MP3

Ассалому алайкум. Кўнгил инсоннинг қандай эканини намоён қилади. Инсоннинг кўнгли қандай бўлса, унинг ҳарактери ҳам, ҳаракатлари ҳам шундай бўлади. Муқаддас Каломда яхши дарахт ширин мева беради, деб ёзилганидек, инсонинг кўнгли нимага тўлиб тошса, ҳаракатлари ҳам ўшани кўрсатади. Довуднинг ҳаракатлари унинг кўнглининг тозалигини кўрсатиб турарди. У Худо номи билан ўзидан икки уч баробар катта бўлган жангчи билан курашди. Худо Шомуил пайғамбарга: «Мен Шоулдан воз кечдим, энди Исроилни бошқариш учун бошқа бир одамни, ўз кўнглимдагидай бир одамни топдим. Бор, Ишай деган одамнинг уйига бор, Мен унинг ўғилларидан бирини шоҳ қилиб танладим», деганда Довуд ўсмир йигитча эди.

Муқаддас Каломда унинг неча ёшда эканлиги ёзилмаган. Бироқ биз тасаввуримизга таяниб унинг таҳминан 14-15 ёшларда эканини билишимиз мумкин. Ишай ҳар сафар Шомуилга бир ўғлини кўрсатганида, Шомуил ўз кўнглида: «Бу ўша бўлса керак», деб ўйларди. Лекин Худо ҳеч ким кутмаган бир болакайни, Довудни Исроилнинг шоҳи бўлиши учун танлади. У икки юзи қизарган, қотмадан келган, озғинроқ, бир болакай бўлган бўлиши керак. Чунки ҳар доим далада қўй боқиб юрган бола шундай бўлади. Шомуил Худо бу болакайни танлаганида жуда ҳайрон бўлганди. Нега дейсизми? Ахир уни олиб келтириш учун далага одам жўнатишганди. Ўша пайтда у қўй боқиб юрган, қайтганида эса кийимларини алмаштириш учун вақти ҳам бўлмаган бўлса керак. Чунки Шомуил: «Ўғлинг келмагунча дастурхонга қўл урмайман», деган эди, Ишайга.

Энди тасаввур қилинг, кир, кийимидан тезак, қўй, ва тер ҳиди анқиб турган боланинг келажакда шоҳ бўлишини билиб Шомуил чиндан ҳам ҳайратланган. Бироқ, бир нарсага диққат қилинг. Худо инсонинг ташқи қиёфасига эмас, унинг юрагига қарайди. Шомуил ҳам пайғамбар бўлгани билан оддий одам эди, у ҳам ҳар сафар Ишайнинг бир-биридан ўктам, бақувват, ноғул ўғилларини кўрганида: «Эгам танлаган одам мана шу бўлса керак», деб ўйларди. Аммо Худо уларни рад этди. У Шомуилга: «Мен унинг ташқи томонига эмас қалбига қарайман», деганидан сўнг Худонинг донолиги ва марҳаматига қойил қолди.

Довуд шоҳ қилиб тайинланди. Ўша пайтдан бошлаб то тахтни эгаллашигача орадан таҳминан 15-16 йил вақт ўтди. Нега? Нега шоҳ бўлиб танланган бола шунча кутиши керак? Ахир у Худога маъқул келди-ку?

Худонинг Довуд ҳаётида Ўз режаси бор эди. Ўсмир болакай буни билмаган бўлса ҳам, Худога итоаткорона бош эгди. Унда манманлик, кеккайиш каби ҳислатлар бўлмаган. У ўзининг келажакда Шоулнинг ўрнига шоҳ бўлишини билса-да, итоаткорлик ва садоқат билан Шоулга хизмат қилган. Бизнинг ҳаётимизда ҳам Худонинг ўз режаси бор. Худо бизда бирор ишни амалга оширмоқчи экан, бунинг учун бизни маълум бир вақт давомида ўша ишга тайёрлайди. Худо шошқалоқ эмас. Биз эса ҳамма ишни тезроқ битишини истаб шошамиз. Худо эса ҳар бир ишни ўз вақтида бажаради. Худо бизнинг ҳаётимизга қандай воқеаларни қўйса, итоаткорлик билан ўша ҳолатларда ўтишимиз керак, чунки уларнинг бари бекорга эмас. Каломда ёзилганидек, Худони севганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади. Хурсандчилик билан яшашда давом этинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top