MP3

Ассалому алайкум. Рут-бу аёлнинг ҳикоясини, ҳаётини ва Худо у аёл орқали айтмоқчи бўлган фикрларни ёқтираман. Бу аёлнинг ҳаёти ҳикоясини бажонидил сизлар билан ўртоқлашаман. Рут Моаблик қиз эди. Бир куни уларнинг юртига четдан, яъни Исроил халқидан бўлган бир оила кўчиб келганини эшитди. Уларнинг икки ўғли борлигини билди. Ўша ўғиллардан кичигини ҳам пинҳона севган бўлса эҳтимол. Қандай содир бўлганини билмаймиз-у аммо Рут ўша оилага келин бўлиб тушди. Кўп ўтмай у қайнотасидан жудо бўлди. Қайнотасининг ёки эри ва қайноғасининг қандай одамлар бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Биз фақат тасаввур қилишимиз мумкин ҳолос. Қайнотасининг ўлимидан кейин бир қанча вақт ўтиб, эри ва қайноғаси ҳам вафот этди. Бу оила чиндан ҳам қаттиқ тушкунликка тушиб қолган эди.

Энди оилада фақат аёллар қолган эди. Қайнонаси Наима оиласи билан ўз юртидаги қийинчиликдан қочиб бу ерга келган ва бирин – кетин келинлар олганди. Энди эса эри ва ўғилларисиз ўз юртига кетишга қарор қилди. Рут оғир-босиқ, итоаткор, мулоҳазали ва ақлли аёл бўлгани кўриниб туради. Муқаддас Каломда ёзилишича, катта келини қайнонасининг гапига кириб ўз оиласига қайтиб кетади. Рут эса қайнонасини ташлаб кетгиси келмади. У қайнонасининг: «Мана овсининг ўз оиласига қайтиб кетди, энди сен ҳам кетақол, яна бошқа ўғлим бормидики, сени унга олиб берсам», — деган гапига кўнмади. У қайнонасини ташлаб кетишни истамади. Наима бир оз муддат яна Моабда қолиб, келинининг ўз фикрини ўзгартиришини кутди.

Кейин яна ўша гапини қайтарди. Рут эса бунга жавобан: «Сиз қаерга борсангиз мен ҳам ўша ерга бораман, сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим, дейман»- деди. Бу жуда таъсирли ва энг ақлли жавоб эди. Нега бундай деганини биласизми? Муқаддас Каломдан бунга аниқ бир жавоб ололмаймиз, фақат таҳмин қилишимиз мумкин. Хўш, Рут Исроилнинг Худоси ҳақида кимдан эшитди? Албатта эрининг оиласидан. Чунки ҳар бир Исроиллик Худонинг мўъжизаларини, Унинг қандайлигини ота-бобосидан эшитиб келган. Наима ҳам қайнона сифатида келинларига ўз Худоси ҳақида кўп марталаб гапириб берган бўлиши керак. Икки келинни икки хил инсонга ўхшатишимиз мумкин. Келинлардан бири бу маълумотларни илиқ қабул қилди ва юрагига тугиб қўйди, иккинчиси эса бу маълумотларга эътибор ҳам қилмади.

Унинг юраги Худо учун ёпиқ эди. Рутнинг қайнонасига берган жавобидан, юмшоқкўнгил ва пок юракли аёл бўлганлигини билишимиз мумкин. Итоатлилигига келсак, Наима билан Исроил халқи орасига келгач, қайнонаси нимани буюрса, ўшани сўзсиз бажарди. Бутунлай ёт халқ орасига келиб, ёт халқнинг удумларини бажарди. Муқаддас Каломдаги Рут ҳикоясини ўқиган одам дастлаб буни аёллар учун, деб ўйлаши мумкин. Аммо Рутнинг шахс сифатидаги ҳислатларини таҳлил қиладиган бўлсак, бу фақат аёллар учун эмас, эркаклар учун ҳам фойдали бўлишини кўрамиз. Биз Рутнинг ҳаётидан садоқатли, итоаткор, юмшоқ қалб бўлишни ўрганишимиз мумкин. Агар Рутнинг ҳаёти ҳақида батафсил билишни истасангиз бизнинг кейинги суҳбатларимизни ҳам тинглашни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top