Қадимги вақтларда табиблар беморни кўздан кечираётганда тилини кўрсатишини сўраган ва бу анъана ҳозирги кунда ҳам одатий ҳол ҳисобланади. Агарда тилни оқ рангдаги шилимшиқ парда қоплаган, бундан ташқари, яра ва пуфакчалар ҳам пайдо бўлса, бу ҳолат энтеритдан дарак беради. Тилнинг орқа қисмида оқимтир караш бўлса, ичакларда яллиғланиш жараёни бошланганини ёки колитни англаб олиш мумкин. Тилнинг олдинги қисмидаги караш гастрит белгиси, ўрта қисмидагиси гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичакда яра борлигини билдиради. Агарда тилнинг ўртаси караш билан қопланса, лекин тил учи ва четлари оч қизил рангда бўлса, ошқозонда кислота ишлаб чиқарувчи функция бузилган ёки организмда туз миқдори бузилиши содир бўлган. Тилнинг ҳамма ерини караш боғласа, ёриқлар, шунингдек, тил учида қизил доғ пайдо бўлса, ич қотиши ва ичак санчиғидан далолатдир.
Терлама ва ичбуруғда тилни ҳаворанг караш қоплаб олади. Ўт пуфаги, жигар ва талоқда муаммо туғилса , тилнинг ўнг қисми қизарган кўринишда бўлади. Тилнинг шиши В гуруҳи витаминларни мужассам этган озиқ овқатларни кўпроқ истеъмол қилиш кераклигини англатади. Шунингдек, бу кўриниш қаттиқ чарчаш ва нервларнинг яллиғланишида ҳам учрайди.
Тилнинг сарғайиши, оғиз бурчакларида йиғмаларнинг ҳосил бўлиши жигар касаллиги борлигини билдиради. Тилнинг ачишиши, пушти ранг ва силлиқлиги темир моддаси етишмаслиги оқибатида келиб чиққан камқонликдан сўзлайди. Тилнинг орқа томони кўк ёки жигарранг тус олган бўлса, кислород етишмовчилиги келиб чиққан. Бу ҳолат ўпка ва юрак учун жуда хавфли ҳисобланади. Тилнинг орқа қисми оқариб қолган бўлса, қонда эритроцитлар камайиб кетган. Қизилча касаллиги вақтида тил бутунлай қизил ва оқ доғлар билан қопланади.
Кўпчилик кишилар тишлари оппоқ бўлишини орзу қилади. Лекин улар тиш ранги соғлиқнинг қай даражадалиги ҳақида дарак беришидан бехабар. Қордек оппоқ тишлар организмда фтор моддасининг етишмаслигидан дарак бериши мумкин. Бироз сарғайган тишлар, аксинча, унинг эгаси етарли миқдорда фтор қабул қилаётганини англатади. Сут рангидаги оқ тишлар қалқонсимон безнинг гиперфункцияси белгиси, тишлардаги кулранг тус овқатда яшил сабзавотларнинг етишмаётганидан дарак беради. Шунингдек бу тусдаги тишлар жигар, ўт пуфаги , талоқ, ҳамда ошқозон ости бези касалликларида учрайди.
Баъзан мевалар ва янги чиқарилган мева шарбатларини меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, натижасида тишларимиз тўқ қизил тусга киради. Оғзимизда доимий равишда «истиқомат» қиладиган ва бизни безовта қилмайдиган замбуруғларнинг «болалаши» натижасида тишларимиз рангини ўзгартириб, тўқ яшил карашни ҳосли қилади.
Олти ойлик гўдакларнинг ёриб чиққан илк сут тишлари қорамтир ёки жигарранг тусда бўлса, демак она ҳомиладорлик вақтида тетрациклин гуруҳига мансуб антибиотиклар билан даволанган. Айтганча, ёши катта кишиларда ҳам худди шундай антибиотиклар билан даволаниш оқибатида тишлар қорайиши мумкин. Ҳар доим тишларни тозалашни унутиб қўяверсангиз, у ҳолда вақт ўтгани сайин улар тўқ жигарранг тус олиши муқаррар. Шу билан бирга тиш тошларининг ҳам пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.