MP3

Ассалому алайкум. Худо йиллар давомида Довудни тайёрлади. У ўсмирлигида шоҳ бўлиш учун танланган бўлса то тахтни эгаллагунга қадар орадан анча вақт ўтди. Бу пайт давомида у саройда Шоулга хизмат қилди. Нега? Чунки келажакда шоҳ бўладиган одам саройнинг қонун қоидаларини билиши керак эди-да. Ундан ташқари Шоулнинг ҳаракатларини мулоҳаза қилиб кўриб хулоса чиқаришни ўрганди. Дўст орттирди. Дўсти Йўнатан шоҳ ўғли бўлишига қарамай, келажакда Довуднинг шоҳ бўлишини билиб, унга ўз шоҳона кийимларини ҳадя қилди. Унга ўз дўстлигини таклиф қилди. Исо Масиҳ ҳам бизга шундай қилмадими? У биз учун жонини берди. Бизни Худо билан яраштириш учун хочдаги ўлимга рози бўлди. Осмон шоҳлигининг аъзолари бўлишимиз учун биздаги ифлос кийимни олиб ташлаб, покиза ва шоҳона кийимни – солиҳлик кийимини ҳадя қилди.

Довуд билан шоҳ ўғли Йўнатаннинг муносабати худди биз билан Исо Масиҳнинг муносабатига ўхшайди. Йўнатан кўп марта Довудга ёрдам қилди. Шоул ғазаб ва ҳасаддан уни ўлдирмоқчи бўлганида отасидан яшириб Довудни қочириб юборди. Бир неча йиллар Шоулдан яшириниб юрди. Ўша йиллар унинг учун осон бўлмагани аниқ. Нега Шоул мени ўлдирмоқчи? Мен унга қандай ёмонлик қилдим? Аксинча, унга садоқат билан хизмат қилмаяпманми? Каби саволлар уни қийнаган. Ҳар доим Шоулдан яшириниш, бошпана, егулик топиш қийин кечди. Довуд халқ орасида ҳали Гўллиёт билан жанг қилгандаёқ машхур бўлиб улгурганди. Шунинг учун ҳам Довудга эргашадиганлар ҳам топилди. Худо Довудни ёлғизлатиб қўймади. Унга тўғри келадиган, садоқатли ҳамроҳлар берди. Қийин дамларда ёнингизда далда бўладиган одамнинг бўлгани қандай яхши.

Довуднинг ҳаётида ҳам шундай қийин дамлар бўлаётган эди. У доимо ҳадик билан яшади. Бир жойда узоқ вақт қололмасди. Уларнинг янги яширинган жойлари Шоулга етиб бориши билан шоҳ уларни таъқиб қиларди. Ҳадик билан яшаш ва кўчиб юришлар уни ҳолдан тойдирарди. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам Худо унга мададкор бўлди. Уни омон сақлади. Келажакда тахтга чиқиши учун омон сақлади. Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай. Худо биздаги режаларни амалга ошириши учун бизни тайёрлаш баробарида, бошимизга тушадиган ҳар қандай кўнгилсизликлар чоғида зарур нарсалар билан таъминлайди. Бизга дардкаш бўладиган инсонларни ҳам, қийинчиликлар чоғида керак бўладиган далда-ю кучни ва сабр-қаноатни ҳам беради. Юқорида санаб ўтилган нарсалар билан биз ҳаётимизда учрайдиган қийинчиликларни енгиб ўтамиз.

Худо Довудни ҳамроҳсиз қолдирмаганидек, қийин дамларимизда бизга ёрдам берадиган кишиларимиз бўлади. Бундан асло шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади.

Довуд ва унинг одамлари ғорларда, қишлоқларда, адирларда тунаб, кун кечириб юришарди. Шоулга унинг янги манзилини хабар қилишди. Шоул бир нечта аскарлар билан Довудни излаб топиш ва ўлдириш учун йўлга отланди. Тасодифан Шоул зарурат юзасидан Довуд ва унинг одамлари яширинга ғорга кирди. Довуд учун энг қулай вақт туғилганди. У ўша ерда Шоулни ўлдириши мумкин эди. Бироқ нега ундай қилмаганини Довуднинг одамлари ҳам тушунмади. Довуд бағрикенг инсон эди. У Худо танлаган шоҳга қўл кўтаришга қўрқарди. Худо уни танлаган экан, то Ўзи олиб ташламагунча, унга қўл кўтара олмайман, деб ўйларди. У тўғри ўйлаган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top