Ассалому алайкум. Довуд пайғамбарнинг ёш йигитчалик пайтини тасаввур қилинг. У оилада кенжа ўғил эди. Ибронийларнинг удумларига кўра одатда катта ўғилга кўпроқ эътибор, ҳурмат кўрсатилади. Катта ўғил ҳамма нарсадан кўпроқ улуш олади. Бошқа ўғиллардан кўра катта ўғилнинг ҳиссаси катта бўлади. Бироқ нега Худо ҳақидаги билимларга келганда Довудда акаларидан ҳам кўра кўпроқ нарса биларди. Балки у акаларидан кўпроқ билмаган бўлиши мумкин, аммо билганларига ишонган ва амал қилган. Нега Худо Ишайнинг кенжа ўғли Довудни танлади? Унинг юраги, унинг ўйлашлари, софлиги, юрагининг ҳолати Худога жуда маъқул келди. Шунинг учун ҳам Худо Шоулни шоҳ сифатида рад этганида унга шундай деган эди: «Мен сенинг ўрнингга бошқа бир одамни, Ўз кўнглимдагидай бир одамни танладим», — деган эди.
У ёш йигитча сифатида қалби пок, Худони севар ва Унга ишонар эди. Шунинг учун ҳам Филистийлар билан Исроил халқи тепаликда турганида, Довуд қўрқмай, Худо номи билан Гўллиётга қарши чиқди. Унга қарши чиқиш учун юракда Худога нисбатан катта ишонч ва муҳаббат бўлиши керак эди. Довудда айнан шу нарсалар бор эди. У Худони севгани учун Уни ҳақорат қилишига чидаб туролмади. Ўзини ҳимоя қилишига ишонгани учун ҳам девдай аскар билан олишувга чиқди. Бу ҳолат бизнинг ҳаётимизда ҳам бўлади. Қандай дейсизми? Ҳозир Гўллиётлар йўқ. Аммо муаммоларимиз ва бизга қарши бўлганлар бор. Агар Гўллиётни ҳаётимиздаги муаммойимиз деб тасаввур қиладиган бўлсак у жуда улкан. Биз енга олмайдиган даражада улкан. Биз ўзимизга ва муаммойимизга қарайдиган бўлсак у жуда катта. Биз албатта ўз кучимиз ва ҳаракатларимиз Билан уни енголмаймиз, бироқ муаммойимиз Худодан ҳам катта эмас.
Худонинг номи билан, Худога ишонган ҳолда муаммо қаршисига чиқсак ва у билан жанг қилсак, албатта енгамиз. Ҳаётимиздаги муаммолар тугамайди. Фақат уларга қандай фикрда бўлишимиз ва қандай енгишни билишимиз керак ҳолос. Агар олдимизда турган баҳайбат муаммога Худонинг назари билан қарасак, уни енгишимизда Худованд куч беришига ишонсак, енгамиз. Довуд ҳам шундай қилган эди. У Худонинг номи билан Унга бўлган имони туфайли Гўллиётни енгди. Биз Муқаддас Каломдан Довуднинг акалари ҳақида кўп нарса билолмаймиз. Чунки у ерда уларнинг кучли ва хушрўй бўлганларидан бошқа маълумот ёзилмаган.
Отаси Ишай ҳамма ўғилларига бирдай Худо ҳақида ўргатгандир, балки фақат Довдга кўпроқ эътибор қилиб, унга Худо ҳақида кўпроқ гапиргандир. Буниси бизга қоронғу. Бироқ шуниси маълумки, ҳар бир иброний ўз фарзандларига Худонинг қилган ишларини айтиб берган. Фақат Довуд бу ҳикояни чин дилдан юрагига қабул қилган ва Худога ишониб, ҳаёт кечирган. У отасига итоаткор, қатъиятли, Худога меҳри буюк, камтар ва шу билан бирга юрагида ўти бор жангчи ҳам бўлган. Акаларининг уни менсимай айтган гапларига ҳам ёмон жавоб қайтармади. У акаларини ҳурмат қилганини шундан кўриш мумкин. Мана энди Худо нима учун уни: «Ўз кўнглимдагидай одамни топдим», — деганини билиб олдингиз. Худо кўнглидагидай одам камтар, садоқатли, меҳрибон, ва пок бўлиши керак.