Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Бугун суҳбатимизни халқларнинг отаси бўлган Иброҳим ҳақида давом эттирамиз. Худонинг йўллари ажойиб ва сирли. Абадийлик Худо ҳаракатининг бошланиши. Ҳаворий Павлус ўз мактубида имонлиларни Худо: «Ўз ҳузурида муқаддас ва бенуқсон бўлишимиз учун, У Масиҳ ҳаққи бизга муҳаббат кўрсатиб бизни дунё яратилишидан аввал танлади.», деб айтгани ҳақиқат. (Эф1:4) Бу ажойиб жараён эса Худонинг Иброҳим билан муносабатида аниқроқ кўринди.
Худо уни «дунё яратилишидан аввал танлади».
У Иброҳимни Ўзининг «азалий мақсади» учун чақирди.
Худо унга Ўзининг «сирли режасини маълум қилди».
Худо уни мутлақо Ўзининг «сирли режасига кўра» ўстирди
Худо Иброҳимни Ўзининг режасига кўра танлаганини ва у орқали ишламоқчи эканини Иброҳим биларди. Фақат бу ҳақида жуда оз тасаввурга эга эди. Худо уни абадий режаси учун, ундан буюк ва руҳий халқ яратиш ниятида экани ва Унинг улуғ мақсади ҳақида тасаввур ҳам қилмасди. Иброҳим Худонинг вақтга таълуқли режаларидан ҳабардор эмасди. Биз ҳам бу борада Иброҳимдан қолишмаймиз. Ибтидо китобида Иброҳимнинг бутун ҳаёти ва Худонинг унинг ҳаётида қилган ишлари ҳақида ёзилган. Биз Худо Иброҳимни чақиргунга қадар унинг ҳаёти халдейларнинг Ур шаҳрида қандай кечганини билмаймиз. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: «Эй эрлар, биродарлар ва оталар, тингланглар! Отамиз Иброҳим Ҳорон шаҳрига кўчиб ўрнашишидан аввал, ҳали Месопотамияда бўлганида, улуғвор Худованд унга зоҳир бўлиб: «Ўз ерингдан, она юртингдан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет», — деган эди. Ўшанда Иброҳим халдейларнинг юртидан чиқиб, Ҳорон шаҳрида истиқомат қилди.» (Ҳав 7:2-4)
Иброҳимни Месопотамиядан олиб чиқишда Худонинг ўзи жонбозлик қилган эди. Худонинг чақириғидан олдин Иброҳим қандай яшагани ва унинг қандай одам бўлгани ҳақида Муқаддас Каломда ёзилмаган. Бироқ бир икки оятларга кўра, Иброхим Худони излаган одам бўлмагани ҳақида билишимиз мумкин. Иброхим Худони эмас, Худо Иброҳимни излаган. Худо нима учун Иброҳимни чақирганига шундай жавоб берамиз: « Худонинг кўзлари бутун дунё бўйлаб юраги Унга содиқ, Унда мустаҳкам турадиган инсонни излайди» (2 Второзаконие 16:9). Муқаддас Каломда яна бир оят бор: «Эгам Ўз кўнглига мос биттасини топди…» (1 Шоҳлар 13:14). Худо инсонни Ўз режаси учун танлар экан, уни юрагига қараб танлайди. Ибтидо китобига қарасак, Худо Ур шаҳрида Иброҳимнинг ҳаётида бошлаган ишини, охирига етказади.
Худо Иброҳимни чақириб ташаббус кўрсатди. Иброҳим эса Унинг чақириғига тўла ишонч билан, ҳаялламай жавоб қилди. У ўшанда шахсан Худо билан муносабат қилиб кўрмаган бўлса ҳам, У ҳақида етарлича биларди. Худонинг Худо эканлигини, Унга бўйсунишнинг муҳимлигини ва ниҳоят Худога юраги ва ҳаётини топшириш лозимлигини биларди. Худо Иброҳимни чақирганида ўзининг нақадар яхши ҳислатларга эга эканини ва келажакда Худо уни мукофотлаши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ўтирмай, Худонинг чақириғига: «Лаббай», деб жавоб берди. Балки айнан шунинг учун ҳам Худо уни Ўзининг дўсти деб атаган бўлса ажаб эмас. Сиз ҳам ҳозирнинг ўзидаёқ ҳаётингизни имон, муҳаббат ва итоаткорлик билан Худога топшира оласизми?