энг аввало терлаш, сўнг ювинишга ўтиш лозим. Хўш, ҳаммомда терлашни қандай ташкил қилиш керак? Шунчаки ҳаммомга кирилди, терланди-ю, чиқиб кетишми? Бу иш ҳам ўзига хос тартиб ва услубга эга. Яхшилаб терлангандан сўнг, устингизга чойшаб ёпиб, термосда ўзингиз олиб келган чой ёки шифобахш дамламадан ичиб дам олинг. Маълум вақт ўтгач, ўзингизни яхши ҳис қиласиз. Энди яна терлаш учун ичкарига киришингиз керак. Терлаш ва дам олишни уч марта қайтаринг. Шундай қилинганда бир ҳафта, ўн кун ичида юзингиз таранг, гул ранг бўлади, ўзингизни бардам сезасиз. Касалликлардан аста секин фориғ бўла бошлайсиз. Худованднинг паноҳида доимо соғлом бўлиб юришингизни тилаб қоламиз. Омин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top