3:24

Масиҳни севсанг қўшиқ айтма

MP3

Куба. 1979-80 йиллар. Том Уайтнинг гувоҳлиги.

«Хўш, ёмон эмас», — деди Том ўзига ўзи. У қоронғи ва тор хонада турарди. Эшик тепасидаги дарчадан совуқ иззиллаб кирарди. Дарчадан тушган хира ёруғлик орқали камерада битта синиқ каравот ва сасиган матрас борлигини, ҳамда эски ёғоч стулнинг деворга михланганини кўрди.

У ётди, бироқ совуқдан ухлашнинг иложи йўқ эди. Унинг енгсиз устки кийими, юпқа пахта матодан бўлгани учун улар ҳам иситмасди. Бу хонада қанча вақт музламай тура оларкинман, деб ўйлади.

Америкалик Масиҳий Том Уайт бутун Куба бўйлаб Муқаддас Каломни тарқатишда катта ҳисса қўшган эди. Бироқ 1979 йил 27 майда у ўтирган кичик самолёт ҳалокатга учради. Тирик қолган Томни зудлик билан Коммунистлар хибсга олишди. Уни сўроққа тутиб, алоҳида камерага қамаб қўйишди.

Ниҳоят соқчилар келиб уни бошқа кичикроқ хонага сўроққа олиб кетишди. «Бугун анча иссиқ-а»- деди капитан, истеҳзоли кулиб. «Кимга ишлайсан?» «Мен Масиҳга ишлайман.» «Э, шундайми. Хўш ўша Масиҳинг бу ердаги саёҳатларинг учун сенга қанча пул тўлайди?» «Мен бу саёҳатларим учун ҳеч қандай пул олмайман. Менинг мукофотим, бу итоаткорлигим учун Худонинг муҳаббати ва марҳаматидир.»

Капитаннинг деярли ҳамма саволлари пулга тақаларди. Совуқ камерада уч-тўрт кун ичида бор-йўғи бир неча соат уйқу Уайтни ҳолдан тойдирди. Ҳатто ўйлай олмай ҳам қолди. Уни яна сўроқ қилишга олиб чиқишди. У капитаннинг қаршисида ўтирар экан, ўзича ўйларди: «Мен бу азобларга яна қанча вақт дош бера оламан? Бу нарса яқин ўртада тугайдиганга ўхшамайди-ку!?» Бирданига берган саволига жавоб келди. У бу ҳақида шундай дейди: «Муқаддас Руҳ менга бу одам учун ачиниш ҳиссини берди. Чунки у мен маҳбусдан кўра анча баҳтсизроқ эди. У мени сўроқ қилар экан, унинг саволларига жавоб беришдан тўхтаб, кўзларига қарадим ва ибодат қилдим: «Раббим, Капитан Сантосга ёрдам бер. Масиҳ унинг қалбини ёриб кир. У ўзини бу совуқ дунёда ёлғиз ҳис қилади. Уни муҳаббатинг тафти билан иситгин.» Мен бир неча соатлаб шу ҳолатда унинг кўзига қараб, ибодат қилдим. У борган сари камроқ саволлар берарди. Ниҳоят саволлари тугади.»

«Нима қилаяпсан?», деб сўради. «Мен сиз учун ибодат қилаяпман.»

Капитаннинг оғзи очилиб қолди. У қўллари билан бошини ушлар экан, чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Шунча вақт мени сўроқ қилган бўлса, бирор марта сигарет чекканини кўрмагандим. Мен эса унга тикилиб туриб, ибодат қилишда давом этардим.

Кейинги сафар Уайтни сўроққа олиб киришганида капитан кўзларига қора кўзойнак тақиб олганди. Кўриниб турибдики, Уайт унинг кўзларига қарашини истамаган. Уни қайтиб совуқ ва тор камерага қамашди. Совуққа чидаш учун, Уайт сакраб, ўйнаб, Худони улуғлади. Ҳар сафар Худони улуғлаб ашула айтар экан, танаси қизиганини ҳис қилди. Бир неча кун қўшиқ айтишни тўхтатмади. Охири соқчилар келиб ундан бас қилишни сўрашди. Бироқ, у Худони улуғлаб қўшиқ айтишда давом этаверди. Қамоқхона назоратчиси келиб унга: «Агар Масиҳни севсанг қўшиқ айтма», — деди. Уч ойдан сўнг Томни бошқа қамоқхонага кўчиришди. У ерда эса уни 24 йилга озодликдан маҳрум қилишди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top