3:20

Оптимизм давр талаби

MP3

Ассалому алайкум. Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, инсоннинг ижобий дунёқараши нафақат саломатлиги, балки оила, ишхонадаги нуфузи, юксалишларига катта таъсир қилади. Пессимистларга хос тушкунлик, эҳтиёткорлик, эртанги кунни ҳадик, безовталаниш билан қарши олишларининг ўзиёқ уларнинг бошига турли нохушликлар чақиради. Иш пайтида инсон ҳар қандай вазиятга учраши мумкин. Баъзан муаммолар қуршовида қолиб ишимиз ҳеч юришмаётгандек туюлади. Бундай пайтда одам гўё олдида бир енгиб бўлмас тўсиқ, улкан бир деворни ҳис қилгандек бўлади. Айнан шу пайтда одамнинг қандай йўл тутиши унинг ҳаётини белгилайди. Бири муаммо олдида ўзини ожиз сезиб дарҳол тушкунликка тушади.

Иккинчиси эса муаммонинг вақтинчалик бир ҳол эканлигини ўз-ўзига уқтириб ишини давом эттираверади. Бундай пайтда ишдан 5-10 дақиқага чалғиб дам олиш, тинчлантириш машқларини бажариш, хатто оддий бадантарбия билан шуғулланиш ёрдам беради. Немис руҳшунос олими Рихтернинг фикрича «Замонавий инсонлар жамоасида қўрқув, иккиланиш, тушкунликка тушиш, ўз-ўзини айблаш каби ҳислатларга ўрин бўлмаслиги керак. Бу дунёда фақат ўз муаммоларини ечишга қодир шахсларгина омон қолади. Мулоқотга қийин киришадиган, «оғир» шахсларни на бошлиқ, на ҳамкасблари ёқтиришади». Нима ҳам дердик, ҳозирги даврда бировнинг «мураккаб» феъл-атворини тушуниш кўнглига қараб йўл тутишга атрофдагиларнинг вақти ҳам, тоқати ҳам йўқ. Ҳаётнинг ўзи қийинчилик, турли синовларга тўла.

Шунинг учун бўлса керак, кўпчилик инсонлар бировларнинг бошига тушган воқеаларни эшитишга уларнинг муаммоларига ғарқ бўлишдан ўзларини сақлайдилар. Умуман олганда, ижобий дунёқараш яъни оптимизм ҳар қандай ишни уддалашимизга ёрдам беради. Маълумки инсон омадсизликка учраганда ёки оғир вазиятга тушганидан кейин кўнгли бир оз чўкади, юраги сиқилади. Ана шу ҳолат икки тоифа вакилларида турлича чўзилиши мумкин. Пессимист – бўлиб ўтган нохушликни ҳаёлида ҳадеб такрорлайверади, оптимист эса бу воқеани тезроқ унутиш, фақат олдинга ҳаракат қилиш учун ҳам ўзида куч топади. Бу куч у ишлаётган жамоага ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ҳар ким ўзидаги феъл-атворга қараб, ўз ҳаётини омадли ёки омадсиз қилиши мумкин. Пессимистлар ўзларидаги тушкунликни ва феъл-атворни албатта ўзгартиришлари керак.

АҚШнинг кўпгина йирик фирмалари ишга олишдан олдин одамларнинг дунёқарашини аниқловчи тестларни ўтказишади. Масалан, «Metropolitan Life» Компанияси ишчилар орасидан оптимисларни танлаб олар, қолган 25 фоиз пессимист яъни бироз эҳтиёткор, суст инсонларни ҳатто улар соҳаларининг мутахассиси бўлган тақдирда ҳам ишга олишмас экан. Бундай ёндашиш бизда ҳам ўз аксини топмоқда. Бир куни катта бир дўкон ойнасига осиб қўйилган ёзувга кўзим тушди: «Ëши 20-30гача бўлган йигит-қизларни ишга оламиз. Асосий талаблар: мижозларга нисбатан хушмуомала бўлиш, ҳамкасбларни ҳурмат қилиш, мулоқотга осон киришиш.» Бундай хислатларга эга инсонлар кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Эндиликда бундай дунёқараш ҳар бир соҳада муҳим бўлиб қолди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top