Ассалому алайкум. Ҳар биримиз, айниқса ёшлигимизда йиқилганимиз, у ёқ бу ёғимизни тирнаган пайтларимиз бўлган. Кесилган жойдан қизил тусдаги суюқлик чиққан. Худди шу пайтда биз қон қизил рангда эканлигини, суюқ бўлишини, атрофдаги барча жониворлар – ит, мушук, қуш ҳатто балиқларда ҳам қон бўлишини билиб олганмиз. Қон таркибини ўрганиш қадимдан олимларни қизиқтириб келган. Хатто ёшартириш мақсадида беморларга қўй-қўзиларнинг қонини ичиришган. Бора – бора табиблар бунинг ҳеч бир фойда бермаслигини, ҳолсизланган беморларга қон ичириш эмас, томир орқали қуйиш кераклигини тушунишган. 1667 йилда франциялик олим Дени ва жарроҳ Эммериц 16 ёшли беморга янги туғилган қўзининг қонини қуйишга жазм қилишган. Аммо кўп ҳолларда шифокорларнинг ҳаракатлари зое кетган.
Инсонга фақат ўзининг қонини қуйиш кераклигини тушуниш учун олимларга қарийиб уч асрлик вақт керак бўлди. Бу муолажани 1819 йилда илк бор инглиз олими Бландел амалга оширган. Шунга қарамай, беморлар барибир ўлаверган. Фақатгина 20 асрнинг бошида олимлар ҳар бир инсон алоҳида қон гуруҳига мансублигини тушуниб етганлар. Бу ҳодиса 1901 йилда австриялик олим Карл Ландштейнер томонидан кашф қилиниб, 1930 йилда у Нобел мукофотига сазовор бўлган. Олим қуйидагича синовлар олиб борган. Агар инсон қон зардобини ҳайвон қони билан аралаштирилса қондаги қизил таначалар чўкма ҳосил қилади. Беморга ёт қон қуйилганда организм зўриқади. Бемор ана шундан нобуд бўлишини олим амалда исботлаб берган. Яъни қонимиз ўзига ёт таналардан ҳимояланади. Уларни илмий тилда антиген деб айтилади.
Турли хилдаги бактерия, микроб, вируслар, ҳатто инсон танасидаги митти ҳужайралар касаллик туфайли ўзгариб, ёт жисм яъни антиген ҳосил қилади. Қандай қилиб қон бу ишни бажара олади? Гап шундаки, қонда махсус моддалар бор. Улар антитаналар деб юритилади. Бу моддалар антиген ичига гўё қулфга калит сингари киради. Антиген билан антитана бир бутунлик ҳисобланиб, организмга ҳеч қандай зарари тегмайди. Бизни вирус, микроблар «ҳужуми»дан сақловчи ана шундай ёрдамчиларимиз бор. Баъзи антитаналар инсон қони туғилганидан бери мавжуд бўлса, баъзилари ҳаёт давомида шаклланади. Эмлаш пайтида танамиздаги янги антитаналар ҳосил бўлади. Агар инфекция организмга кирмоқчи бўлса, ҳаракатлари зое кетади. Чунки қонда унга нисбатан кучли антитана ҳосил бўлган бўлади. Олимлар қонни 4 гуруҳга ажратганлар.
гуруҳ: мазкур гуруҳ қони ҳаммага мос келади. Яъни қони биринчи гуруҳга тегишли инсон барча қон гуруҳлари учун донорлик қилиши мумкин. Аммо ўзига фақат биринчи гуруҳдаги қон қуйилади.
Гуруҳ: бу гуруҳнинг қонини учинчи гуруҳдаги инсонларга қуйиш мумкин. Аммо ўзига фақат 1-2 гуруҳ қонлари мос келади.
Гуруҳ: Бу қонни 3-4 гуруҳга мансуб инсонларга қуйиш мумкин. 3 – гуруҳнинг ўзига эса 1-3 гуруҳ қони мос келади.
Гуруҳ: юқоридаги гуруҳларнинг қонини қуйиш мумкин. Аммо тўртинчи гуруҳга мансуб инсонлар фақатгина ўзининг гуруҳи учун донор бўлиши мумкин.