3:21

Ўсмирлардаги тушкунлик

MP3

Ассалому алайкум ота-оналар. Ўсмирлардаги тушкунлик – жуда маккор, хавфли ва қийин ҳолат. Қийинлиги шундаки, унинг сабаблари кўп бўлиши билан бирга, кўп оқибатларга ҳам олиб келади. Маккорлиги шундаки, фарзандингиз тушкун ҳолатда эканини билиб ололмайсиз. Хавфлилиги шундаки, у энг ёмон оқибатларга – омадсизликдан то ўз-ўзини ўлдиришгача олиб келиши мумкин. Кўпгина ўсмирлар бу ёшда ўзларига жароҳат етказишга ва ҳатто ўз-ўзларини ўлдиришга уринадилар. Оқибатда эса ҳалок бўлган ўсмирнинг ота-оналари фарзанди нима учун бундай қилганини билолмай қийналишади. Мен бир қизни билардим. У синфда аълочилардан бири бўлган. Ўсмир ёшидаги тушкунлик уни яширин қийнарди. Ундаги тушкун ҳолатни ота-онаси ҳам сезмаган.

Гарчи синфдаги аълочи, тиришқоқ ва ўқитувчиларнинг ҳурматини қозонган қиз бўлса ҳам, тез-тез ўзи ҳақида салбий фикрларга борар, арзимаган салбий муносабат ҳам уни баттар ёмон аҳволга солиб қўярди. Унинг ягона бир камчилиги, математикани яхши билмаслиги эди. Ўша куни аксига олиб математика ўқитувчиси ҳамма ўқувчиларнинг олдида ундан билмаган нарсасини сўраб изза қилди. Қиз дарсдан отилиб чиқиб кетди-да, уйига келиб ўзини осишга ҳамма нарсани тайёрлади. Арқонни бўйнига илиши билан, онаси келиб қолди. Уни бу ҳолатдан онаси қутқариб қолди. Унга қаттиқ гаплар айтиб бўлса ҳам бу ҳолатдан қутқариб қолди. Ўсмирларда мана шундай яширин тушкунлик даври бўлади. Бу тушкунлик катталарникидан фарқ қилади. Масалан, ўсмир бола, тушкунликнинг дастлабки босқичида аввалгидек гаплашиб юраверади.

Бунда тушкунликнинг ташқи белгилари бўлмайди. Тушкунликнинг бу босқичини фақатгина ўсмирнинг фикрларини, қалб ҳолатини тушунибгина аниқлаш мумкин. Ҳатто ҳамма профессионаллар ҳам бу босқични аниқлай олишмайди. Тушкунликнинг ўрта босқичида ҳам ўсмир фарзанд ўзини аввалгидек тутаверади. Фақат бу босқичда унинг гап сўзларида ҳиссий оҳанглар бошланади. Кўпинча бу ҳолат унга ёқмайдиган ва уни қийнайдиган мавзулар ҳақида гап кетганда билинади. Бугунги кунда катталарда ҳам писсимистик фикрлар бўлгани учун, ўсмирдаги тушкунлик яна билинмай қолиши мумкин. Катталарда тушкунликнинг ўрта босқичи анчагина вайрон қилувчи даражада бўлади. Бу босқичда уларда уйқусизлик, иштаҳанинг пасайиши, турли холатларда ўзини бошқара олмаслик, масалан одатдаги ишини ёки ота-оналик вазифасини бажара олмаслик пайдо бўлади.

Бу нарса охир-оқибат ўз жонига қасд қилишгача бориб етади. Ўсмирлардаги тушкунликнинг ўрта босқичи ҳам катталарникидай жиддий бўлади. Лекин тушкунликнинг белгилари турлича бўлади. Масалан катталар тушкун ҳолатда жуда ёмон кўринишда бўлади, бахтсиз кўринади. Ўсмирдачи? Кўпгина ҳолларда ўсмир ҳаддан ташқари тушкун ҳолатда бўлсагина, ташқи томондан билинади. Ҳамма ҳолатларда бўлганидек бу ҳолатда ҳам мустаснолар бор. Ўсмирлардаги тушкунликни аниқлаб олиш қийин, чунки ўсмир фарзанд усталик билан бу тушкунликни яшира олади. Агар у тушкун ҳолатда эканини яшира олса, ота-она унинг аҳволидан бехабар қолади. Хўш, ота-оналарга қандай ёрдам бериш мумкин? Болалар ўзларини ҳеч ким кўрмаётганига ишонч ҳосил қилган вақтларини кузатиш керак. Бола ёлғиз бўлганида ўзининг ҳақиқий ҳолатини юзага чиқаради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top